"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8578.36 +3.26
  • 1 EUR = 9628.35 -119.76
  • 1 RUB = 134.52 -1.83

Марказий Осиёда Янги йил

Чор тарафда хуш ҳаво, Янги йилдан дараклар,

Кел ҳей, деган бир садо давраларга етаклар.

Жаранглар ажиб наво, ҳумоланиб юраклар,

Ҳар қарич ер, ҳар маъво, безанди йўл, йўлаклар,

Қор гулин элар само, қор базмида малаклар!

 

Йил айланди, Ватанга қорли, кумуш қиш келди,

Неча шаҳру ёвонга хайрли юмуш келди.

Тотувлик тафти танга энг ёқимли, хуш келди,

Кўрдингизми, ҳар лаҳза элга ҳузурбахш келди –

Юртнинг ҳусни, кўркига мафтун бўлди фалаклар!

 

Эҳе-ҳей, қаранг-қаранг! Жировлар жирлаётир,

Сўқмоқлар олди қор ранг, қирлар-да сўзлаётир.

Ўланлар сочди жаранг, дил-дилни излаётир,

Анов қирларга қаранг, кўзлар-да қувнаётир –

Қирғизим – қирдошимдан келиб эзгу тилаклар!

 

Қиз олишиб, қиз бердик, ўртага ўтов тикиб,

Майдонларда беллашдик, орият туғин тикиб.

Қардошим, деб дил бердик, эзгулик йўлин тутиб,

Шу йўлларда гул тердик, қозоқ оғамни кутиб –

Насиб этди минг йиллик қўноқ бўлиб юрмаклар!

 

Помирдан эниб келган Амуда минг бир ҳикмат,

Қондошим тожик билан туташган оби раҳмат.

“Хуш омадед!” – деб турган ҳар ширин забон албат,

Pўдакий, Навоийдан мерос улуғ қадрият –

Кўнгилларни ўстирган бахтдан баланд кўкраклар!

 

Бедов отни жиловлаб, қурга тушган қурдошим,

Махтумқулидан сўзлаб, соғинтирган сирдошим.

Шайх Нажмиддин Кубродан бир илдиз ва издошим,

Кўҳна Гурганж ва Лебоб йўлида сафардошим –

Туркманим пойин қучиб ёзилди гул палаклар!

 

Давралар тўлди, қаранг, неча миллат бирлашиб,

Ўлан ё айдим сўранг, куйлаб берар жамлашиб.

Либослар камалакранг, қизлар келар сирлашиб,

Бир тарафда ёш-яланг ҳатто “қор хат” йўллашиб –

Юзлар бўлди лоларанг, гупирганда юраклар!

 

Ягона тарихимиз ва кўнгиллар муштарак,

Сув ичган ариғимиз, дил жомимиз муштарак.

Боқий қадриятимиз ҳам шонимиз муштарак,

Ҳайит-у айёмимиз ор, шаънимиз муштарак –

Замин-у осмонимиз, офтобимиз чарақлар!

 

Бир ёнда оқин, бахши, жам бўлди созандалар,

Куй-қўшиқ давра нақши, жўр бўлди гўяндалар.

“Лазги”нинг бор-да гашти, қилмайин ҳеч кандалар,

“Омон-омон”дан олди, созанда-гўяндалар –

Марказий Осиёни қучиб орзу-истаклар!

 

Сулҳ тузилди ўртада – Тинчлик бўлди шевамиз,

Она Ер – харитада – бир яйловда тевамиз.

Нон-у туз дастурхонда – битта боғда мевамиз,

Соғиниб, чорлаганда тўлиб кетар теграмиз –

Минг шукур, бўлди насиб, давр-у даврон сурмаклар!

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: