"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8374.1 -18.96
  • 1 EUR = 9410.81 -136.15
  • 1 RUB = 126.18 -1.32

ҲАЗPАТИ АЁЛ (Азиз ва муҳтарама аёл-қизларга)

Жисмида оламнинг кўрки мужассам,

Ҳар сўзи дилларга мўмиё – малҳам.

Шунчалар мўътабар, азиз, мукаррам,

Ёритар кўнгиллар зулматларин ҳам.

Онажоним менинг, ҳазрати Аёл!

 

Кўксига бош қўйиб улғаяр ҳаёт,

Кўнгил чашмасидан сув ичар ҳаёт.

Дунёлар пойида барқ урар, ҳайҳот,

Ўшал дунёларга сингган нур – баёт –

Инсоният умрин зийнати – Аёл!

 

Не дейин, онам, деб, кўтаринг бошга,

Бағрингизни босинг, бағри оташга.

Бундайин кенглик йўқ, меҳр йўқ бошқа,

Жисмингиз бахш этиб яшанг қуёшга –

Мангу тирикликнинг қудрати – Аёл!

 

Кўнгиллар баъзида ғамга ботганда,

Армонлар юракда тошдай қотганда.

Тақдир ҳаловатнинг йўлин ёпганда,

Қўлингизни беринг қўлин тутганда.

Ҳар дилнинг мадори, қурбати – Аёл!

 

Ким уни фариштам, малагим, деди,

Pуҳи зуволамда юрагим, деди.

Дилда муҳаббатим, тилагим, деди,

Икки дунёда шод юрмагим, деди –

Жаннатий орзулар суврати – Аёл!

 

Пойига тўкилиб ўтди даҳолар,

Мадҳига тополмай лойиқ баҳолар.

Ҳамон ишқ мулкида кезиб саҳролар,

Неча кўнгил яшар бўлиб адолар –

Меҳр-у ишқ, садоқат сийрати – Аёл!

 

Фасллар айланиб, ёз – кузга дўнар,

Йилларнинг заҳмати юз-кўзга инар.

Бошларга оппоқ қор, қировлар қўнар,

Фақат бир юракда баҳор уйғонар –

Қалбларнинг ҳаяжон, ҳайрати – Аёл!

 

Қаранг, баҳор келди Ватанга! Баҳор!

Боғ-роғлар, саҳролар бағрида виқор.

Онадай ҳокисор, сингилдай бедор,

Фидойи онларда не ўхшашлик бор?

Ё кўклам сийрати, ғайрати – Аёл!

 

Кўрдингизми унинг ҳайбатларини,

Ойбарчин сиёқли келбатларини.

Жисмидан ундирган алп, мардларини –

Аҳли жаҳон танир фарзандларини.

Ватаннинг қадди сарв савлати – Аёл!

 

Ҳурматин, иззатин бошимга қўйиб,

Соғинчлар комида ўзимни йўйиб.

Меҳрим гулларидан хирмонлар уйиб,

Мадҳ этдим Pобия, онамдай суйиб –

Сизгадир эл-юртнинг ҳурмати – Аёл!

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: