"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8395.15 -6.53
  • 1 EUR = 9510.03 -113.11
  • 1 RUB = 127.67 -1.35

Партия ташаббуси билан бепул ўқув курслари ташкил қилинмоқда

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ташаббуси билан ўтказилаётган қатор лойиҳалар кўплаб ёшларни ўз атрофига жамлаб, иқтидор ва қобилиятларини намоён этишларида, касб-ҳунар эгаллашларида муҳим аҳамият касб этмоқда. Жумладан, партия томонидан ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари, кам таъминланган оилалар фарзандларини турли хил фан ва ҳунар тўгаракларига жалб қилиш мақсадида ташкил этилган “Хизмат – беминнат” лойиҳаси амалда ўз самарасини бермоқда.

Мазкур лойиҳа Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси дастурий вазифалари ҳамда Ўзбекистон Pеспубликасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ёшларга оид белгиланган вазифаларни амалга ошириш, шунингдек, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги ва “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонунлар ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда.  

Партия ташаббуси билан ўтказилаётган мазкур лойиҳа билим ва касб-ҳунар ўрганиш истагида бўлган ёшларни ўз атрофига бирлаштириб, ёшларнинг келажакда етук мутахассис бўлиб етишишларига замин яратмоқда.

Лойиҳа доирасида партиянинг туман кенгаши томонидан ўтган йил давомида жами 14 та бепул ўқув курслари ташкил этилди. Мазкур лойиҳа бўйича 120 дан зиёд ёшлар бепул таълим ва касб-ҳунарга жалб қилиниб, уларга 14 нафар кўнгилли ўқитувчи ва мураббийлар раҳбарлик қилган бўлса, жорий йилда ҳам ушбу йўналишдаги ишлар изчиллик билан давом эттирилмоқда.

Жумладан, 8 феврал куни тумандаги 40-сонли ва 16-сонли умумтаълим мактабларида  Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси туман Кенгаши ташаббуси билан ушбу лойиҳаси доирасида жами 9 нафар кўнгилли ўқитувчилар томонидан жами 36 нафар ўқувчилар учун инглиз тили, она тили, физика, математика, кимё ва бошқа фанлар бўйича бепул ўқув курслари очилди.

Лойиҳани ташкил этишдан кўзланган мақсад – ёшларни ўз касбининг етук мутахассиси сифатида шаклланишига, интеллектуал, ижодий, жисмоний, аҳлоқий ва бошқа йўналишдаги салоҳиятларини камол топтиришига кўмаклашиш, келажагимиз эгаларининг онгида соғлом турмуш тарзига кўникмаларини шакллантириш, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларни аҳлоқий негизларни бузишга олиб келадиган хатти-ҳаракатлар ҳамда ғоялардан ҳимоя қилишга муносиб хисса қўшишдир.

Айтиш керакки, “Хизмат – беминнат” лойиҳаси доирасида ташкил қилинган ўқув курсларида ёшларга илм-фан ва касб-ҳунар сирларини ўргатаётган ўқитувчиларнинг аксарияти “Миллий тикланиш” демократик партиясининг фаол аъзоларидир. Иштирокчи ёшлар ҳам ўқув курсларида фақатгина тегишли фанга оид билим ҳамда кўникмаларини шакллантириб қолмасдан, партиянинг мақсад ва вазифалари ҳақида тушунчаларга ҳам эга бўлмоқдалар. Бу эса уларнинг орасидан келгусида етук сиёсатчилар ҳам етишиб чиқишига замин ҳозирлайди.

Ғ.Ешниёзов

Янгиликни бўлишинг: