"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8356.18 +18.93
  • 1 EUR = 9582.03 +83.58
  • 1 RUB = 124.97 +0.64

ДАСТУP ЛОЙИҲАСИДА ПОPЛОҚ КЕЛАЖАГИМИЗ ЎЗ АКСИНИ ТОПГАН

2017-2029 йилларда Ўзбекистон Pеспубликасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишнинг учинчи босқичи яъни, 2019 “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастури лойиҳаси 253 та банддан иборат бўлиб, Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг 2018 йилнинг 28 декабрь куни Олий Мажлисга қилган Мурожжаатномасида белгилаб берилган асосий вазифларни ўз ичига олган.

Кейинги йилларда ривожланишнинг шиддати ва шижоатини ҳар бир юртдошимиз ўз ҳаётида яққол ҳис қилмоқда. Ўйлайманки, “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастури 15 январгача умумхалқ муҳокамаси давомида яна ҳам сайқалланади ва йил мобайнида амалга оширилиши баробарида халқимиз турмуш фаровонлиги ортади, мамлакатимиз иқтисодий қудрати яна юксалади.

Дастурнинг “Ижтимоий соҳани ривожлантириш” деб номланган 4 бўлими айниқса, аҳоли турмуш сифатини оширишга қаратилгани билан жуда аҳамиятлидир. Мазкур бўлимнинг 1 бандида аҳоли бандлиги ва реал даромадларини изчил ошириш мақсадида энг кам ойлик иш ҳақи миқдорини белгилаш тартибини қайта кўриб чиқиш, бунда ходимларнинг иш ҳақи миқдорини ягона таъриф ставкаси бўйича тариф коэффицентини ошириш ҳисобига кўпайтириш, пенсия, стипендия ва нафақалар миқдорини ягона таъриф ставкаси бўйича тариф коэффицентларини ошириш кўрсаткичидан келиб чиқиб кўпайтириш назарда тутилган.

Шунингдек, меҳнат муносабатларини такомиллаштиришга қаратилган Ўзбекистон Pеспубликаси Меҳнат Кодексининг янги таҳририни ишлаб чиқиш, лойиҳада бозор иқтисодиёти талабидан келиб чиқиб, норасмий меҳнатдан фойдаланишнинг олдини олишга қаратилган рағбатлантирувчи нормалар ўз ифодасини топади.

Бошланаётган йилда аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида тижорат банклари томонидан мақсадли дастурларга мувофиқ микрокредитлаш ҳисобига 191,5 минг аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, фуқароларни ташкиллаштирилган ҳолда хорижий давлатларда ишга жойлаштириш орқали 200,4 минг аҳолини иш билан таъминлаш, касбга ўқитиш, ҳуқуқий ва бошқа турдаги маслаҳатлар бериш каби ижтимоий ёрдамнинг номолиявий усулларидан кенг фойдаланиш режалаштирилмоқда.

Умумхалқ муҳокамасига тақдим этилган Дастур лойиҳасида халқаро стандартларга мувофиқ касбий малакани баҳолаш тизимини жорий этишга хизмат қилувчи Ўзбекистон Pеспубликаси Президенти Қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш, лойиҳада Меҳнат вазирлигидан аккредитациядан ўтган нодавлат ташкилотларга фуқаролар малакасини ошириш ва касбий малакасини баҳолаш ҳуқуқини бериш, нодавлат ташкилотлар томонидан фуқароларга белгиланган намунадаги касбий кўникмани тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш, барча ишчи ва хизматчиларга уларнинг касбий малакасини инобатга олган ҳолда табалаштирилган ҳақ тўлаш тизимини жорий этиш ҳам режалаштирилмоқда. Агар лойиҳадаги бу норма қабул қилинса, ишчи-ходимларни иш вақтидан унумли фойдаланишга ундаши сўзсиз.

Турмуш сифатини оширишнинг асосий шартларидан бири бу – бандлик. Баъзи ишсиз фуқаролар, айниқса ёшлар ўзига муносиб иш тополмай, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлишади. Бироқ ишни нимадан бошлашни, тадбиркорлик лойиҳасини ишлашни билмайди. Дастур лойиҳасида ана шундай ҳолатга тушган фуқароларни тадбиркорлик лойиҳаларини тайёрлаш бўйича ўқитишни меҳнат гузарлари кворкинг марказларида ташкил этиш режалари ҳам ўрин олган. Pежага мувофиқ, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Савдо-саноат палатаси тузилмалари орқали фуқаролар меҳнат гузарлари ва кворкинг марказларида тадбиркорлик лойиҳаларини тайёрлаш бўйича ўқитилади, тадбиркорлик фаолиятини бошлаган фуқароларни биринчи йилда бадалдан озод этган ҳолда, Савдо-саноат палатасига аъзо қилиш ва уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш мақсад қилиб қўйилган.

Дастур лойиҳасида Ўзбекистон Pеспубликаси “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонунининг янги таҳририни ишлаб чиқиш, бу лойиҳада иш берувчининг иқтисодий мустақиллиги тамойилларини кучайтириш, қонуности ҳужжатлардаги нормаларни бевосита қонунда белгилаш, ўзини ўзи банд қилишнинг замонавий ва самарали шакллари, жумладан, масофавий меҳнат, фрилансинг каби фаолият турларини кенгайтириш ва унинг ҳуқуқий мақомини белгилаш назарда тутилган.

Ушбу бўлимнинг иккинчи банди аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини ошириш борасида бажарилиши лозим бўлган вазифаларни ўз ичига олган. Бу борада болаликдан ногиронлиги бўлган фарзандларнинг оналарига улар пенсия тайинлаш учун зарур иш стажига эга бўлмаган тақдирда, ижтимоий нафақа тайинлаш, пенсия тайинлаш учун ҳужжатларни йиғиш жараёнини тубдан оптималлаштириш мақсадида норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш, унда архивлардаги маълумотларнинг электрон базасини яратиш, идоралараро ахборот алмашувини жорий этиш, давлат хизматлари маркази орқали пенсия тайинлаш давлат хизматини йўлга қўйиш назарда тутилган.

Дастур лойиҳаси инсон омилига юксак эътибор намунаси, десак адашмаган бўламиз. Боиси унда тиббиёт муассасалари фаолиятини янада яхшилаш, аҳолининг сифатли тиббий хизматидан фойдаланишига шароитлар яратиш, санитария-эпидемиология хизматини янада такомиллаштириш, ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан протез-ортопедия буюмлари ва техник реаблитация воситалари билан бепул таъминлашни яхшилаш, оғир турмуш шароитида яшаётган хотин-қизларни корхоналардаги бўш ва квоталанган иш ўринларига жойлаштириш, ногиронлиги бўлган, фарзандларини тўлқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга имтиёзли ипотека кредити асосида арзон уй-жойлар бериш, Хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш фонди орқали хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришга 100 млрд. сўм имтиёзли кредит ажратиш режалаштирилган.

Шунингдек, арзон уй-жойлар қуриш дастурини изчил давом эттириш, аҳоли пунктларида ичимлик суви таъминоти ва оқава сув тармоғини ривожлантириш чора-тадбирларини амалга ошириш, шаҳар кўчалари ва бошқа аҳоли пунктларининг ички йўлларини капитал ва жорий таъмирлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, халққа маданий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш каби кўплаб вазифалар белгиланганки, буларнинг ижроси турмушимиз сифатини тубдан яхшилашга хизмат қилиши билан жуда аҳамиятлидир.

Ойгул PАЖАБОВА.

Янгиликни бўлишинг: