"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8374.1 -18.96
  • 1 EUR = 9410.81 -136.15
  • 1 RUB = 126.18 -1.32

Банклардаги ҳисобварақлар операцияларини тўхтатиб қўйиш билан боғлиқ 133 та иш кўриб чиқилди

Президентимизнинг 2005 йилдаги “Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига кўра, тадбиркорлик субъектларига нисбатан ҳуқуқий таъсир чораларини фақат суд орқали қўлланиш тартиби жорий этилди.

Иқтисодий судлар томонидан амал қилинадиган Иқтисодий процессуал кодексига кўра иш жараёнларида тегишли тартибда ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилади. Ушбу Кодекснинг 217-моддасига асосан фаолиятни тугатиш, атроф-табиий муҳитга зарарли таъсир кўрсатаётган объектлар фаолиятини тугатиш ёки қайта ихтисослаштириш кабилар ҳуқуқий таъсир чоралари ҳисобланади. Шунингдек, суд қонунда назарда тутилган ва мустасно қилинган ҳоллардан ташқари, банклардаги ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб қўйиш, молиявий санкцияларни қўллаш, бундан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўлаш муддатини ўтказиб юборганлик учун пенялар ҳисоблаш, тадбиркорлик фаолиятининг айрим турлари билан шуғулланиш учун лицензияларнинг амал қилишини ўн иш кунидан кўп бўлган муддатга тўхтатиб туриш ёки уларнинг амал қилишини тугатиш ва лицензияларни бекор қилиш каби чораларни қўллашга ҳам ҳақли.

Суд қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқий таъсир чораларни ҳам қўллаши мумкин бўлганлиги сабабли, белгиланган қонунлар асосида хўжалик юритувчи субъектларнинг банклардаги ҳисобварақлар операцияларини тўхтатиб қўйиш бўйича ҳам ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилиб келинмоқда. Мазкур тоифадаги ишларда Иқтисодий судлар учун Давлат солиқ инспекцияси томонидан киритилган ариза асос бўла олади.

Туман Иқтисодий суди томонидан ўтган йил мобайнида банклардаги ҳисоб-варақлар бўйича операцияларни тўхтатиб қўйиш билан боғлиқ 133 та иқтисодий иш кўрилди. Шундан 108 та иш бўйича аризалар қаноатлантирилган бўлса, 25 та иш бўйича аризаларни қаноатлантириш рад этилди.

Иқтисодий судларда қўлланилаётган ҳуқуқий таъсир чоралари тадбиркорлар томонидан йўл қўйилаётган қонун бузилиш ҳолатларига чек қўйилишида катта аҳамият касб этмоқда.

Ўткир Собиров,

туман Иқтисодий суди раиси.

Янгиликни бўлишинг: