"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8374.1 -18.96
  • 1 EUR = 9410.81 -136.15
  • 1 RUB = 126.18 -1.32

Афғон урушида иштирок этган собиқ қуролдошлар учрашди

Бундан роппа роса 30 йил муқаддам, яъни 1989 йилнинг 15 февраль куни собиқ совет иттифоқининг афғон тупроғидаги мақсадсиз миссияси якунига етиб, иттифоқ қўшинлари бу юртдан бутунлай олиб чиқиб кетилган эди.

Ушбу воқеага 30 йил тўлиши муносабати билан 15 февраль куни туман фахрий аскарлар уюшмасининг Ижтимоий химоя маркази ташаббуси билан тадбир ўтказилди.

Собиқ қуролдош дўстлар дастлаб Манғит шаҳридаги Хотира боғига йиғилиб, мангу ёниқ олов пойига гулчамбар қўйишди.

Маросимда таъкидланганидек, Собиқ Иттифоқ бу урушда 15 минг ҳарбийсини йўқотди. Pасмий маълумотларга кўра, 1979-1989 йиллар мобайнида Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатларда Ўзбекистондан 65 минг ҳарбий иштирок этган, улардан 1512 нафари ҳалок бўлиб, 2 ярим мингга яқин аскарлар ва зобитлар Ватанга ногирон бўлиб қайтган.

Сўнгра туман ҳокимлиги томонидан собиқ жангчилар шарафига дастурхон ёзилди. Туманимизда фаолият кўрсатаётган фахрий аскарлар уюшмасининг «Ижтимоий ҳимоя маркази» билан ҳамкорликда ташкил қилинган ушбу учрашувда собиқ қуролдош дўстлар дийдорлашдилар. 

Тадбирда сўз олганлар тинчлик-осойишталик, бунёдкорлик, аҳиллик, бағрикенглик, меҳр-оқибат ҳукм сураётган бу юртда яшаётганимиз учун Яратганга шукрона келтиришимиз керак, дея таъкидлашди. Урушнинг даҳшатини унда иштирок этганлар билади. Ва энг ёмони, урушда қатнашган битта аскар ортида унинг оиласи, ота-онаси, фарзандлари ва яқинлари турганини инобатга олсак, бу бутун жамият учун оғир мусибат экани аён бўлади. Шу сабабли ҳам халқимизда тинчлик – энг бебаҳо неъмат деган ибора бор.

Тадбирда туман маданият бўлимининг санъаткорлари томонидан тинчлик ва эзгуликни тараннум қилувчи куй-қўшиқлар ижро қилинди.

Шу куни собиқ қуролдошлар фахрий аскарлар уюшмасининг ижтимоий ҳимоя марказларига бир пайтлар аъзо бўлган, айни пайтда оламдан ўтган марҳум жангчиларнинг ҳам хонадонларига ташриф буюриб, уларнинг оила аъзолари ҳолидан хабар олишди.

 

Янгиликни бўлишинг: