"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9061 +179.00
  • 1 EUR = 10092.1 +163.70
  • 1 RUB = 138.47 +1.62

Бештомлик фермернинг иссиқхонасида помидор пишиб етилди

Туманимизнинг Бештом маҳалласида яшовчи “Жалолов Қадамбой” фермер хўжалиги раиси Ибодулла Ярмоновни маҳалла аҳли ҳақиқий деҳқон ва тадбиркор сифатида яхши билишади.

Ишбилармон фермер Ибодулла Ярмонов 2009 йилда фермер хўжалигини ташкил этганидан кейин хўжалик қошида иссиқхона ташкил этиб, ердан самарали фойдаланишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган эди. У дастлаб 2017 йилда 12 сотих ерга иссиқхона қуриб, ҳаёлида ўйлаб юрган ишларини амалиётда синаб кўришга қарор қилди. Натижа эса кутилганидан ҳам зиёда бўлди. Кафтдеккина ердан оиласи харажатларининг бир қисмини қоплашга етадиган даромад олди. Ердан йил давомида бир неча марта экин экиб, ҳосил олгани эса бу даромадларини янада кўпайтирди. Шундан кейин ишбилармон фермер бу ишга астойдил киришиб, иссиқхонадан олган даромади эвазига фермер хўжалигина қўшимча тармоқларни йўлга қўя бошлади. Айни кунда иссиқхонада помидор, бодринг ва ҳар хил гул кўчатлари ҳам етиштирилаяпти.

Тиниб-тинчимас тадбиркор фермер Ибодулла Ярмонов яна бир хайрли ишга қўл урди. У “Микрокредитбанк”нинг туман филиалидан 85 миллион сўм кредит олиб, сиғими 100 тонналик музлаткич қуришга муваффақ бўлди. Айни кунда ушбу музлаткичда ўз фермер хўжалигида ва овул деҳқонлари томонидан етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатли сақланаяпти.

Бугунги кунда фермер хўжалигида баҳорги экиш мавсумига пухта тайёргарлик кўрилаяпти. Фермер хўжалигининг ички сув йўлларини тозалаш, маҳаллий ўғит жамғариш ишлари шу куннинг талаблари даражасида ташкил этилиб, хўжаликдаги иссиқхонада етиштирилган помидорларни бозорга тайёрлаш, бодринг ва гул кўчатларини парваришлаш ишларига ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. Бу ишларда Pаима Жалолова ва Гулзода Холмуродова каби фермер хўжалиги ишчилари тиним билмасдан ҳамжиҳатликда меҳнат қилишмоқда.

Ердан йил давомида ҳосил олиб, уни бозорга чиқариш орқали оиласининг фаровонлиги ва эл-юрт дастурхонининг тўкинлиги йўлида ҳалол меҳнат қилаётган бу каби фермер хўжаликлари сафининг кўпайиши мамлакатимиз иқтисодиётининг янада ривожланишига хизмат қилади.

А.Жуманиёзов.

Янгиликни бўлишинг: