"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9061 +179.00
  • 1 EUR = 10092.1 +163.70
  • 1 RUB = 138.47 +1.62

БУЮК САPКАPДА, ШОҲ ВА ШОИP

Мирзо Бобур отаси Умар-шайх Мирзо вафот этганида атиги 12 ёшда эди. Бобур бобоси Амир Темур тузган буюк давлатни қайта бирлаштириш, Самарқанд шаҳрини ишғол қилиш учун бир неча бор уринди. Аммо тобора кучайиб бораётган ички низолар, муваффақиятсизликлар туфайли барча уринишлари зое кетди. Бобурнинг ягона мақсади йирик ва мустаҳкам, марказлашган давлат тузишдан иборат эди. Бу мақсади ўзи туғилиб-ўсган юртда – Мовароуннаҳрда эмас, жуда олис юрт – Ҳиндистонда амалга ошди. Бобур бу ҳолатдан доимо изтиробда бўлганлигини асарларида ёрқин тарзда акс эттирган:

Толъе йўғи жонимға балолиғ бўлди,

Ҳар ишники айладим хатолиғ бўлди.

Ўз ерни қўйиб Ҳинд сори юзландим,

Ё раб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди.

Бобурдан бизга унинг девонлари, “Бобурнома” мемуар асари, илмий, тарихий, диний-фалсафий ва ахлоқий-таълимий руҳдаги асарларидан иборат бой маънавий мерос қолди. У мусулмон ахлоқига оид “Мубаййин” номли маснавийни яратди.

Подшоҳликни Ҳумоюн Мирзога топширган Бобур 1530 йилда 26 декабрда, 47 ёшида, ўзи асос солган улуғ салтанат – Ҳиндистоннинг Агра шаҳрида вафот этди ва ўша ерга дафн этилди. Кейинчалик 1530 йил буюк Бобур васиятига мувофиқ унинг ҳоки Кобулга келтирилиб, ўзи бунёд эттирган “Боғи Бобур”га қўйилди.

Ўзбекистон мустақилликка эришгач, шоҳ ва шоир Бобур Мирзо ўз юртида ҳақиқий қадр-қимматини топди. Андижон шаҳрида Бобур номидаги Университет, театр, кутубхона, миллий боғ – “Боғи Бобур” бор.

Бобур миллий боғи мажмуасида Бобур ва жаҳон маданияти музейи ташкил этилган. Шаҳар марказида ва Бобур боғидаги ёдгорлик мажмуида шоирга ҳайкал ўрнатилган. Андижон шаҳридаги марказий кўчалардан бирига, шунингдек, Тошкентдаги истироҳат боғи ва бир кўчага, Андижон вилоятининг Хонобод шаҳридаги истироҳат боғига Бобур номи берилган. Ўзбекистон фанлар Академиясининг Бобур номидаги кўкрак нишони таъсис этилган.

Машҳур ҳинд давлат ва жамоат арбоби Жавоҳарлал Неру: “Бобур дилбар шахс, уйғониш даврининг типик ҳукмдори, мард ва тадбиркор инсон бўлган, у санъатни, адабиётни севарди, ҳаётдан ҳузур олишни яхши кўрарди. Унинг набираси Акбар яна ҳам дилбарроқ бўлиб, кўп яхши фазилатларга эга бўлган”, – мазмундаги фикрини ёзиб қолдирган.

Мен буюк бобокалонимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодининг мухлиси сифатида шоир ғазаллари ва маснавийларидан руҳий қувват оламан. Истардимки, ҳар бир ўқув муассасасида З.М.Бобур ижодига бағишланган адабий кечалар йил давомида ўтказилса, албатта, буюк бобокалонимизнинг буюк маънавий мероси ҳар бир қалбда она юртга муҳаббат, ватанпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлаб, ёшлар маънавиятини юксалтиришга хизмат қиларди.

Зуҳра АҲМЕДОВА.

Янгиликни бўлишинг: