"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9547.05 -3.76
  • 1 EUR = 10585.8 -35.50
  • 1 RUB = 155.06 -1.59

НИКОҲЛАНУВЧИ ШАХСЛАP СОҒЛИГИ МУСТАҲКАМ ОИЛА КАФОЛАТИ

Туман тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли поликлиникасида никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш учун махсус хона ажратилиб, компьютер билан жиҳозланган ва никоҳланувчи шахслар тиббий кўрик карталари ва ОИВга текширудан ўтиш учун розилик варақаси билан таъминланади. Мутахассислар иштирокида никоҳланувчи шахсларга тиббий кўрикнинг аҳамияти тўрисида ҳамда ўтказилган тиббий кўрик ҳажми, қоидалари ва тиббий кўрикдан ўтиш муддатлари ҳақида маълумотлар берилади. Бу ерда ОИТСга қарши таҳлиллар учун махсус “Ишонч хонаси” ташкил этилган ва мутахассислар, тегишли асбоб-анжомлар, ОИТС лабораторияси эса махсус асбоб-ускуналар, ВИЧга тест препаратлари билан тўлиқ таъминланган. Тиббий кўрикни самарали ташкил қилиш учун ихтисослик бўйича олий ва биринчи тоифали шифокорлар ва мутахассислар бириктирилган. Улар даврий равишда малака ошириш курсларида касб маҳоратларини ошириб бормоқдалар.

Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказишда уларни рўйхатга олиш, журнали юритилади ва бу журналда уларнинг исм-шарифлари, туғилган йиллари, манзили, ФҲДЁ органлари томонидан берилган йўлланма санаси, тиббий кўрикдан ўтиш учун мурожаат қилинган сана, тиббий кўрик якунланган сана ва маълумотнома берилган сана, келин-куёв имзолари қайд қилинади. Мурожаат қилган никоҳланувчи шахсларга алоҳида тиббиёт варақаси юритилади, бу тиббиёт варақасида тегишли мутахассислар ва шифокорларнинг тиббий кўрик хулосалари қайд қилинади.

Ўтган 2018 йилда 3145 нафардан зиёд никоҳланувчи шахс тиббий кўрикдан ўтказилди. Касаллиги аниқланган шахслар тегишли мутахассисларга даволашга йўналтирилди. Шуниси эътиборлики, тиббий кўрик натижалари, текшириш хулосалари ошкора қилинмайди, яъни махфийлиги сақланади. Муассасада 2018 йил давомида тиббий кўрик хулосасидан ҳеч ким норози бўлмади. Чунки никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказишда қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган текшириш ҳажмига ва текшириш муддатларига қатъий риоя қилинади.

Аҳоли орасида никоҳдан олдинги кўрикдан ўтказишнинг муҳимлиги юзасидан тумандаги умумтаълим мактаблари, лицей ва коллежларда, ОФЙ ва маҳаллаларда, корхоналарда туман Тиббиёт бирлашмаси Саломатлик маркази, туман хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда доимий равишда учрашувлар, суҳбатлар, маърузалар ташкил этилиб, маҳаллий нашрларда ва маҳаллий ТВда чиқишлар қилинаётгани боис, 2018 йил давомида бу борада муаммолар кузатилмоқда. Тиббий кўрик аҳамияти ва текширув ҳажмига киритилган касалликлар ҳақида 60 дан зиёд суҳбатларда аҳоли ва ёшларга никоҳ масалаларига оид буклетлар тарқатилиб, 40 дан ортиқ илмий-амалий маърузалар ўқилди. “ОИВ инфекцияси тўғрисида нималарни билиш керак” мавзусида салкам 1200 га яқин буклетлар тарқатилиб, 3000дан ортиқ никоҳланувчилар билан суҳбатлар ўтказилди.

Эрта никоҳнинг ва яқин қариндошлар орасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари, тиббий кўрикнинг аҳамияти ва текширув ҳажмига киритилган касалликлар ҳақида маҳалий Аму ТВ ижодкорлари билан ҳамкорликда Иқтисодиёт касб-ҳунар коллежида туман ФҲДЁ органи ходимлари иштирокида учрашув ўтказилди.

Оилалар мустаҳкамлиги, фарзандлар баркамоллиги, энг аввало саломатликка боғлиқдир. Шунинг учун ҳам никоҳланувчи шахсларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, уларнинг жамиятда соғлом оила сифатида шаклланишларини таъминлаш барчамизнинг зиммамиздаги масъулиятли вазифадир. Бу вазифани сидқидилдан адо этиш ҳар биримиз учун муқаддас ва шарафли бурч эканлигини унутмаслигимиз керак.

Ш. БОЛТАБОЕВ, Кўп тармоқли поликлиника мудири.

Ҳ.САБИPОВ, никоҳланувчи шахсларни

тиббий кўрикдан ўтказиш бўйича масъул ходим.

Фото: soglom.uz

Янгиликни бўлишинг: