"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9411.3 +15.37
  • 1 EUR = 10421.1 +60.40
  • 1 RUB = 146.51 +3.04

ЯХШИ МУОМАЛА – ИНСОН ЗИЙНАТИ

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Инсон ўзи танҳо, одамлардан ажралиб Pобинзон Крузога ўхшаб, кимсасиз оролда яшаши, албатта, анча қийин. У ҳамиша бошқалар билан биргаликда муомалада бўлади, кўпчилик орасида яшашга кўниккан.

Муомала илми – хавф, рижо, ризо, сиддиқ, ихлос каби қалб ҳолатлари ҳақидаги илмдир. Тарихда ушбу илмни мукаммал эгаллаш билан кўпгина уламоларимиз эл орасида олимлик мартабасига эришганлар. Масалан, ислом тарихида Суфён Саврий, Абу Ҳанифа Кўфий, Имоми Молик, Имоми Шофъий, Имоми Аҳмад ибн Ҳанбал (раҳматуллоҳи аълайҳ)лар шундай инсонлар сирасига кирадилар.

Мусулмон одам турли тоифадаги инсонлар билан яхши муомалада бўлишга ҳаракат қилмоғи, дўстига ҳам, душманига ҳам ўзини хор тутмаслиги, уларнинг ҳайбатидан чўчимасдан, кибрдан йироқ бўлган ҳолда, эҳтиром ва тавозъе билан муомала қилиши керак бўлади. Комил инсон барча ишларда мўътадил бўлмоғи ва бир тарафга оғиб кетмаслиги даркор. Ақлли инсон жамоат жойларида тиш кавламаслиги, бармоқларини шиқирлатиб қарсиллатмаслиги, кийимини киймасдан елкасига солиб ўтирмаслиги, соқол ва узукларини кўз-кўз қилиб сийпалайвермаслиги керак.

Одамларнинг юзига қараб эснамаслиги, аксирмаслиги, таом еганда ва ичганда хўриллатиб, оғзини шапиллатмаслиги маъқул. Ўтиришлар ва тўй-маъракаларда вазминлик ва сокинлик билан ўтириб-туриши, айтмоқчи бўлган фикрини шошилмасдан, обдон миясида пишитиб, кейин гапиргани дуруст бўлади.

Жамоат жойларида сабр ва қаноат сукут билан бошқаларни кўпроқ эшитиб, тилга эмас, қулоққа куч беришнинг афзалликлари тўғрисида ҳам фақиҳларимиз эслатиб ўтганлар.

Беъмани гапларни гапирмаслик, бировларнинг ғийбатини қилишдан тийилиш ва давлат раҳбарлари шаъни ва шахсиятига ўринсиз ва номуносиб бўлган сўзларни айтишга мутлақо йўл қўймасликлари қатъиян шарт. Ўзининг бола-чақасини, хотинини, ёзган ижодий ишларини ва қилган яратувчанликларини кўпчилик олдида айтиб, ўзини-ўзи мақташи одоб дастуримизга ёт ҳаракат ҳисобланади. Бошқа бировларнинг мақтовга лойиқ бўлган ибратли ишларини жамоат ичида холис мақтаб, баҳо берилса жоиз. Аммо ёмонлаб, ҳасад қилишдан тийилмоқ зарур. Жамоат жойларида сўзловчининг гапига ниҳоятда эътиборли бўлишимиз, унинг гапидан ўта ажабланганлигимизни ён-атрофдагиларга сездирмаслигимиз ва бошқалардан гапни такроран айтишини сўрамаслигимиз лозим.

Кийиниш борасида ҳам ўта ясанишга ўч бўлмасдан, ўртача ҳолатда, ўз ёшимизга муносиб кийимлар кийишимиз, хушбўй атирларни ҳам меъёридан ошириб юбормаслигимиз зарур. Бировга ҳожатимиз бўлса, унга ҳаддан ташқари ялиниб-ёлвормасдан, ялинчоқлик қилишимиз одобдан эмас. Ҳар қандай жойда бирон кимсага зулм қилиш исломда ва дунёвий қонунчилигимизда ҳам мутлақо ман қилингандир. Бирор киши билан тортишиб қолганда ўз жойимизда виқор билан, шошилмасдан жаҳлимизни босиб олиб, ҳужжат ва фактларни яхшилаб ўйлаб, кейин жавоб қайтарсак, мақбул бўлади.

Яхши кунларингдагина, мансабинг борида дўст тутинувчи одамларни таниб- билиб олиш, улардан олислашиш керак. Чунки улар душманларнинг қилмишини ҳар лаҳзада қилиб қўйиши мумкин. Ўтиришларга ва бирон мажлисга кирганда амри маъруф қилинмаётган ёки қуръон тиловат этилмаётган бўлса, “ассалому алайкумлар”, демасдан, “ассалому алайкум”, деб салом бериб, ўтирганларнинг орасини ёриб ўтмасдан, қаерда бўш жой бўлса, ўша ерга ўтириш ва у ердаги улуғларга, уламоларга сўрашишларига имкон бериш, ундан кейин ўнг тарафдан сўрашиб бошлаш мумкин.

Ақлли инсон ўз бойлиги ва молининг миқдорини жамоатда мақтамайди. Чунки бундан бошқаларга камлик келиши ёки таъма қилиши ҳам мумкин. Баъзилар манманлик феъли сабабли бошқаларни назар-писанд қилмайди, бу асло мумкин эмас. Заиф ва ғариб инсонларнинг ҳам барчаси билан тенг муомала муносабатда бўлишига имкон бериш – бу аъло даражадаги одоб хусусиятларидандир. Хўжаназар Ҳувайдо айтадилар:

Ҳоки пойи яхшилар бўл, ҳок бўлмасдан бурун,

Бу қора ер бағри сенга чок бўлмасдан бурун.

Шайх Саъдий ўзларининг “Гулистон” асарида шундай дейдилар: “Бир куни қўлимга тушган лой (гил) парчасидан сўрадим: “Намунча хушбўй бўлмасанг? Сенинг бу хуш-бўйлигингдан маст бўлаёздим-ку?” У эса бундай жавоб берди: “Аслида мен ҳеч ким эътибор бермайдиган бир лой (гил) парчаси эдим. Аммо маълум муддат атиргул ўсган жойда бўлдим. Яъни, мендаги бу хушбўй муаттарликнинг асл сабаби атиргулдир”. Ҳа, бу ўринда яхши инсонлар билан бирпасгина ҳамсуҳбат бўлишнинг фойдаси шайх томонидан (аслида назмийда) юксак даражада ифодаланган.

Пайғамбаримиз (с.а.в) ўз ҳадисларида: “Яхши ўртоқ мушканбар соҳиби, ёмони эса темирчининг олов пурковчи босқони кабидир. Мушки анбар эгаси ё бу хушбўйликдан бир миқдорини сенга ҳадя этади ёки сен ундан харид қиласан ёхуд уни ҳидлаб фойда оласан. Аммо темирчи босқонидан чиқаётган аланга ё сенинг кийимингни ёндиради, ҳеч бўлмаса, унинг бадбўй ҳидидан ҳидлашга мажбур бўласан”, – деганлар. (Имом Бухорий, “Тажриди Сариҳ”, 1-жилд, 28-саҳифа).

Одамлар ҳаётида икки нарса билан тақдирланадилар: яхшилик қилган – яхшилик билан, ёмонлик қилган – ёмонлик билан. Бу – қайтар дунё ҳикмати, синаб кўрилган ҳақиқат. Уч нарса кишини қийнаб, умрининг за-волини тезлаштириши мумкин: бахил инсон билан бирга яшаш, тепса-тебранмас киши билан улфат бўлиш ва бажарилиши узоққа чўзилган ваъда.

Одобли одам ота-онасига ва яқинларига муомала борасида ҳар қандай ёмон хатти-ҳаракатлардан сақланади. Улар бир нарсани, айтса ёки буюрса “уф” демаслиги, доимо яхши сўзлар айтиб, кўнгилларини кўтариб қўйиши унинг фарзандлик бурчи эканлигини унутмаслиги зарурдир. (Бу масала “Қуръон”нинг “Ал-Исро” сураси, 23-оятида ҳам келтирилган).

Фарзандлар ҳеч вақт ота-онасининг исмларини айтиб чақирмаслиги, балки “ойижон”, “дадажон” деб чақиргани маъқул ва афзал ҳисобланади. Улуғ саҳобаларимиздан Абу Ҳурайра (р.а.) “Отангизнинг олдида юрманглар, уни исмлари билан чақирманглар ва ундан олдин ўтирманглар”, – деганлар. (Имом Бухорий ривояти).

Ота-она, қариялар, катта олимлар, давлат раҳбарлари, устоз-муаллимлар келса, уларнинг ҳурматини жойига қўйиб, ўрнидан туриб, қучоқлашиб кўришса – бу яхши одобдир. Пайғамбаримиз (с.а.в) бир жойда ансорийларнинг катталаридан бўлган Саъд ибн Муоз келганларида бундай деганлар: “Бошлиқларингиз учун ўрнингиздан туринг”. (Имом Бухорий ривояти).

Улуғларимиз айтибдиларки, барча сармояларнинг яхшиси ва жамики зийнатларнинг маҳбуброғи – бу муомала одобидир.

Зеро, ҳазрат Навоий айтганларидек:

Айш, Навоий, неча дилкашдурур,

Лек адаб бирла ҳаё хушдурур.

Ҳаёву адаб бирла тузгил маош,

Яна айла, таъзиму ҳурматни фош!

Не эл ёри бўлсанг, алар ранги бўл,

Нечук борсанг, туткил ул сори йўл.

Қодирберган ҳожи

Янгиликни бўлишинг: