"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8455.37 +3.63
  • 1 EUR = 9554.57 +76.63
  • 1 RUB = 131.53 +1.63

Тадбиркор йигит якка ёлғиз яшовчи онахоннинг уйини таъмирлаб берди

Ўтган ҳафтада ижтимоий тармоқларда ёритилган бир хабарни ўқиб, кўнглим ёришиб кетди: Чилонзордаги Kasbino супермаркети ва Look кафеси олдига улкан ойнаванд музлаткич ўрнатишибди. Унга имкон бўлса-солинг, зарур бўлса-олинг деган чорлов ҳам ёзишибди. “Меҳрли музлаткич”га хайр-эҳсон учун қўйилган турли егуликларни кўриб, одам таъсирланиб кетади. Ҳаёт доим ҳам равон йўллардан иборат эмас, доим ҳам заруратига яраша маблағи бўлавермайди ҳамманинг.

Шулар ҳақида ўйлаганингда чор-атрофимизда савобталаб инсонлар кўп эканлигидан қувониб кетасан, одам.

Туманимизнинг “Ўзбекистон” маҳалласида истиқомат қилувчи Норгул момо Камолова саксон ёш остонасида, ёлғиз яшайди. Маҳалла, қўни-қўшнилар ҳолидан хабар олиб туришади. Маҳалладоши Бибиҳожар ҳожи она Худойбергановани унинг яшаш уйининг талабга жавоб бермаслиги безовта қилиб келар эди. Яқинда Тошкент шаҳрида қурилиш ташкилотида ишлайдиган ўғли Pашид Худойберганов уйига келганида унга, оила аъзоларига шу хусусда сўз очди.

Бамаслаҳат якка-ёлғиз яшайдиган онахоннинг уйини таъмирлаб, пол қоқиб, суваб, шипини паталок қилиб беришга аҳд қилишди. Барака топкур Pашид қурилиш молларини, усталарни ҳам дарров топди. Норгул Камолованинг ҳовлисидаги яшаш хонаси бошқатдан таъмирланди, деворларини замонавий бўёқлар билан безатиб, печ ҳам қуриб берди.

Бу ишлардан нафақат Норгул Камолова, МФЙ ходимлари, ҳамқишлоқлари ҳам хурсанд бўлишди. Боиси ўзингга раво кўрган нарсаларингни биродарларингга ҳам раво кўргин, дейилади муқаддас ислом динимиз таълимотида.

Тўғри, бир инсонга ёрдам бериш дунёни ўзгартира олмас, лекин ўша инсоннинг ҳаётини ўзгартира олади-ку. Демак яхшилик қилиш, ўзгалар ташвишига елкадош, саҳоватли бўлиш чин инсонийликдир.

Ойгул PАЖАБОВА.

Фото - http://milliytiklanish.uz (иллюстрация)

Янгиликни бўлишинг: