"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8624.51 +39.50
  • 1 EUR = 9676.7 +2.13
  • 1 RUB = 136.92 -0.34

Ватан ҳимояси – ҳар биримизнинг бурчимиз

Инсон учун Ватан азиз ва қадрлидир. Шу азиз Ватанни кўз қорачиғидек асраш ва ҳимоя қилиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз. Қолаверса, бу туйғуларни юрт келажаги бўлган ёш авлод онггига сингдириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва мамлакат келажаги учун масъулият ҳиссини ошириб бориш асосий вазифалардан бири ҳисобланади. Буларни амалга ошириш нафақат Ватан посбонлари ва ҳарбийларнинг, балки, жамоатчиликнинг ҳам вазифасидир. Ана шу вазифаларни амалга оширишга сидқидилдан ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ юртдошларимизни Ватан ҳимоячилари куни байрами арафасида суҳбатга чорладик.

Маҳмуд МАҲМУДОВ, 9202 «D» ҳарбий қисми гуруҳ командири, кичик сержант:

— Мен ўқувчилик пайтларимдаёқ она Ватан ҳимоячилари бўлган ҳарбийларимизга, уларнинг жанговар машқларни бажаришдаги ҳаракатларига, юриш-туришларига ҳавасим келарди. Ўзим ҳам бир куни Ватан ҳимоячиси бўлишни орзу қилардим.

2014 йилда менинг орзуим амалга ошди. Шу йилдан Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинларида хизмат қила бошладим.

Айни кунда мен 9202 «D» ҳарбий қисмда гуруҳ командири сифатида 10 нафар аскар билан мунтазам равишда фаолият олиб бораяпман. Ҳарбийлар иштирокида ўтказилаётган маънавий-маърифий машғулотлар уларнинг қалбларида она Ватанимизга бўлган меҳр ва муҳаббатни кучайтириб, она юртни кўз қорачиғидек асрашга руҳлантирмоқда. Шу билан бирга жанговар тайёргарлик даврида ўтказилаётган амалий машғулотлар уларда янги техникалардан, айниқса, зирҳли машиналардан фойдаланишдаги билим ва кўникмаларини оширмоқда.

2017 йилда Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари ўртасида ўтказилган «Энг илғор экипаж командири» мусобақасида фахрли учинчи ўринни эгаллаганим мени ўз устимда янада кўпроқ ишлашга, чегара қўшинларида фойдаланиладиган техникалар имкониятларини, уларнинг барча сир-синоатларини пухта ўрганишга ва шу билимларни ёш аскарларга мукаммал ўргатишга даъват этди. Шу сабабли бор куч-ғайратимни гуруҳимдаги аскарларнинг она Ватанимиз чегараларини қўриқлашдаги билим ва маҳоратларини, жасурлигини ҳамда фидойиликларини шакллантиришга сафарбар этмоқдаман.

Фурсатдан фойдаланиб мен барча ҳарбийларни байрам билан муборакбод этаман!

Отамурод ЮСУПОВ, “Дўрман” қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежининг чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси:

– Бизнинг “Дўрман” қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежимизда 3-босқичдаги гуруҳларда мазкур фан бўйича ўтказилаётган машғулотларда ўқувчиларга фуқаро мудофааси, фавқулодда вазиятлар ҳақида тушунчалар бериб борилмоқда. Шунингдек, уларга амалий машғулотлар давомида ҳарбий машқлар, фавқулодда вазиятларда ўзи ва атрофидагилар ҳаётини муҳофаза қилиш, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш кўникмалари ўргатилмоқда. Ўқувчилар барчасини астойдил қизиқиш билан ўрганишмоқда.

Коллежда дарс машғулотлари алоҳида махсус жиҳозланган хонада ўтказилади. Ундан ташқари, ўқувчилар коллежда ташкил этилган “Ёш чегарачилар”, “Шунқорлар”, “Ёш қутқарувчилар” тўгаракларида мунтазам иштирок этиб келишмоқда. Тўгарак аъзолари туман, Pеспублика миқёсида ўтказиб келинаётган кўрик-танлов, беллашув ва спорт мусобақаларида ҳам фаол қатнашиб, фахрли ўринларга эга бўлишмоқда. Коллежимизнинг “Ёш чегарачилар” жамоаси 2011 йилда ўтказилган беллашувнинг Ўзбекистон Pеспубликаси босқичида иштирок этиб, фахрли 1-ўринни қўлга киритишга муваффақ бўлишди. Бу нафақат биз, балки бутун Қорақалпоғистон учун жуда катта ютуқ бўлди. Барча мусобақаларда фаол иштирок этиб келаётган “Жанговар” жамоаси ҳам 2014-2015 ўқув йилида ўтказилган “Шунқорлар” ҳарбий-спорт мусобақасида Қорақалпоғистон Pеспубликасида фахрли 1-ўрин ғолиби бўлиб, Ўзбекистон миқёсидаги босқичда ҳам қатнашишди ва “Фахрий ёрлиқ” билан тақдирланишди. Ўқувчиларимиз ўтган 2017-2018 ўқув йилида ўтказилган “Ёзги биатлон” спорт мусобақасида Қорақалпоғистон Pеспубликасида 1-ўринни эгаллашди ҳамда Ўзбекистон Pеспубликаси босқичида иштирок этиб, 3-ўрин соҳиби бўлишди ва “Фахрий ёрлиқ”, совғалар билан қайтишди.

Айни пайтда биз таълим берган ўқувчилар миллий хавфсизлик хизмати, ички ишлар, солиқ ва шу каби соҳаларда хизмат кўрсатиб, жамиятга наф келтиришмоқда. Биз улар билан доим фахрланиб, кейинги авлодларга ўрнак қилиб кўрсатамиз.

Улуғбек Айтимбетов Қангли ОФЙ ҳарбий ҳисоб бўлими бошлиғи:

- Қангли овули қардош Туркманистон Pеспубликаси билан чегара ҳудудда жойлашгани учун овулимиз ёшлари ва ҳудудимиздаги чегара пости аскарлари билан тез-тез учрашувлар ўтказиб турамиз. Шунданми, қанглилик ёшлар орасида мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги ҳарбий қисмларда фаолият юритаётган зобитлар ҳам кўпчиликни ташкил этади.

Айни пайтда овулимизда 318 нафар ҳарбий хизматга лаёқатли ёшлар рўйхатга олинган. Шулардан 86 нафари жисмонан етук ва соғлом ёшлардир.

Ҳудудимиздан муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган 3 нафар ёшлар хизмат қилаётган ҳарбий қисмлардан уларнинг она-оналарига ташаккурномалар билдирилган хатлар келганидан аёнки, қанглилик ёшлар ҳамиша она Ватанига содиқ, жанговар ҳарбий-тактик машғулотларда фаол!

Овулимиз ёшларидан 32 нафари 2018 йил давомида сафарбарлик резерви қўшинлари қисмларида шартнома асосидаги ҳарбий хизмат бурчларини адо этишди. Яна 28 нафар ёшлар билан шартномалар расмийлаштирилмоқда. 2019 йилги муддатли ҳарбий хизматга чақирилувчи 31 нафар ёшлар ҳарбий жанговар ҳамда назарий-илмий тест синовларини муваффақиятли топширишиб, тиббий кўрикдан ўтишди. Чақирилувчилар ҳарбий-тиббий ва жисмоний тайёргарликдан ўтказувчи комиссия хулосаларидан сўнг, мамлакатимиз мудофаа тизимидаги ҳарбий қисмларда ўз йигитлик бурчларини ўташ учун жўнаб кетишади.

Мен фурсатдан фойдаланиб, она Ватанга хизмат қилишдек муқаддас ва шарафли касб эгалари – ҳарбийларимизни, зобит ва аскарларни, халқимизни 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни билан самимий табриклайман. Етук ва баркамол йигитларимиз омон, Ватанимиз тинч, обод бўлсин!

Илҳом ЎPОЗБОЕВ, Бобур ОФЙ ҳарбий ҳисоб бўлими бошлиғи:

– Ҳудудимизда 583 нафар ҳарбий хизматга чақирилувчилар бор. Шуларнинг 12 нафари муддатли ҳарбий хизматга бориш учун туман Мудофаа бўлимига мурожаат қилишиб, айни кунда тиббий текширувлардан ўтишди, 2 нафари муддатли ҳарбий хизматда, олий маълумотли, икки нафар йигит яқинда муддатли ҳарбий хизматни тугатиб келишди. 35 нафар йигит сафарбарлик чақирув резервида хизмат қилиш учун тайёр, 7 нафари ҳарбий хизматнинг шу турида хизмат қилишаяпти. Овулимизнинг 5 нафар ўғлони муддатли ҳарбий хизматини ўтаб, шу соҳада шартнома асосида хизмат қилишмоқда. 2018 йилда Ватан олдидаги бурчини адо этган 2 нафар йигит ҳам шартнома асосида ҳарбий хизматни касб сифатида сидқидилдан адо этишаётир.

Ватанни севиш – энг муқаддас туйғу. Ўқувчи-ёшлар кўнглида шу туйғуни тарбиялаш мақсадида ва 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан 2018 йилнинг 26 декабрида Амударё мелиорация ва сув хўжалиги касб-ҳунар коллежида, жорий йилнинг шу кунигача эса 6-, 45-мактабларда ҳарбий ватанпарварлик мавзусида тадбирлар ўтказдик.

Полвонназар Исмоилов, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти курсанти:

– Муддатли ҳарбий хизмат ўтаган даврларим ҳаётимда катта ўзгариш ясалишига сабабчи бўлди. Чунки мен ўқувчилик давримда иқтисодиёт соҳасидаги касблардан бирини танлаб, шу йўналишда ўқишни давом эттиришни кўзлаган эдим. Аммо ҳар доим ҳамма нарса истаганингдек давом этмас экан. Олий ўқув юртига киролмаганимдан кейин бир йиллик ҳарбий хизматга жўнаб кетдим. У ерда қудратли миллий Армиямиз сафида хизмат қилиш ҳам шарафли, масъулиятли вазифа эканлигини англаб етдим ва келажакда ҳарбий бўлиб, Ватан мудофаасига ҳисса қўшишга қарор қилдим.

Ниятимни амалга ошириш учун Чирчиқ Олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртига ўқишга кирдим. Ҳозир иккинчи босқичда таълим олаяпман. Бу ердаги дарслар, ҳарбий тайёргарлик машғулотларида маҳоратимни ошириб, билимларни пухта ўзлаштириб олганимдан сўнг, ҳаво-десант қўмондонлиги бўйича офицер бўлиб, бор куч-ғайратимни Ватаним олдидаги муқаддас бурчимни бажаришга сафарбар этаман. Она юрт сарҳадларини мустаҳкам ҳимоя қилиш ва миллий Армиямизнинг мудофаа қудрати ошишига ҳисса қўшиш жуда шарафлидир. Барча Ватан ҳимоячилари каби, албатта, бунга доим тайёрман!

Лазиз МАТСАПАЕВ, 6-сонли мактабнинг чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси:

– Мен фаолият кўрсатаётган 6-сонли умумтаълим мактабида ёшларни, айниқса, юқори синф ўқувчиларини ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишларига алоҳида эътибор берилади.

Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси сифатида мен 10-11-синф ўқувчиларига ҳарбий ватанпарварлик йўналиши бўйича таълим бераман. Машғулотларим жараёнида мен ёшларни она Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга, уларга ҳарбий техникалар ҳақида кенгроқ тушунча беришга ва ҳарбийлар ҳаёти билан таништириб боришга кўпроқ ҳаракат қиламан.

2018 йил давомида мактабимизнинг 10- ва 11-синфлари ўқувчиларини 3 марта туманимиз ҳудудида жойлашган ва 1 марта Нукус шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмларга назарий-машғулотларга олиб бордим.

Ҳарбийларимиз ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги тасаввурларга эга бўлган ўқувчиларимиз “Ватан ҳимоячиси” деган тушунчага кўпроқ эътибор беришади. Уларнинг барчасида ҳам она Ватан ҳимоячиси бўлиш, уни кўз қорачиғидек асраш каби юксак орзу-умидлар, иштиёқлар пайдо бўлаяпти.

Мен ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасидаги билим ва тажрибаларимни янада ошириб, Ватан ҳимоячилари сафларининг кенгайишига ўз ҳиссамни қўшаман.

Суратда: “Дўрман” қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежининг чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси Отамурод Юсупов.

Янгиликни бўлишинг: