"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9547.05 -3.76
  • 1 EUR = 10585.8 -35.50
  • 1 RUB = 155.06 -1.59

Ўзини ўзи ўлдириш - фосиқликдир

Аллоҳ таоло инсон зотини азизу мукаррам қилиб яратган. Унинг шаънини улуғлаб, Ер юзадаги барча нарсаларни унинг манфаати учун пайдо қилган. Инсоннинг шаънига, молига, жонига ноҳақ тажовуз қилишни ҳаром қилган. Унинг ҳаётини сақлашни Ислом шариатининг асл мақсади қилиб белгилаб қўйди. Қуръони каримда булар ҳақида шундай баён этилган: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик”. (Исро, 70).

Демак, Аллоҳ азиз қилган инсоннинг жонига қасд қилиб, унинг қонини тўкиш энг оғир гуноҳ саналади. Қуръони каримда айтиладики: “Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир” (Моида, 32-оят).

Бошқа ояти каримада Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ тақиқлаган жонни ноҳақ қатл қилмангиз! Ақл юритишингиз учун (Аллоҳнинг) ҳукм қилгани шу(лар)дир” (Анъом сураси, 151-оят).

Жаҳондаги нуфузли ислом муассасалари, чунончи Миср Араб Pеспубликаси Фатво Бошқармаси ва Саудия Арабистони уламолари ҳам турли йўллар билан бегуноҳ одамларнинг ўлимига сабаб бўлишни шаръан ҳаром амал эканлигини эълон қилган. Бу ишни Исломга ҳеч бир алоқаси йўқ. Бу гуноҳ ишни амалга оширганлар Аллоҳ таолонинг азобига учрайди, деб алоҳида таъкидлаган.

Инсониятни икки дунё саодатига элтувчи Ислом динининг асослари бўлмиш Куръони карим оятлари ҳамда Пайғамбаримиз (с.а.в) суннатларида инсоннинг ҳаётига ноҳақ тажовуз этиш, ўзини ўзи ўлдириш, бировнинг моли, ор-номуси, ақли ва эътиқодига зарар етказиш қатъиян ман этилади. Ҳаёт инсон учун берилган энг қадрли омонатдир. Инсон бу неъматни асраб авайлаши, унга хиёнат қилмаслиги лозим, акс ҳолда энг оғир жиноятга қўл урган, ўз зиммасига катта гуноҳни орттирган бўлади.

Қуръони каримда инсонни ўзининг яшаш ҳуқуқига тажовуз қилишдан қайтариб: «Ўз қўлингиз билан ўзингизни ҳалокатга ташламангизлар».- дейилган. (Бақара сураси 195-оят)

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам ўз ҳадиси шарифларида ўзини-ўзи ўлдириш ҳаром эканлиги, бундай ишни қилган кишига охиратда қаттиқ азоблар бор эканлиги ҳақида айтиб ўтганлар. Жумладан, бир ҳадисда: «Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда марҳамат қилурки: «Бандам ўзини-ўзи ўлдириб, Менинг унга берган умримга шукр қилмай ,шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим».

Яна бир ҳадисда: «Кимки ўзини темир парчаси билан ўлдирса, у киши ўша темир парчаси қорнига суқилган ҳолда қиёматда жаҳаннам ўтида абадий қолур. Кимки ўзини заҳар билан ўлдирса, у киши ўша заҳар билан қиёмат кунида дўзах азобида доимий азобланур» деган бўлсалар, бошқа ҳадисда: «Ким ўзини бирор нарса билан ўлдирса, қиёматда ўша нарса билан азобланади», деганлар.

Бошқа бир ривоятда эса: «Кимки ўзини тоғ тепасидан ташлаб ўлдирса ўлгандан кейин ҳам жаҳаннамда шу хил азобга гирифтор бўлади. Ўзини сувга ташлаб ёки осиб ёки куйдириб ўлдирган кишиларнинг ҳукми ҳам унинг ҳукми билан баробардир», дейилган.

Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда баъзи инсонларда сабру матонат етишмай ўз жонларига қасд қилаётганларининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Буни Аллоҳ берган ҳаётга ношукрлик оқибати деб баҳолашдан ўзга чора йўқ. Бундай мудҳиш ҳолатлар нафақат Ислом таълимотига, балки Аллоҳ таолонинг қазои қадарига ҳам туғён қилиш, унга қарши бориш демакдир.

Ўзини-ўзи ўлдириш нақадар оғир гуноҳ эканлигини шундан ҳам билиш мумкинки, Pасулуллоҳ (с.а.в) бундай ишни қилган кишига жаноза намозини ўкимаганлар.

Ислом шариатида ўзини-ўзи ўлдирувчилар ҳақида махсус фатволар берилган.

Маълумки, ўзини-ўзи ўлдирган кишининг жанозасини ўқиш пайтида ҳар хил гап-сўзлар чиқа бошлайди. Бу бежизга эмас, сабаби фиқҳ китобларида ўз жонига қасд қилиб, ўзини-ўзи ўлдирган шахсларга айрим уламо ва фуқаҳолар жаноза намози ўқимаслик тўғрисида фатво ҳам берганлари бу жиноятни амалга ошираётган, иродаси суст кишиларга кескин огоҳлантиришдир.

Шунга кўра, баъзи уламолар, ўзини ўзи ўлдирган кишига имом хатиб жаноза намози ўқимайди, балки маййитнинг яқинларидан бири ўқийди, деганлар. Бунинг сабаби, одамлар ўз жонига қасд қилишнинг оқибати ёмон бўлиши, ҳатто унга катта жамоат бўлиб, имом бошчилигида намоз ўқимаслигини билсинлар ва бундай гуноҳи азимга қўл уришдан қўрқсинлар, деган маъно бор.

Аллоҳ таоло барчамизни бундай улкан гуноҳлардан сақланишга ва доимо Ўзининг итоатида бўлишга, айни пайтда ҳаётдан мазмунли фойдаланишимизга муваффақ айласин. Омин!

А.Матсапоев, Юсуф эшон бобо

жомеъ имом хатиби.

Янгиликни бўлишинг: