"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8624.51 +39.50
  • 1 EUR = 9676.7 +2.13
  • 1 RUB = 136.92 -0.34

Жигар циррозига олиб келадиган касалликларни биласизми?

Жигар циррозига олиб келадиган касалликлардан бири бу вирусли гепатит В касаллигидир!

Ўткир вирусли гепатит “В” антропоноз касаллик бўлиб, табиий ва сунъий йўл билан юқадиган, давомли вирусемия ва циклик кечадиган сурункали гепатитга, жигар церрозига олиб келадиган касалликдир. Вирусли гепатит В вирусининг характерли хусусияти шундаки, ташқи муҳит омилларига ўта чидамли, юқувчанлиги жуда юқори. Вируснинг касаллик келтириб чиқариши мумкин бўлган дозаси, яъни таркибида вирус бўлган 0.0000001мл зардоб соғлом одам организмига тушса, касаллик келтириб чиқаради.

Инфекция манбаи кимлар?

ўткир вирусли гепатит В билан касалланган беморлар;

сурункали вирусли гепатит Вга чалинган беморлар;

организмида 6 ой ва ундан ортиқ вирус ташувчи одамлардир.

Касаллик беморларнинг 90-99 фоизида сариқсиз, клиник белгиларсиз яширин ўтади. Ҳозирги кунда битта клиник белгилари бор беморга 100 та клиник белгиларсиз, яъни сариқсиз бемор тўғри келади. Бу эса касалликнинг соғлом одамлар ўртасида тарқалиш хавфини оширади. Гепатит В билан оғриган беморларда ҳолсизлик,тез чарчаб қолишга мойиллик, бош оғриши, суяк бўғимларининг оғриши, овқат ҳазм бўлмаслиги, иштаҳа пастлиги, кекириш, 1-10 фоиз беморларда эса тери, кўз оқининг сарғайиши, сийдик қизариши, нажаснинг оқариши, жигар ва эпигастрал соҳада оғриқ кузатилади.

Вирусли гепатит В қандай юқади?

ишлатилган шприц, игна, скарификатор ва бошқа тиббий асбоблардан нотўғри фойдаланганда;

гиёҳванд моддаларни умумий шприцдан томир орқали қабул қилганда;

бетартиб жинсий алоқалар орқали;

вирусли гепатит В билан касалланган ёки вирус ташувчи онадан болага ҳомиладорлик вақтида ва туғиш жараёнида;

зарарсизлантирилмаган соч-соқол, тирноқ олиш асбоблари, татуировка, пирсинг игналари орқали;

маиший мулоқот орқали, яъни шахсий гигиена анжомларидан умумий фойдаланганда, уй шароитида ҳар хил очиқ жароҳатлар олганда зарарсизлантириш қоидаларига риоя қилинмаганда соғлом одамга юқиши мумкин.

Касалликни юқтиришнинг олдини олиш учун нималарга аҳамият бериш лозим?

тиббий муолажалар олаётганингизда зарарсизлантирилган асбобларнинг ишлатилишига аҳамият беринг;

бир марталик шприц, игна ва бошқа инъекция асбоблари ва дори воситаларини олдингизда очишларини талаб қилинг. Агар шубҳангиз бўлса, бу муолажадан воз кечинг;

шахсий тиш чўтка, устара, тирноқ тозалаш ва олиш асбобларидан фойдаланишга одатланинг;

сартарошхоналарда устара, қайчи ва бошқа маникюр асбобларининг зарарсизлантирилишига аҳамият беринг, бир марталик ёки шахсий асбобларингиздан фойдаланинг;

гиёҳвандлик каби иллатлардан воз кечинг;

ўз жуфтингизга содиқ яшанг.

Вирусли гепатит В касаллигидан сақланишнинг энг самарали усули –

касалликка қарши профилактик эмлатишдир

Мамлакатимизда 2001 йилдан бошлаб вирусли гепатит Вга қарши чақалоқ туғилган кунидан бошлаб режали, 4 босқичда профилактик эмлаш ўтказилмоқда. Шу сабабли сўнгги йилларда 17 ёшгача бўлган болалар ўртасида вирусли гепатит В билан касалланганлар қайд қилинмади.

Касалликни юқтириш эҳтимоли юқори бўлган хавфли гуруҳга кирувчи тиббиёт ходимлари, иш фаолиятида ҳар хил жароҳатлар олиш мумкин бўлган мутахассислар (қурувчилар, станоклар билан ишловчилар, сартарошлар ва ҳ.) ўз ҳисобидан 3 босқичда вирусли гепатитга қарши профилактик эмлаш муолажасини олишлари мақсадга мувофиқ. Айрим сабаблар билан касалликни юқтирадиган бўлсангиз, касаллик яширин ўтиши мумкин, оқибатда ўзингизда сурункали гепатит В, жигар циррози, жигар раки каби касалликларни орттириб оласиз.

УНУТМАНГ, тақдирингиз, саломатлигингиз ўз қўлингизда.

Гулшода ТАЖИБАЕВА, туман ДСЭНМ

эпидемиология бўлими мудираси

тоифали эпидемиолог.

Янгиликни бўлишинг: