"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8395.15 -6.53
  • 1 EUR = 9510.03 -113.11
  • 1 RUB = 127.67 -1.35

ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАPИ АМУДАPЁ ТУМАН КЕНГАШИНИНГ 60-СЕССИЯСИ ТЎҒPИСИДА АХБОPОТ

2019 йил 22 январь куни туман ҳокимлиги мажлис-лар залида Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг 60-сессияси бўлиб ўтди.

Сессия ишида Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, туман ҳокими ўринбосарлари, ҳокимлик масъул ходимлари, ҳуқуқ-тартибот органлари, бўлимлар ва бошқа корхона-ташкилотлар раҳбарлари, фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Сессияда дастлаб халқ депутатлари туман Кенгаши ва Кенгаш доимий комиссияларининг 2019 йилга мўлжалланган иш режалари муҳокама қилиниб, депутатлар томонидан тасдиқланди.

Кун тартибидаги иккинчи масала – халқ депутатлари туман Кенгаши ва Кенгаш доимий комиссияларининг 2018 йилги фаолияти натижалари тўғрисида Pегламент ва депутатлик одоби масалалари бўйича доимий комиссияси раиси Х.Pажабова ахборот берди. Сессия иштирокчиларига ўтган йил давомида халқ депутатлари туман Кенгаши ва Кенгаш доимий комиссиялари томонидан амалга оширилган ишлар хусусида батафсил маълумотлар берилди.

Маълумки, қонунчиликка киритилган ўзгартишларга мувофиқ суд раисларининг ҳар йилги ахбороти маҳаллий кенгашларнинг сессияларида эшитилиши белгилаб қўйилган. Шунга мувофиқ сессияда суд раисларининг ахборотлари эшитилди.

Туман Фуқаролик ишлари бўйича суди раиси Е.Утениязов, туман Иқтисодий суди раиси Ў.Сабиров ва туман Маъмурий суди раиси М.Каримбаевалар 2018 йил давомида фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини, шунингдек, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд орқали ҳимоя қилишга доир фаолияти бўйича ахборот бердилар.

Сессияда 2018 йил давомида жиноятчилик ва қонунийликнинг аҳволи ҳамда бу борада туман прокуратураси томонидан амалга оширилган ишлар юзасидан туман прокурори ўринбосари Н.Собиров, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан туман Ички ишлар бўлими бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи У.Худойбергеновлар ҳисобот берди.

Ҳисоботларда қонунийликни таъминлаш, туман ҳудудида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича 2018 йил давомида амалга оширилган ишлар ҳамда туманни жиноятдан ҳоли ҳудудга айлантириш борасида 2019 йилда қилиниши лозим бўлган устувор масалалар ҳақида тўхталиб ўтилди.

Кун тартибидаги навбатдаги масала – туман даражасидаги давлат идоралари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳолати бўйича туман Адлия бўлими бошлиғи М.Матюсупов ахборот берди. Ахборотда бўлим томонидан 2018 йил давомида норма ижодкорлиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда ваколат доирасига кирувчи бошқа масалалар бўйича амалга оширилган ишлар хусусида батафсил маълумотлар берилди.

Сессияда шунингдек, “Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарига фаолият юритиш учун берилган ер участкалари майдонларини мақбуллаштириш бўйича туман ишчи гуруҳининг хулосаси ҳақида”ги масаласи ҳам кўриб чиқилди. Мазкур масала юзасидан туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи И.Маткаримов сўзга чиқди ва ахборот берди.

Сессия кун тартибига киритилган барча масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди ва шунинг билан сессия ўз ишини якунлади.

Туман ҳокимлигининг ахборот хизмати.

Янгиликни бўлишинг: