"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8455.37 +3.63
  • 1 EUR = 9554.57 +76.63
  • 1 RUB = 131.53 +1.63

“Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси кредити ҳисобидан Манғитда янги стоматология клиникаси иш бошлади

31 январь куни Манғит шаҳрида тадбиркор Ботиржон Эрматов раҳбарлигидаги “Chelsea dent” оилавий корхонасига қарашли хусусий стоматология клиникасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши қошидаги “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармасининг туман бўлинмаси томонидан ажратилган кредит эвазига иш бошлаган ушбу хусусий стоматология клиникасида мижозлар учун барча шароитлар яратилган.

Очилиш маросимида сўзга чиққанлар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман Кенгаши томонидан иқтидорли, ташаббускор ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ўз қобилиятларини намоён этишлари учун шарт-шароитлар яратиш ҳамда Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг 2018 йил 27 июндаги “Yoshlar – kelajagimiz” давлат Дастури тўғрисида”ги Фармонида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилаётганини таъкидладилар.

Хусусан, 2018 йилнинг иккинчи ярмида “Yoshlar – kelajagimiz” давлат Дастури доирасида туман бўйича 12 та бизнес лойиҳага 2 млрд 555 млн сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратилди ва 84 та доимий иш ўрни яратилди.

– Мамлакатимизда ёшлар учун яратилаётган имкониятлар ҳаётимизни ижобий томонга ўзгартириш, жамиятга фаол аралашиш, айниқса, ўз тадбиркорлигимизни юритиш учун кенг йўл очмоқда, – дейди янги иш бошлаган клиника раҳбари, тадбиркор Ботиржон Эрматов. – Агар биз замон билан ҳамнафас яшашни истасак, бу имкониятлардан самарали фойдаланишимиз, ҳаётимизнинг ёрқин саҳифаларини яратишимиз керак.

Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқининг “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси томонидан ажратилган 100 миллион сўмлик кредит ва 30 млн. сўм тадбиркорнинг ўз маблағи асосида иш бошлаган ушбу стоматология клиникаси замонавий стоматологик анжомлари билан жиҳозланган бўлиб, 3 нафар олий маълумотли стоматолог-шифокорлар, 2 нафар ҳамшира ва 1 нафар ўрта махсус маълумотли тиш техниги ҳамда 1 нафар техник ходим доимий иш билан таъминланган.

Айтиш керакки, “Yoshlar – kelajagimiz” давлат Дастури доирасида ёшларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, шу орқали уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида 2019 йил давомида янгидан 85 та лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган. Бу лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида 19 млрд. 383 млн сўм маблағ ажратилиши режалаштирилмоқда. Ушбу маблағ ёшлар тадбиркорлиги соҳасига йўналтирилгач, 505 та янги иш ўринлари яратилади.

Жамғарманинг туман бўлинмаси томонидан ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга йўналтирилаётган харажатлар кўплаб ташаббускор ёшларнинг ўз иқтидорларини намойиш этишларида муҳим омил бўлиши табиий. Қувонарли томони шундаки, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларини ҳамда ишлаб чиқариш субъектларини ташкил этиш ташаббуси билан чиққан 23 нафар ёш тадбиркорга туман ҳокимининг қарори билан 4 гектарга яқин ер майдони ҳамда умумий майдони 8 минг 183 кв. метр бўлган 20 та фойдаланилмай турган бўш бинолар ажратилди. Бу ҳудудларда ёшлар ўз лойиҳаларини амалга оширгач, 84 та янги иш ўринлари яратилади.

Ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва бандлигини таъминлашга қаратилган бу каби лойиҳалар, албатта ёшлар фаоллигини ошириш, туманимиз иқтисодини юксалтириш йўлидаги дадил қадамдир.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: