"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9455.24 +21.66
  • 1 EUR = 10438.6 +84.00
  • 1 RUB = 147.25 +1.25

2019 йилги давлат дастури лойиҳаси: қонун устуворлиги ва суд-ҳуқуқ тизимида қандай ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда?

Жамоатчилик муҳокамаси учун тақдим этилган «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» Давлат дастури лойиҳасининг 2-бўлимида қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш бўйича чора-тадбирлар белгиланган. Унда асосан суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, суднинг нуфузини ошириш, суд тизимини демократлаштириш ва такомиллаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш, маъмурий, жиноят ва жиноят-процессуал қонунчиликни такомиллаштириш, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш, суд-ҳуқуқ тизимида қонунийликни янада мустаҳкамлаш, ҳуқуқий ёрдам ва юридик хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш кабилар кўрсатилган. Шунингдек, кўрсатилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича масъуллар ва муддатлар белгиланган.

Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш ва нуфузини ошириш бўйича “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисидаги Ўзбекистон Pеспубликаси қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилиши мўлжалланган. Лойиҳада  арбитр сифатида хорижий мутахассисларни жалб қилиш, хорижий мамлакатлар қонунчилигини қўллаш, низоларни халқаро арбитраж орқали кўриб чиқишнинг ҳуқуқий асослари назарда тутилади.

Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда фаолият кўрсатаётган ходимларнинг малакасини ошириш бўйича Ўзбекистон Pеспубликаси Президенти Қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳам кўзда тутилган бўлиб, унга кўра  суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда узоқ муддат давомида (5 йил ва ундан ортиқ) бенуқсон фаолият кўрсатаётган ўрта ва ўрта-махсус маълумотли ёки бошқа мутахассислик бўйича олий маълумотга эга ходимларни кейинчалик мазкур органда камида 5 йил ишлаб бериш шарти билан имтиёзли равишда шартнома асосида сиртқи бўлимларда олий юридик таълим муассасаларига қабул қилиш ва мақсадли тайёрлаш тизимини жорий этишга эътибор қаратилади. Судьяликка номзодларни тайёрлаш тизимини халқаро стандартларга мувофиқ қайта кўриб чиқиш, судьялик лавозимига номзодларни танлаш ва тайинлаш тартибини такомиллаштириш, судьялик лавозимига илк маротаба тавсия этиладиган номзодлар учун амалдаги ёш цензини қайта кўриб чиқиш кабилдар бўйича ҳам Ўзбекистон Pеспубликаси қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилиши айтиб ўтилган. Шунингдек, ҳужжатга кўра судьянинг махсус кийими тавсифи ва намуналарини ишлаб чиқиш бўйича Ўзбекистон Pеспубликаси Олий Мажлис Сенати қарори лойиҳаси тайёрланади.

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш бўйича тайёрланадиган ҳужжатлар лойиҳаларида  ресторан, кафе ва бошқа кўнгилочар объектлар да ҳуқуқ-тартибот ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш талабларини ўрнатган ҳолда уларнинг тунги пайтда ишлаш тартибини белгилаш, фуқароларга паспорт хизмати кўрсатиш тизимини соддалаштириш, илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартларни инобатга олиб, жазони ижро этиш тизимида шахсни ахлоқан тузатиш ва жамиятга ижтимоий мослашувини таъминлаш кабилар кўзда тутилган.

Маъмурий, жиноят ва жиноят-процессуал қонунчиликни такомиллаштириш  бўйича 2019 йил 1 июлда тайёрланиши кўзда тутилаётган Ўзбекистон Pеспубликаси қонуни лойиҳасида жиноят қонунчилиги нормаларини унификация қилиш, жиноий жавобгарлик ва жазо тизимини такомиллаштириш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлат манфаатларининг таъсирчан ва ишончли муҳофаза қилинишини таъминлаш, қонунчиликдаги жазони оғирлаштириш ёки енгиллаштиришга оид нормаларни қўллаш жараёнидаги инсон омилини бартараф этиш, жиноят-процессуал қонунчилиги нормаларини тизимлаштириш ва уйғунлаштириш, жиноят-процессуал қонунчиликда ярашув институти доирасини кенгайтириш назарда тутилади.

Ўзбекистон Pеспубликасининг Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳам мўлжалланган бўлиб, унга кўра маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўришнинг процессуал тартиби такомиллаштирилади.

Жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш бўйича ҳам норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси эса 2019 йил 1 февралда,  асосан жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида, жумладан фуқароларнинг ва тадбиркорлик субъектларининг мол-мулкларини ҳимоя қилишда давлат-хусусий шериклик механизмларини кенг татбиқ этиш мақсадида хусусий қўриқлаш хизматларининг ҳуқуқий асосларини яратиш, профилактика инспекторларига кўмаклашувчи профессионал фаолиятни такомиллаштириш кабилар бўйича тайёрланади.

Суд-ҳуқуқ тизимида қонунийликни янада мустаҳкамлаш бўйича суд экспертизаси фаолиятини янада такомиллаштиришни кўзда тутадиган Ўзбекистон Pеспубликаси Президенти Қарори лойиҳаси 2019 йил 15 сентябрда ишлаб чиқилиб, муҳокамага тақдим этилади. Шунингдек, Тошкент шаҳрида “Tashkent Law Spring”биринчи Халқаро юридик форумини ўтказиш бўйича чора-тадбирлар дастури тайёрланиши мўлжалланган.

Ҳуқуқий ёрдам ва юридик хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича  2019 йил 10 ноябрига қадар айрим ҳаракатлар учун нотариал тасдиқланиши шарт бўлган талабларни бекор қилиш, 2019 йилнинг май ойи давомида эса олий юридик таълим тизимига халқаро стандартларни жорий қилиш, бу борада дунёнинг етакчи таълим муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, Ўзбекистон Pеспубликаси фуқаролари ва чет эл фуқароларига бепул ҳуқуқий маслаҳат беришга мўлжалланган “Advice.uz” интерактив ахборот порталини ташкил этиш бўйича ҳам қонун лойиҳалари тайёрланади.

Шу ўринда юртдошларимиздан ўз фикр-мулоҳазалари билан Давлат дастури лойиҳаси муҳокамасида фаол қатнашишларини сўраб қоламиз. Эслатиб ўтамиз, мазкур Давлат дастури лойиҳасига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилиши мумкин.

О.Худойберганова

Янгиликни бўлишинг: