"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9433.34 -13.65
  • 1 EUR = 10354 +21.20
  • 1 RUB = 145.75 -1.19

Фаол жамоатчи мухбирлар тақдирланди

Туманимиз матбуоти – халқимиз ҳаётининг ёрқин саҳифаларини яратувчи маънавият ва маърифат дорилфунундир. Бу дорилфунун, мана 85 йилдирки, азиз амударёликларни, фидойи ва меҳнакаш халқимизни янги марралар, буюк ўзгаришлар сари илҳомлантириб, мустақиллик ғояларининг чинакам тарғиботчиси сифатидаги шарафли миссияни адо этиб келмоқда.

“Тараққиёт кўзгуси” ва унинг илова нашри “Менинг оилам” газеталарининг жуғрофий қамрови кенг, ўқишли ва халқимиз турмуш тарзига монанд мақолаларга бой равишда чоп этилишида, албатта, жамоатчи мухбирларнинг ҳиссаси катта. Газета таҳририяти билан мустаҳкам ҳамкорликда ўз ижод намуналари билан фаол иштирок этаётган жамоатчи мухбирлар қаламига мансуб адабий-бадиий, тарихий, маънавий-ахлоқий мавзулардаги мақолаларнинг муштарийлар томонидан севиб ўқилиши эса газета обуначилари сафининг ошиб боришини таъминламоқда.

Шу йилнинг 5 январь санасида “Тараққиёт кўзгуси”, “Менинг оилам” газеталари таҳририятида 2018 йил давомида публицистиканинг турли жанрларидаги ижод намуналари ҳамда шеър ва ҳикоялари билан газета фаолиятида самарали иштирок этган фаол жамоатчи мухбирлардан бир гуруҳи билан таҳририят ижодий жамоасинингучрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда “Тараққиёт кўзгуси” ва “Менинг оилам” газеталари бош муҳаррири Ғ.Ешниёзов 2018 йилда ўзларининг сермазмун ижодлари билан газетада фаол иштирок этган жамоатчи мухбирларга ижодий жамоа номидан миннатдорчилик билдириб, уларга таҳририят томонидан “Ташаккурнома” ҳамда совғалар топширди.

“Тараққиёт кўзгуси” ва “Менинг оилам” газеталари таҳририятлари билан фаол ҳамкорлик қилиб, диний-маърифий ва тарихий мавзулардаги сермазмун мақола ва очерклари билан халқимиз маънавиятини юксалтириш, ёш авлодни миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга ҳамда туман матбуоти ривожига қўшган катта ҳиссаси учун Қодирберган ҳожи Жумамуродовга, туманда ижтимоий-маънавий муҳитни ривожлантиришга, ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлашга ва рағбатлантиришга, туман матбуоти ривожига қўшган ҳиссаси учун Саъдулла Хўжаниёзовга, аҳоли ўртасида китобхонликни тарғиб қилишга, ёшлар маънавиятини юксалтиришга ҳамда туман матбуоти ривожига қўшган ҳиссаси, “Жайхун илҳомлари” ННТ тадбирларида фаол иштирок этгани учун Турсунбой Абдуллаевга, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, дўстлик ва ватанпарварлик каби юксак инсоний туйғуларни тараннум қилувчи шеърлари билан туман матбуотига қўшган ҳиссаси учун Жумабой Ҳидоятовга, юксак инсоний фазилатларни тараннум қилувчи шеърлари ҳамда муаммоларни очиб бериб, уларнинг ечимини топишга чорловчи мақолалари билан туман матбуоти ривожига қўшган ҳиссаси учун Ўрозали Pейимовга, жамият ҳаётидаги камчилик ва муаммоларни ёритувчи мақолалари, халқимиз ҳаётида юз бераётган ижобий ўзгаришларни акс эттирувчи шеърлари билан туман матбуоти ривожига қўшган ҳиссаси учун Зуҳра Аҳмедовага, ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларни оммавий маданиятнинг хатарли таъсирлари ва ёт ғоялардан асрашга хизмат қилувчи мақола ва шеърлари билан туман матбуоти ривожига қўшган ҳиссаси учун Азиза Мадраҳимовага, халқимиз турмуш тарзида юз бераётган ижобий ўзгаришлар ҳақдаги мақолалари, ёшларни ватанпарварлик ва миллий истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилувчи шеърлари билан туманимиз матбуотига қўшган ҳиссаси учун Шаҳзод Қурбонбоев ҳамда Ирода Ердошваларга “Тараққиёт кўзгуси” ва “Менинг оилам” газеталари таҳририяти томонидан “Ташаккурнома” изҳор этилиб, совғалар берилди.

“Тараққиёт кўзгуси” ва “Менинг оилам” газеталари – тан олиш керакки, сўнгги 7-8 йил ичида мақолалар мавзу ранг-баранглиги, дизайни, жанр хусусиятлари жиҳатидан юксак сифат даражасига етди, - деди Қодирберган ҳожи Жумамуродов. – Газета – ҳақиқий халқ минбарига айланди. Бундан кейин ҳам халқимизнинг бир вакили сифатида газета фаолиятида ўз мақолаларим билан иштирок этаман.

Ҳақиқатдан ҳам туманимиз матбуоти тараққиёт йўлига кирди, - деди учрашувда сўзга чиққан Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган журналист Саъдулла Хўжаниёзов. – Айниқса, ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг илк китобларини чоп этиш борасида кўмаклашиш, ўз иқтидорларини намойиш этишлари учун шароитлар яратиш борасида газеталар таҳририятининг муносиб ўрни бор.

Шунингдек, учрашувда сўзга чиққан “Тараққиёт кўзгуси” ва “Менинг оилам” газеталари масъул котиби Алламберган Жуманиёзов, Турсунбой Абдуллаев, газетанинг махсус мухбири Ойгул Pажабовалар жамоатчи мухбирлар билан ижодий ҳамкорликнинг самарали натижалари ҳақида фикрларини билдирдилар.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

 

Янгиликни бўлишинг: