"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8374.1 -18.96
  • 1 EUR = 9410.81 -136.15
  • 1 RUB = 126.18 -1.32

АМУДАPЁЛИК ЎҚУВЧИ ҚИЗ – ЎЗБЕКИСТОНДА БИPИНЧИ!

Болалик эртаклар сеҳрига тўла юлдузли тунлари билан гўзал. Мунирахон Аминова ана шундай, бири-биридан сирли-синоатли эртаклар дунёсида  улғайиб, ўз эртаклар оламини ҳаётга айлантириш орзусида яшаётган қизалоқ. У Жумуртовдаги саноат корхоналаридан бирида ишловчи дадаси Pуслан Абдуллаевнинг куч-қудрат ва жасоратга ундовчи ҳаётий ҳикоялари, онаси Инобат Ўрозимбетованинг ҳалоллик, поклик ва тўғрисўзлик, самимийлик мавзусидаги эртаклари сеҳрида улғайди.

60-сонли мактабнинг 1-синфига борганида Мунира  ёшига  нисбатан анча ақлли, интилувчанлиги билан тенгдошларидан ажралиб турарди. Ўқиш ва ёзишни ўргангач, у яхшилик, эзгулик, билимнинг хосиятлари ҳақида ўз эртакларини ёзди.

У улғайган сари эртаклари ҳам, шеърлари ҳам маъно ва мазмун жиҳатидан бойиди. 2018 йил Мунира Аминова учун қувончли лаҳзаларни ҳадя этди.

– Ўқувчи-ёшларга “Момомнинг сандиғи” эртаклар танлови ўтказилишини айтганимда, Муниранинг кўзлари қувончдан яшнаб кетди,  –   дейди мактабнинг маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари Бўтакўз Худойберганова. – Кўрик-танловнинг мактаб босқичида кўплаб ўқувчилар ўз эртакларини ёзишди. Мунира Аминова ёзган эртаклар, тўғриси, бизни ҳайрон қолдирди.

У мактаб ғолиби сифатида танловнинг ҳудудий босқичида иштирок этди ва яна ғолиб бўлди. Кўрик-танловнинг туман босқичи Мунира учун яна омад келтирди. 82 та умумтаълим мактаблари ўқувчи-ёшлари орасида Мунира Аминова яна ғолиб бўлди ва Қорақалпоғистон Pеспубликаси босқичига йўлланма олди.

Pеспублика босқичига қизғин тараддуд кўрган Мунирахон Аминова Қорақалпоғистон Pеспубликаси умумтаълим мактабларининг юзлаб эртакчи болалари орасида ўзининг ўткир маъно-мазмунга бой, одоб-ахлоқ, китобхонлик ва ватанпарварликни тараннум этувчи эртаклари билан мутлақ ғолибликни қўлга киритди.

– Менга Тошкент шаҳрига, Ўзбекистон миқёсидаги беллашувга йўлланма берилганлигидан жуда қувондим, – дейди Мунирахон. – Тенгдошларим ва катталар ҳаётини кузата бошладим. Кўплаб эртаклар ёздим. Лекин менинг эртакларим кўрик-танловнинг мамлакат босқичи ҳакамларига манзур бўлади, деб ҳеч ўйламагандим. Ахир у ерда ишимизни жуда обрўли олимлар ва ёзувчилар баҳолашади-да.

Мамлакат босқичида  Мунира Аминованинг “Икки қарға” эртаги “Момомнинг сандиғи” Pеспублика  кўрик-танловининг энг яхши ижодий иши деб топилди ва 1-ўринга лойиқ кўрилди ҳамда кўрик-танловнинг 1- даражали дипломи, 10 дона ноёб китоблар жамланмаси, ташкилотчи вазирлик ҳамда масъуллар томонидан фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.

Айни кунда Мунира 60-сонли мактабнинг 6-синфида аъло баҳоларга ўқимоқда. Биз ёш, иқтидорли ижодкор қизимизга янада янги парвозлар, истиқболли орзулар тилаймиз.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: