"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8624.51 +39.50
  • 1 EUR = 9676.7 +2.13
  • 1 RUB = 136.92 -0.34

Аёлга эҳтиром – миллатга эҳтиром

Якунланиб бораётган 2018 йил барча соҳаларда бўлгани каби мамлакатимиздаги хотин-қизлар ҳаётида ҳам жуда катта янгиланишлар, ўзгаришлар, ислоҳотлар йили бўлди.

Жорий йилнинг 2 февралида Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг қабул қилиниши хотин-қизлар ва оила билан ишлаш тизимини янги босқичга кўтарди. Хотин-қизлар қўмитаси фаолияти такомиллаштирилди ва ваколатлари кенгайтирилди, аниқ вазифа ва ваколатлари белгилаб берилди. Ҳар бир маҳаллада оилалар сонидан келиб чиқиб, Хотин-қизлар қўмитасининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилада маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозими жорий этилди. Ўзбекистон Pеспубликаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилди. ФҲДЁ органлари туманлар (шаҳарлар) ҳокимиятлари тасарруфига ўтказилди. Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташкил этилди.

Асосий мақсад – хотин-қизларнинг оилада, жамиятда ижтимоий мавқеини мустаҳкамлаш, сиёсий ва ижтимоий фаоллигини ошириш, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқаришлари учун шароит яратиш, аёлни бахтли қилиш, оилани мустаҳкамлашдан иборат.

Маълумки, вакиллик органларига сайловлар жараёнида хотин-қизлар учун 30 фоизлик квота жорий этилган эди. Ҳозирда туманда 1 нафар аёл Қорақалпоғистон Pеспубликаси Жўқорғи Кенгеси депутати, 8 нафар аёл Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари ҳисобланади. Шунингдек раҳбар ходимлар орасида ҳам аёллар улуши сезиларли даражада ошди. Таълим, соғликни сақлаш, мактабгача таълим, банклар, қишлоқ хўжалиги, жамоат ташкилотлари ва бошқа кўплаб соҳаларда хотин-қизлар самарали меҳнат қилишмоқда. Кредит олиб, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган аёллар сони ҳам тобора ортиб бормоқда.

Бу борада хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамоатчилик фонди томонидан 7 фоизли имтиёзли кредитлар ажратилмоқда. Хотин-қизлар қўмитаси томонидан юздан ортиқ аёлларга банкларнинг имтиёзли кредитларини олишлари учун тавсияномалар берилди.

ташқари, ногиронлиги бўлган ёки ногиронлиги бўлган фарзандини парваришлаётган аёллардан 14 нафарига турли манбалар ҳисобидан тикув машиналари совға қилинди, шундан 8 нафари касаначилик асосида иш билан таъминланди.

Хотин-қизлар қўмитаси томонидан оғир турмуш шароитида яшаётган 105 нафар хотин-қизларнинг манзилли рўйхати шакллантирилиб, муаммолари ўрганилди ва турмуш шароитларини яхшилашга кўмаклашиш, уй-жой ва иш билан таъминлаш борасида тизимли ишлар олиб борилди. 2018 йилда оғир шароитда яшаётган, ногиронлиги бўлган, боқувчисини йўқотган аёллар, фарзандларини бир ўзи тарбия қилаётган ёлғиз оналарнинг уй-жойга муҳтожлик даражаси ўрганиб чиқилиб, намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган арзонлаштирилган уй-жойлардан олишлари учун 16 нафарига уй-жойининг бошланғич бадаллари тўлаб берилди. Шу жумладан 6 нафар уй-жойга муҳтож, оғир шароитдаги аёллар уй-жойларининг бошланғич бадали хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоатчилик фонди маблағлари ҳисобидан тўлаб берилди.

Хотин-қизларга муносиб турмуш шароитларини яратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, иш билан таъминланишига кўмаклашиш бўйича манзилли ишлар олиб борилиши, айниқса, оғир шароитда яшаётган, нотинч оилалар билан олиб борилаётган ишлар самара бермоқда.

Аёллар томонидан содир этилган жиноятлар ўтган йилларга солиштирганда 50 фоизга камайди. Жиноят содир этган аёлларнинг ҳам она эканлигини инобатга оладиган бўлсак, бир жиноят ҳам кўп. Яъни, ҳеч қайси аёл жиноятга қўл урмаслиги лозим.

Содир этилган жиноятларнинг сабаблари энг аввало оилага, оиладаги маънавий муҳитга, тарбияга бориб тақалади. Туманимизда биргина 2018 йил давомида хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” маркази, маҳаллалар фаоллари билан биргаликда ажрашишгача бориб етган 80 та оила, фуқаролик судига никоҳдан ажратишни сўраб ариза берган 20 та оила яраштирилди. Лекин олиб борилган амалий ишларга қарамасдан оилавий ажрашишларнинг ўсиши кузатилди.

Оила – муқаддас даргоҳ. У ерда миллий ўзлик, қадриятлар, маънавият тарбияланади. Тўлиқ оилада ўсган фарзандларнинг кўнгли ҳам тўлиқ бўлиб ўсади. Ё отаси, ё онаси билан, баъзида эса бобо-бувиси ёки яқин қариндошлари қўлида қолиб кетаётган болаларнинг келажакда кўнглида бўшлиқ қолади. Буни ота-оналар жуда чуқур ўйлаб, англаб олишларини истар эдим.

Ўзбекистон Pеспубликаси Президентининг 2018 йил 2 июлда имзолаган қарори асосида туманда аёллар ижтимоий мослашув маркази иш бошлади. Ўтган 6 ой давомида оилавий-маиший зўравонликка учраган, ҳаётда қийналган ва оиласида нотинчлик бўлиб турган 40 нафардан ортиқ хотин-қизлардан мурожаатлар келиб тушди. Уларнинг барчаси билан суҳбатлар ўтказилиб, амалий ёрдамлар берилди, оилада ўз ўринларини топишларига кўмаклашилди.

2018 йилни сарҳисоб қилар эканмиз, амалга оширилган ишлар билан бирга ҳали қилиниши лозим бўлган, фойдаланилмаган имкониятларимиз ҳам бор эканлигини кўрамиз. Шунга кўра, Туман хотин-қизлар қўмитасининг 2019 йилга мўлжалланган “Йўл харитаси” ҳар бир ҳудуд хусусиятини инобатга олган ҳолда манзилли ишлаб чиқилди.

Хотин-қизларнинг оғирини енгил қилиш, оилаларнинг тинч-тотув, фаровон ҳаёт кечиришларини таъминлаш, фарзандларни эртанги кунимизнинг муносиб эгалари қилиб тарбиялаш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш орқали уларнинг иш билан бандлигини таъминлаш, ҳар томонлама фаоллигини ошириш йўлида бундан-да самаралироқ, энг муҳими, фидойилик билан меҳнат қилиш энг асосий вазифамиздир.

Марям АҲмедова,

туман ҳокими ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси,

Қорақалпоғистон Pеспубликаси Жўқорғи Кенгеси депутати.

Янгиликни бўлишинг: