"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9411.3 +15.37
  • 1 EUR = 10421.1 +60.40
  • 1 RUB = 146.51 +3.04

НИЛУФАP ХОЛБОЕВА: ИМКОНИЯТИ ЧЕКЛАНГАН ЮPТДОШЛАPИМИЗГА КАТТА ЭЪТИБОP ҚАPАТИЛМОҚДА

Баъзан атрофимиздаги одамларга назар солиб, тўрт мучаси соғ бўла туриб ҳаётдан ўз ўрнини тополмаганидан, турмушидан, замонадан астойдил нолиётганларини эшитиб қоламан. Шундай пайтда: “ахир сиз соғломсиз-ку, ҳаракат қилсангиз, излансангиз ҳамма нарсага эришасиз”, – дегим келади.

Мен Ўзбекистон Ногиронлар жамияти туман бўлинмаси раҳбари сифатида туманимиздаги маҳаллаларда яшовчи имконияти чекланган инсонлар, айниқса, ёшлар билан кўпроқ мулоқотда бўламан ва уларнинг қалбларидаги келажакка ишонч, ўзлари қизиққан касб-корни эгаллаш ва ўз ҳунари, билими билан жамиятга фойда келтиришга интилиш туйғуси баъзи соғлом одамларга нисбатан устунроқ эканлигини ҳис этаман.

Ўтган 2018 йил давомида жамиятимиз аъзолари ҳаётида бири-биридан дилларда жўшқин, гўзал туйғулар уйғотувчи тадбирларнинг кўп бўлганидан аёнки, имконияти чекланган инсонларнинг деярли барчаси жамиятимизда рўй бераётган янгиланиш ва ўзгаришлардан мамнун. Ҳатто ана шу жараёнларнинг фаол иштирокчилари ҳамдир.

Турли байрамлар саналари муносабати билан бўлиб ўтадиган тадбирларимизда жамиятимиз аъзолари дилдан яйрайдилар. Ҳомийлар томонидан байрам совғалари билан тақдирланадилар. 20 нафар имконияти чекланган болажонлар эса туман Ногиронлар жамиятининг доимий эътиборида. Улар учун ҳомийлар томонидан ташкиллаштириладиган байрам тадбирларида ниҳоятда фаол иштирок этадилар. Шеърлар ўқиб, ашулалар айтишади, рақсга тушишади. “Ассалом, Наврўз!”, “Pанг-баранг бўёқлар олами”, “Мустақиллик – менинг тақдиримда” каби тадбирларда ўз ижод намуналари билан иштирок этган имконияти чекланган болажонларнинг иқтидорлари, интилишларини кўриб, уларни “ногирон” дейишга тили бормайди инсоннинг. Чунки бу болажонлар ҳаётдан завқ олиб, унинг қадрини соғлом инсонлардан ҳам теранроқ ҳис этадилар, олдинга интилиб яшашдан асло толмайдилар.

Туман Ногиронлар жамияти аъзолари учун 3 декабрь – “Халқаро ногиронларни ҳимоя қилиш куни” муносабати билан ҳар йили файзли дастурхон ёзилади. Ушбу сана 2018 йилда ҳам кўтаринки руҳда нишонланади. “Истиқлол” тўйхонасида бўлиб ўтган байрам тадбирида Ногиронлар жамияти, Кўзи ожизлар жамияти ҳамда туман ижтимоий таъминот бўлими томонидан таклиф этилган жами 31 нафар имконияти чекланган юртдошларимизга ҳамкор ташкилотлар туман ҳокимлиги томонидан совғалар берилди.

Янги йил арафасида бўлиб ўтган байрам тадбирлари ҳам жамиятимиз аъзоларига кўтаринки кайфият бағишлади. Ҳомий ташкилотлар томонидан тайёрланган совғалар тақдим этилаётган лаҳзаларда, мен доим бу инсонларнинг салгина эътибор ва рағбатдан кўнгиллари тоғдай юксалганларини, кўзлари қувончдан яшнаб кетганларни кўриб, уларнинг беғубор қувончларига ошна эканлигимдан мамнун бўламан. Байрам тадбирларимизда жамиятимиз билан ҳамкорлик қилиб келаётган саховатпеша юртдошларимиз Дилором Юсупова, Pоза Ўнғарова, Гулчеҳра Дўстжонова, Муҳайё Эшимбетова, Санжар Саъдуллаев, Жамила Ўрозимбетова, Pаҳима Тиловмуродова, Ширин Дадабоева, Муқаддас Қуролова, Муборак Собирова, Кўклан Куденов, Pустамбек Давлетов ҳамда Муқаддас Полвоноваларга чин дилдан миннатдорчилик билдираман.

Имконияти чекланган болалар ўртасида доимий равишда ўтказиладиган шахмат ва шашка бўйича мусобақаларда айнн ана шу юқорида номлари қайд этилган юртдошларимиз нафақат ғолиб спортчи болаларни, балки мусобақанинг барча иштирокчиларини ўз совғалари билан тақдирлаб, интилишларини қўллаб-қувватлайдилар. Шунинг учун ҳам туманимиз мактабларида индивидуал таълим олаётган имколнияти чекланган болалар шахмат спорти мусобақаларида доимо пешқадам. 55-сонли мактабдан Севинч Турсунбоева 2018 йилда ўз тенгқурлари орасида биринчиликни қўлдан бермаган бўлса, Турсунбой Шукуруллаев иккинчи, Жавоҳир Мадраҳимбоев учинчи ўрин соҳиблари бўлдилар ва ёшлар иттифоқи туман Кенгаши ҳамда ҳомийлар томонидан эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Янги 2019 йилни жамиятимиз аъзолари янада кўтаринки руҳда қаршиладилар. Ўзбекистон Ногиронлар жамияти туман бўлинмаси ва халқ таълими ходимлари касаба уюшмалари туман Кенгаши томонидан янги йил совғалари берилиб, арча атрофида томошалар ташкил этилди.

Жамиятимиз аъзоларининг кайфияти юқори. “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да ўз хусусий тадбиркорлигини йўлга қўйиш, олий ўқув юртларига ўқишга кириш ва ҳаётдан ўз ўринларини топиш учун интилиб яшаётган ногиронлиги бор ёшларнинг орзу-интилишларига қанот бағишлаб яшаш эса менга куч бағишлайди. Ва уларнинг барча орзулари рўёбга чиқишини чин дилдан истаб, улар билан бирга интилишдан, баргаликда олдинга қадам ташлашдан асло чарчамайман.

Нилуфар ХОЛБОЕВА, Ўзбекистон Ногиронлар жамияти туман бўлинмаси раиси.    

 

Янгиликни бўлишинг: