"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8535.74 +16.32
  • 1 EUR = 9566 -86.52
  • 1 RUB = 132.57 +0.67

Хотин-қизлар қўмитаси жойлардаги бошланғич ташкилотлар фаолиятини кучайтирмоқда

Хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини ҳамда ишловчи хотин-қизларнинг давлат ва жамоат ташкилотларида олиб бораётган меҳнати самарадорлигини оширишда бошланғич хотин-қизлар ташкилотларининг ўрни муҳим аҳамиятга эга. Чунки хотин-қизлар ўзлари меҳнат қиладиган жамоа ҳаётига кундалик иш жараёнларида фаол аралашибгина қолмай, меҳнат жамоасига, хусусан аёл-қизлар ҳаётига оид муаммоларнинг ечимларини топишга ҳамжиҳатликда ҳаракат қиладилар.

Яқинда туманимиздаги 40-сонли умумтаълим мактабида ташкил этилган “Таълим муассасаларида фаолияти самарали йўлга қўйилган бошланғич хотин-қизлар ташкилоти” мавзусидаги амалий ўқув-семинарида бошланғич хотин-қизлар ташкилотларининг фаолиятини янада яхшилаш бўйича галдаги вазифалар белгилаб олинди.

Амалий ўқув-семинар машғулоти иштирокчилари 40-сонли мактаб бошланғич хотин-қизлар ташкилоти раиси Сайёра Тилавованинг иш фаолияти билан яқиндан танишдилар. Танишув жараёнида бошланғич хотин-қизлар ташкилоти аъзолари томонидан амалга оширилаётган барча ишлар аниқ режага асосланганлиги кўргазмали воситалар орқали намойиш этилди. Хусусан, ҳар бир аёл-қизнинг кунлик иш режасини қай даражада ва қандай бажариши, ҳар бир иш учун ажратиладиган вақт, шунингдек, таълим муассасаси хотин-қизлар бошланғич ташкилоти – мактаб – оила – ўқувчи ҳамкорлигига доимий амал қилишнинг ижобий аҳамияти ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Амалий ўқув-семинари машғулотлари иккита секцияда олиб борилди. Унга кўра, 1-секция машғулотлари “Ҳаётимизда режалаштиришнинг муҳимлиги” деб номланди. Бунда туманимиздаги таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган бошланғич хотин-қизлар ташкилотлари раҳбарлари ва 35 ёшгача бўлган аёл-қизлар учун ўз оилаларида соғлом маънавий муҳитни шакллантиришга амалий ёрдам бериш мақсадида кунлик ва хафталик режаларнинг аҳамияти, оила аъзоларининг ҳар бирининг шахсий режасини оила турмуш тарзидан келиб чиқиб мослаштиришнинг муҳимлиги ҳаётий мисоллар асосида маънавият ва маърифат ишлари бўйича мактаб директори ўринбосари Сайёра Жумамуродова томонидан қизиқарли тарзда кўрсатиб берилди. Қайд этиш керакки, кўпинча режаларимизнинг турмуш тарзимизга мос келмаслиги оқибатида муаммолар келиб чиқади. Амалий ўқув-семинарида шахсий режанинг ҳаётдаги аҳамияти иштирокчилар томонидан қизғин муҳокама этилди.

Амалий ўқув-семинарнинг иккинчи машғулоти 9-10-11-синфлар ўқувчи-қизлари учун “Келажак ҳаётингизни ҳозирдан режалаштиринг” деб номланди. Ушбу машғулотни бошланғич ташкилот аъзоси Замира Худойберганова жуда қизиқарли, илмий-назарий тавсиялар, ҳаётий мисоллар тарзида олиб борди.

Шунингдек, ўқув-семинарида 40-сонли мактаб, бошланғич хотин-қизлар ташкилоти раҳбари Сайёра Тилавованинг 2018 йилда амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботи ҳам тингланди. Ҳисобот бўйича фикрлар билдирилиб, ташкилот аъзолари томонидан янги 2019 йилда бажариладиган ишлар режаси тасдиқланди.

P.Йўлдошева

Янгиликни бўлишинг: