"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9411.3 +15.37
  • 1 EUR = 10421.1 +60.40
  • 1 RUB = 146.51 +3.04

ГИМНАСТИКАЧИ ҚИЗЛАP ЮТУҚЛАPИ

Спорт инсонни ҳар томонлама чиниқтиради. Ёшликдан спорт билан шуғулланиш болани мустақил бўлишга ундабгина қолмай, ўзига ишончини ошириб, қатъият ва мардлик хусусиятларининг шаклланиши, ғалабага интилиши, мустаҳкам иродага эга бўлиши учун пухта замин яратади. Гимнастиканинг барча турлари инсонда мана шундай хусусиятларнинг мустаҳкамланишида муҳим ўрин тутади. Мазкур спорт тури билан шуғулланиш нафақат инсоннинг жисмоний гўзаллигини шакллантиради, балки унинг феъл-атвори, энг яхши фазилатларини ривожлантиради, иродасини чиниқтиради, олдига қўйган мақсадига эришишга интилишини кучайтиради.

Туманимиздаги Болалар-ўсмирлар спорт мактабида ҳам ушбу спорт тури билан шуғулланиш учун етарли шароит яратилган бўлиб, уларда ёшлар гимнастика билан мунтазам шуғулланишмоқда. Мактабдаги бадиий гимнастика гуруҳида бугунги кунда 114 нафарга яқин 6 ёшдан 16 ёшгача бўлган спортчи қизларга 4 нафар малакали мураббийлар сабоқ бериб келишмоқда. Маҳоратли мураббийлардан гимнастика сирларини ўрганаётган спортчи қизлар турли мусобақаларда иштирок этиб, совринли ўринларга эга бўлишмоқда. Натижада спортнинг айнан шу тури билан шуғулланиш истагида бўлган қизлар спорт мактабига янада кўпроқ ташриф буюриб, уларнинг сафлари тобора кенгаймоқда.

Спорт мактабининг бадиий гимнастика гуруҳидаги моҳир спортчилар Маҳлиё Тоирова, Сарвиноз Эрмакова, Асалой Арабоваларни ҳам ота-оналари кичик ёшдан шуғулланишга олиб келишди. Гимнастика залида уларга дастлаб чаққонлик, нафосат, қоматни тик тутиш, тўғри қадам ташлаш каби машқларни бажариш ўргатилди. Кейинчалик эса арғамчи, тасма, тўп, халқа каби жиҳозлардан фойдаланишни, ишлатишни ўрганишди. Шу билан бирга оилада ҳам уларга алоҳида эътибор қаратилиб, машқларни такрорлаб туришларига, ўрганганларини мустаҳкамлаб боришларига имконият яратиб берилди. Натижада бу маҳоратли гимнастикачи қизлар турли мусобақаларда фаол иштирок этиб, ютуқларга эришишди ва нафақат туманимиз, балки бутун Pеспубликанинг фахрига айланишга улгурди.

Яқинда Тошкент шаҳрида бадиий гимнастика бўйича 9-12 ёшдаги қизлар ўртасида мамлакат миқёсида энг иқтидорлиларни аниқлаш мақсадида ўтказилган “Қиш эртаги” турнирида спорт мактабимизнинг бадиий гимнастика гуруҳи тарбияланувчилари ҳам иштирок этишиб, ғолиб бўлиб қайтишди. Мактабимизда ушбу жозибадор спорт турини мукаммал ўзлаштираётган гимнастикачи қизлардан Маҳлиё Тоирова турнирда 10 ёшлилар ўртасида 1-ўринни, Сарвиноз Эрмакова 12 ёшлилар ўртасида 2-ўринни, Асалой Арабова 9 ёшлилар ўртасида 2-ўринни қўлга киритишга муваффақ бўлдилар. Ўз чиқишларини маҳорат билан ижро этган иқтидорли спортчи қизлар олтин, кумуш медаллар билан қайтдилар.

Мамлакатимизда спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани туфайли спортнинг бошқа турлари қаторида бадиий гимнастика ҳам тобора оммалашиб бормоқда. Спорт мактабимизда яратилган имкониятлардан самарали фойдаланаётган ва спортда юқори чўққиларни забт этишга қодир иқтидор эгалари кўп. Улар ўзларининг ортидан яна минглаб қизларни соғлом турмуш тарзи сари етаклаш билан бирга нуфузли мусобақаларнинг совриндорлари бўлишга ҳам интилишмоқда.

Маъмура Матёқубова, туман БЎСМ

бадиий гимнастика гуруҳи мураббийси.

Янгиликни бўлишинг: