"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8584.5 +5.64
  • 1 EUR = 9673.87 +44.65
  • 1 RUB = 136.34 +1.48

Мактабларда ташкил этиладиган кузатув Кенгашларининг вазифалари, ҳуқуқ ва ваколатлари нималардан иборат?

Барча соҳаларда бўлгани каби халқ таълими тизимида ҳам жорий этилаётган ислоҳотлар туфайли кўпгина ютуқларга эришилаётир.

Муҳтарам Президентимизнинг “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча-чора тадбирлар тўғрисида”ги 2018 йил 5 сентябрда қабул қилинган Фармонида соҳада йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш орқали фаолият самарадорлигини ошириш йўл-йўриқлари кўрсатиб берилган эди. Хусусан, халқ таълими тизимини бошқаришнинг самарали механизмаларини жорий этиш лозимлиги, бу ўз навбатида ўсиб келаётган ёш авлодни маънавий-ахлоқий ва интеллектуал ривожлантиришни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришга асос бўлиши  таъкидланган.

Шу мақсадда умумий ўрта таълим муассасасаларида кузатув Кенгашлари ташкил қилиш таклиф қилинди. Яқинда халқ таълими вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган кузатув Кенгашлари ҳақидаги намунавий низом Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.

Эндиликда низомга мувофиқ, таълим жараёнининг шаффофлигини таъминлаш, жамоатчилик таъсирини кучайтириш, ўқувчиларнинг сифатли таълим олишлари, ўқитувчи-педагог ходимларнинг меҳнати муносиб баҳолиниши ва уларга муносиб меҳнат шароитлари яратиш, таълим-тарбия жараёнини қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар бир таълим муассасасида кузатув Кенгаши ташкил этилади.

Кенгашнинг асосий вазфилари нималардан иборат?

Албатта, бу савол кўпчиликни қизиқтиради. Кенгаш Ўзбекистон Pеспубликаси Халқ таълими вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан тавсия этилган номзодлардан таълим муассасаси раҳбарини сайлаш, шунингдек, белгиланган тартибда уни эгаллаб турган лавозимидан озод этиш ҳақида таклифлар киритиши, таълим муасассасини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш, таълим муассасаси раҳбарининг муассаса фаолиятини ткаомиллаштириш, молиявий хўжалик ҳолати, даромадлар ва харажатлар, бюджет, бюджетдан ташқари, ҳомийлик ва бошқа маблағлардан фойдаланиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳисоботларини тинглаш, ўқувчилар учун яратилган шароитлар устидан тизимли равишда мониторинг ўрнатиш, ота-оналарнинг ва ўқувчиларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш каби вазифаларни ҳал этишга масъул бўлади.

Кенгаш аъзолари таълим муасассаси директори, ўринбосарларининг қариндошлари, яқинларидан сайланишига йўл қўйилмайди. Мактаб директори Кенгаш ишини ташкил қилиш учун масъул ҳисобланади.

Кенгаш йиғилишлари ўтказилганлиги ҳақидаги баённомалар йиғилиш ўтказилган кундан бошлаб 3 кундан кечиктирмай, тегишли Халқ таълими вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бошқармаларига тақдим этилиши лозим.

Кенгаш фаолиятига туман(шаҳар) халқ таълими бўлими аралашмайди.

Кенгаш мактаб директори лавозимига тавсия этилган номзодлар орасидан энг муносибини очиқ овоз бериш йўли билан сайлаш ваколатига эга. Кенгаш аъзолари томонидан номзодга қарши овоз берилган тақдирда, уни директорлик лавозимига тайинлашни рад этиш ҳақида уни тавсия этган Халқ таълими вазирлиги ёки унинг ҳудудий бошқармаларига маълум қилади.

Таълим муассасасини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш, мактабда таълим-тарбия жараёнининг сифатли ташкил этилиши бўйича жамоатчилик назоратини ўрнатиш ҳам кенгашнинг асосий вазифаларидандир.

Ўйлаймизки, мактабларда кузатув кенгашларининг ташкил қилиниши таълим жараёнининг шаффофлигини таъминлаш, таълим жараёнини самарали бошқаришда жамоатчилик таъсирини кучайтиришга, пировардида эса ўқувчиларнинг сифатли таълим олишлари ва мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган кадрлар бўлиб етишиши каби эзгу мақсадларга хизмат қилади.

Отабек ХИДИPБОЕВ, туман халқ таълими бўлими мутахассиси.

Янгиликни бўлишинг: