"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9384 +323.00
  • 1 EUR = 10393.7 +300.90
  • 1 RUB = 140.14 +1.53

ЭНДИ ЯХШИ ИШЛАГАН СЕКТОP PАҲБАPЛАPИ МАШИНА БИЛАН ТАҚДИPЛАНАДИ, АКСИНЧА ҲОЛДА ЭСА ХИЗМАТ ЛАВОЗИМИДАН БЎШАТИЛАДИ

Мамлакатимизда ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, халқ билан жонли мулоқот қилиб, уларнинг турмушидаги муаммо ва камчиликларини аниқлаш ҳамда бартараф этиш орқали турмуш сифатини ошириш мақсадида ҳудудларни секторларга бўлиб ишни ташкил этиш тизими жорий этилганлиги кўпгина ижобий ўзгаришларга омил бўлди, дея оламиз. Бироқ айрим ҳолларда секторлар фаолиятида аниқланган муаммоларни бартараф этиш ҳамда сектор аъзолари фаолиятини мувофиқлаштиришда сектор раҳбарларининг зарур ташкилий ва молиявий ваколатларга эга эмаслиги, аниқланган айрим муаммоларни ўз вақтида ҳал этишга тўсқинлик қилаётган ҳоллар ҳам учраётган эди. Шунингдек, секторларда ўрганишлар натижалари умумлаштирилмаётгани, статистик ҳисоботлар юритилмаётгани, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этилмаётганлиги амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилиш имконини бермаётган эди.

Эндиликда Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2019 йил 8 январда қабул қилган қарори бу камчиликларга барҳам беришга асос бўлади.

Қарорда шу мақсадда секторларнинг туман (шаҳар)- вилоят-республика тамойили асосида уларга амалий ва услубий ёрдам кўрсатиш ҳамда фаолиятини назорат қилиш бўйича ҳокимликлар, прокуратура, ички ишлар ва солиқ идораларида вертикал бошқарув тизими жорий этилади, ҳар чоракда камида бир марта секторларда амалга оширилаётган ташкилий-амалий чора-тадбирлар самарадорлиги баҳолаб борилади, бунда секторлар раҳбарларининг фаолияти ҳудудларнинг ривожланиш аҳволидаги ўзгаришлардан ва бошқа ҳаққоний мезонлардан келиб чиқиб баҳоланди, ҳар бир ҳудудда аниқланган муаммоларни ҳал этиш бўйича ҳудудий ва республика “йўл ҳариталари” ишлаб чиқилиб, амалга оширилади.

2019 йилнинг 1 февралидан бошлаб, юклатилган вазифаларнинг самарали бажарилишини таъминлаш ва секторларнинг фаолиятини мувофиқлаштириб бориш учун секторлар штаби таркибига киритилган идора ва ташкилотларнинг ҳар бир сектор бўйича масъул ходимлари сектор раҳбари билан келишилган ҳолда бириктиралди ва алмаштирилади.

Секторлар фаолиятига ҳам янгилик жорий этилади, яъни сектор раҳбари бошчилик қиладиган идорадан бир ходим сектор штаби котиби сифатида фаолият юритади ва штабдаги ишларни мувофиқлаштириб боради.

Туман, шаҳар секторлари раҳбарларига ҳар ҳафтада камида бир маротаба жойларга чиқиб, жисмоний шахслар билан уларнинг ижтимоий масалалари ҳамда юридик шахсларнинг вакиллари билан тегишли фаолият соҳалари кесимида қабул ўтказиб туриш вазифаси юклатилди.

Қарорда секторларда аниқланган муаммоларни ҳал этиш учун сектор раҳбарларининг асослантирилган сўровларига мувофиқ Қорақалпоғистон Pеспубликаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар)нинг қўшимча манбалари ҳисобидан маблағлар мақсадли йўналтирилиши белгилаб қўйилганлиги, айниқса диққатга сазавордир.

Қарорда Қорақалпоғистон Pеспубликаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг ахборот-таҳлил гуруҳлари ҳамда туманлар, шаҳарлар иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўлимлари зиммасига секторлар фаолиятига оид маълумотларни жамлаш, улар томонидан амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботни шакллантириш ва юритиш, секторлар фаолиятини мувофиқлаштиришга кўмаклашиш каби бир қанча вазифалар юкланган.

Қарорнинг яна бир муҳим жиҳати шундан иборатки, 2019 йилнинг 1 апрелидан бошлаб уйма-уй юриш, аниқланган муаммолар ва уларнинг ҳал этилганлиги тўғрисида маълумотларни ўз ичига оладиган республика бўйича ягона электрон ахборот тизими жорий этилиши ва секторлар раҳбарлари фаолиятини баҳолаб бориш тизими жорий этилишидир. Йил якунларига кўра, фаолиятида юқори кўрсаткичларга эришган секторларни рағбатлантириш мақсадида “Энг намунали сектор”, “Энг ташаббускор сектор раҳбари”, “Энг фаол секторлар штаби аъзоси” номинациялари бўйича танлов ўтказилади ва ғолиблар аниқланади. Баҳолаш натижаларига кўра, энг юқори кўрсаткичга эришган 2 нафар сектор раҳбарлари автотранспорт воситаси, секторлар фаолиятини намунали ташкил этган раҳбарлар ва унинг ишида фаол қатнашган бошқа штаб аъзолари қимматбаҳо совғалар билан мукофотланади. Аксинча, фаолияти самарасиз деб баҳоланган секторлар раҳбарлари эса эгаллаб турган лавозимидан озод этилиши ҳам кўзда тутилган.

Қарор секторлар фаолияти янада жонланишига хизмат қилиши шубҳасиз.

Ойгул PАЖАБОВА,

газетанинг махсус мухбири.

Янгиликни бўлишинг: