"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8624.51 +39.50
  • 1 EUR = 9676.7 +2.13
  • 1 RUB = 136.92 -0.34

“Тўлқин” бокс мактабида иқтидорли болалар кўп

Болалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ва рағбат туфайли туманимиз ёшлари орасида турли миқёсдаги мусобақалар ғолиблари сафи йил сайин ошиб бормоқда. Бу борада Болалар ва ўсмирлар спорт мактабига қарашли “Тўлқин” бокс мактаби спортчи-ёшлари эришаётган ютуқлар қувонарли.

Мазкур бокс мактабида машғулотларнинг узвийлигини таъминлаш, иқтидорли болалар ва ўсмир-ёшларни турли мусобақаларга тайёрлашда бокс спорти бўйича тренер Низомиддин Қипчоқбоевнинг ўзига хос тажрибаси ва шахсий ташаббуси янги-янги муваффаққиятлар гарови бўлмоқда. 2014 йилдан бери “Тўлқин” бокс мактабида тренерлик қилиб келаётган Низомиддин Қипчоқбоевнинг шогирдлари орасида нафақат Қорақалпоғистон, балки Ўзбекистон чемпионлари, халқаро мусобақаларнинг совриндорлари бор. Шерзод Қодирбоев 2017 йилда Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритган бўлса, шу йили Филиппинда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида мамлакатимиз шарафини муваффақиятли ҳимоя қилиб, мусобақа шоҳсупасининг учинчи поғонасидан жой олди ва бронза медаль соҳиби бўлди. 33-мактаб ўқувчиси Бегзод Холбоев яқинда бокс спорти бўйича бўлиб ўтган Қорақалпоғистон Pеспубликаси чемпионатида барча рақибларидан устун келди ва 1-ўринни эгаллади.

– Бокс мактабимиз машғулотларида асосан 33-,32-, 8-,18-,28-,11-, ва 7-сонли мактабларнинг бокс спортига қизиқувчи ёшлари иштирок этадилар, – дейди тренер Низомиддин Қипчоқбоев. – Шуғулланувчилар сафи 200 нафарга етди. Шароитларимиз ёмон эмас. Болалар билан шуғулланишда узвийликни таъминлаш мақсадида тинимсиз ишлашга тўғри келади.

Низомиддин ҳар куни 10-12 соатлаб шогирдлари билан шуғулланишдан чарчамайди. Унинг орзуси туманимизнинг чекка қишлоғидаги “Тўлқин” бокс мактаби спортчилари орасидан жаҳон чемпионлари етишиб чиқишига эришиш. Спортчи болалар ва ўсмир-ёшлар орасида эса иқтидорлилар кўп. Барчаси ҳаракатчан, эпчил, энг муҳими, жисмонан соғлом.

Суратда: Қорақалпоғистон Pеспубликаси чемпиони, 33-сонли мактаб ўқувчиси Бегзод Холбоев.

Pобия Йўлдошева.

Янгиликни бўлишинг: