"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9384 +323.00
  • 1 EUR = 10393.7 +300.90
  • 1 RUB = 140.14 +1.53

ЕPГА МЕҲP БЕPИНГ, ХАЗИНА ТОПАСИЗ

Томорқам – хазинам, деб бежиз айтилмаган. Шунинг учун ҳам хазинаки, томорқа ер эгаси хонадон ҳудудида эркин меҳнат қилади, ўзи истаган деҳқончилик тури билан шуғулланади, кўнглидаги ҳосилни етиштиради, эҳтиёжидан ортганини бозорга олиб чиқади. Ер эгаси – томорқа хўжалиги – бозор структураси ҳар кимнинг оиласига даромад келтиради, даромади ошган сари оила бюджети барқарорлашиб бораверади, фаровон турмуш тарзи шаклланади. Шунинг учун ҳам Президентимиз бу ҳақда деярли ҳар куни гапираяпти, жон куйдираяпти. Халқимиз бой бўлсин, турмуш шароити яхшилансин, деган мақсадда ҳар бир вилоятга борганларида, энг аввало аҳолининг томорқа ерларидан қандай фойдаланаётганларига алоҳида эътибор қаратаётир.

Туманимизда ҳам ер билан тиллашиб, унинг ҳар бир қаричидан унумли фойдаланиб, томорқа хўжалигини мўл-кўл даромад манбаи – хазинага айлантираётган деҳқонлар талайгина. Уларнинг томорқа ерларида режали иш юритишлари, вақтида экин экиб, етиштирган маҳсулотларини ўз муддатларида йиғиштириб олишлари, ҳатто такрорий экин экиб, кўнгилдагидай ҳосил олишлари учун, албатта, энг аввало етарли шарт-шароитлар зарур.

Бу ҳақда гап кетганида, давлатимиз томонидан яратиб берилаётган ҳуқуқий асослар, туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши томонидан амалга оширилаётган ишлар, берилаётган йўл-йўриқлар муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлаш жоиз.

Туман ҳокимининг 2019 йил 20 февралдаги фармойиши билан аҳоли томорқа ерларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳи тузилди. Ишчи гуруҳи туман бўйича хатлов ўтказиб, деҳқон хўжаликлари, аҳоли томорқалари ҳолатини ўрганди. Ўрганишлар жараёнида кам таъминланган хонадонлар ер эгаларининг талаб ва истаклари, ҳудуднинг иқлим, ер, сув шароитларидан келиб чиқиб, аҳоли томорқа ерларида баҳорги экин экиш ишларини ташкил этиш бўйича режавий жадвал ишлаб чиқилди. Унга кўра, 2019 йил баҳор мавсумида аҳоли томорқа ерларида 496 гектар эртаги сабзи, 210 гектар пиёз, 152 гектар саримсоқ пиёз, 450 гектар бодринг, 30 гектар ҳар хил кўкатлар, 596 гектар эртаги картошка, 1250 гектар полиз экинлари, 550 гектар помидор ва 565 гектар бошқа зарурий экинлар экиш белгиланди. Шунингдек, ОФЙ ва МФЙлар кесимида аҳоли томорқаларида боғлар ташкил этиш мақсадида 14223 та хонадонга 157184 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатларини жойлаштириш режалаштирилди. ОФЙ ва МФЙлар кесимида тузилган ишчи гуруҳлари хонадонма-хонадон кириб, томорқа ерларидан фойдаланишнинг айни кунлардаги ҳолати билан яқиндан танишдилар. 11 март кунигача 31277 та хонадонда экин экиш, кўчат ўтқазиш ишларининг бориши кузатилганда, айрим ҳудудларда камчиликлар мавжудлиги аниқланди. Яъни, 3740 гектар томорқа ерлари экишга тайёрланган. Кўпчилик хонадонлар эртаги полиз ва сабзавот экинлари экиш, кўчатлар ўтқазиш ишларини кўнгилдагидай ташкил этишган. 1591 гектар ерга эртаги сабзавотлар экилиб, 135178 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилган. Лекин 560 та хонадонда томорқа ерларини экишга тайёрлаш бўйича бирорта ҳам иш қилинмаган. Бу борадаги ишларнинг боришини ҳудудлар кесимида кўрадиган бўлсак, биринчи сектор бўйича 218 та хонадон томорқа эгаларига, иккинчи сектор ҳудуди бўйича 292 хонадон томорқа эгасига, учинчи сектор ҳудуди бўйича 233 та, тўртинчи сектор ҳудуди бўйича 137 та, туман бўйича жами 879 та хонадон томорқа ер эгаларига ерга нисбатан лоқайд муносабатда бўлганликлари учун огоҳлантиришлар берилди.

Томорқа хўжалиги иқтисодий барқарорлигини таъминлашда иссиқхоналар фаолиятини йўлга қўйиш муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, туманимизда тадбиркорларни жалб қилган ҳолда иссиқхоналар ташкил этиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилди. Хусусан, мазкур йилда Қиличбой овулидаги “Амирхон” фермер хўжалигида 2 гектар, Қипчоқ овулидаги “Амударё мева-сабзавотчилик илмий-тажриба кластери” МЧЖда 10 гектар, Ўрта қалъа овулидаги “Эрманов Ўрозбой” фермер хўжалигида 2 гектар, Қиличбой овулидаги “Pажапов Омонбой” фермер хўжалигида 2 гектар, Тошёп овулидаги “Озодов Мусабек” фермер хўжалигида 1 гектар, Назархон овулидаги “Худойберганова Амангул” фермер хўжалигида 1 гектар, Қиличбой овулидаги “Эркинбой Қўзибоевич” фермер хўжалигида 1 гектар, Ўрта қалъа овулидаги “Манғит теплица” фермер хўжалигида 1 гектар, туман бўйича жами 20 гектар майдонда тадбиркорларнинг ўз маблағлари ва банк кредит маблағлари ҳисобидан иссиқхоналар ташкил этилиши режалаштирилди. Шуниси эътиборлики, мазкур иссиқхоналарнинг 6 таси лимончиликка ихтисослаштирилган бўлиб, умумий ер майдони 10 гектарни ташкил этади.

Айни кунларда туманимиздаги моҳир томорқа ер эгалари баҳорги экиш-тикиш ишларини аллақачон ниҳоясига етказдилар.

Биз ижодий гуруҳимиз билан Холимбег овулида бўлганимизда Эркинбой оға Қўшаевнинг томорқасида барча юмушлар рисоладагидай амалга оширилганини кўриб, кўзимиз қувонди.

Эркинбой Қўшаевнинг томорқа ер майдони 42 сотих экан. Экин экиб, ундан мўл ҳосил етиштиришнинг ҳадисини олган Эркинбой оға ҳисоб-китобга ҳам жуда пухта эканлар. Биз, тўғриси, моҳир томорқачининг уч йил давомида ўз еридан ундирган ҳосили-ю олган даромади ҳисоб-китоби билан танишиб, ҳавасимиз келди. Сиз ҳам бир эътибор беринг-а!

Эркинбой Қўшаев 2016 йилда 20 сотих ердан 3 тонна картошка ва пиёз олган. Соф фойда 5 млн. сўм! Помидор ва бодрингдан эса 5,4 млн. сўм соф фойда кўрган! 2017 йилда қўшимча ер олиб, 35 сотих майдонда фақат картошка ва пиёзнинг ўзидан 8,5 млн. сўм даромад олган, соф фойда 7 млн. сўмни ташкил этган. Атиги 0,5 сотих помидордан салкам 4 млн. сўм, 0,3 сотих ердаги бодринг ҳосилидан 4,7 млн. сўм соф фойда олганлар.

Халқимиз “боғни боқсанг, бор бўлади, ботмон даҳсар ёғ бўлади”, деган ҳикматли иборани билиб айтган. Эркинбой Қўшаевнинг 2018 йилда томорқа еридан олган даромади янада ошди. Фақат картошка ва пиёзнинг ўзидан 11 млн, помидордан 5,2 млн, бодринг етиштиришдан 6 млн. сўм соф даромад олган бўлса, боғдорчиликдан келган фойда янада юқори бўлди. Ўрик, гилос, узум, нок ва олма етиштиришдан Эркинбой оғанинг хонадонига жами 12,75 млн. сўм соф даромад кириб турганини кўрсангиз, томорқа – бу хонадон учун ҳақиқий хазинага айланиб кетганига ишонишингиз табиий.

Бу ёғини сўрасангиз, Эркинбой Қўшаевнинг қўрасида 5 бош қорамол, шундан 2 бош қорамол соғин сигир, 35 бош қуён, 50 та хонаки парранда, 15 бош зотдор курка парваришланаётганини ҳисобга олсак, Холимбегдай туманимизнинг чекка қишлоғида яшаб ҳам ер билан тиллашиб, бой-бадавлат бўлиш, аввало инсоннинг ўзига, тадбиркорлигига, фидойилигига боғлиқ эканлигини англаб етасиз.

Демак, азизлар, эшигингиз олдидаги кафтдек ер – шунчаки ер эмас, агар меҳр берсангиз, ихлос билан ер табиатига монанд иш юритсангиз – у Сизнинг ҳақиқий хазинангизга айланади. Буни унутманг ва ерга меҳр беринг, меҳр кўрасиз, хазина топасиз, бой бўласиз!

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: