"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9490.77 +22.73
  • 1 EUR = 10455 -115.20
  • 1 RUB = 148.82 -1.13

МАСТ ҚИЛУВЧИ ИЧИМЛИКЛАP ИЧИШ ШАPИАТДА ҲАPОМ ҚИЛИНГАН

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм!

Аллоҳ таоло айтади: “Эй иймон келтирганлар! Албатта, май (маст қилувчи ичимликлар), қимор, бут-санамлар ва (фол очадиган) чўплар шайтоннинг ишидан иборат ифлосликлардирки, ундан четлашингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз”. (“Моида” сураси, 90-оят).

Хамр (ароқ)дан четлашишга бўлган буйруқ ўша нарсанинг ҳаром эканлигига энг кучли далиллардан ҳисобланади. Оятда хамр (ароқ) бут-санамларга яқин қилиб келтирилади. Ваҳоланки, бут-санамлар ғайридинларнинг илоҳлари ҳисобланади.

“Аллоҳ таоло хамрнинг ҳаром эканлигини айтмаган”, –дея эътироз қилувчилар ҳам чиқиши мумкин. Аммо Аллоҳ таоло хамрнинг ҳаромлиги сабабли “ундан четлашинглар!” – деган.

Хамр ичган киши тўғрисида Pасулуллоҳ (с.а.в.) ҳадисларида ҳам огоҳлантирувчи чақириқлари мавжуд.

Жобирдан ривоят қилинган бир ҳадисда: “Маст қилувчи ичимлик ичган кишига Аллоҳ таоло “Тийнатул хобал” ичиришини ваъда қилган”. Саҳобалар “бу нима”, – деб сўраганларида Пайғамбаримиз: “Бу дўзах аҳлининг (оққан) тери ёки йиринги”, – деганлар. (Имом Муслим ривояти).

Ҳозирги давримизда хамр ва маст қилувчи ичимликларнинг турлари ниҳоятда кўпайиб кетган.

Pасулуллоҳ айтганларидек: “Менинг умматим ичида бир тоифа инсонлар бўлади. Улар хамр ичишади. Уларни бошқа ном билан номлашади”. (Имом Абу Довуд ривояти).

Яна Пайғамбаримиз: “Ҳар бир маст қилувчи хамрдир. Ҳар бир хамр ҳаромдир”, – деганлар. (Имом Муслим ривояти).

Инсон ақлини чалкаштириб, маст қилувчи ҳар қандай емиш ва ичимликнинг ози ҳам, кўпи ҳам ҳаромдир. Уларнинг қандай номланишидан қатъий назар, моҳият-эътибори ва мақсади битта, яъни одамни маст-аласт қилиш. Шундай экан, унинг ҳукми барчамизга маълум бўлди.

Шароб ичган бир одам маст бўлиб, енгил нажосати билан қўлини, юзини юва бошлабди. Унга: “Нима қилаяпсан?”, – дедилар. “Қўлларимни, юзимни ювмоқдаман”, – деб жавоб берди у.

Бу ҳикоядан мақсад ичкилик одамларни қай аҳволга солишини кўрсатишдир. Айби бор одамлар бундан хулоса чиқариб, ибрат олишсалар керак. Дарҳақиқат, ичкилик инсоннинг номус ва шарафига энг катта доғ туширувчи воситадир.

Бир маст кишининг юзларини кўчадаги дайди ит келиб ялай бошлабди. Шунда маст итга қараб: “Эй афандим! Эй султоним! Яратган сени муборак қилсин” – дермиш. Ит эса унинг юзига сия бошлабди. Итнинг бу ишига ҳам маст киши яна ташаккур айтармиш.

Ҳа, ҳақиқатдан ҳам мастлик ақлсизликдир. У инсоннинг ақлини шу даражада олиб қўядики, мастлар бундай пайтларда нима қилганларини ва нима гапирганларини аксарият ҳолларда билмайдилар. Номус, ор, шараф каби инсоний қадриятлар унда мутлақо йўқолади. Ақлли одамлар бундай иллатлардан астойдил сақланишга, имкон қадар вақт ғаниматида ичкиликни эртароқ ташлашга қатъий киришадилар ва ниҳоятда ўлчовли бўлган ўз шахсий ҳаётларини ичкилик оғусидан асраб қолишларига иродалари ҳали етишади, деб ишонамиз.

Қуръони Каримнинг “Моида” сураси, 90- ва 91-оятида: “Эй иймон келтирган бандалар! Албатта, май (маст қилувчи ичимлик), қимор, бут-санамлар ва (фол очадиган) чўплар шайтон ишидан иборат ифлосликлардирки, ундан четлашингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз. Шайтон май билан қимор (ёрдами)да ўрталарингизга адоват ва нафрат солишни ва сизларни Яратганнинг зикри ҳамда намозидан қайтаришни хоҳлайди. Бас, энди сизлар (май ичишдан) тийилувчимисиз?”, – дея уқтирилади.

дини Пайғамбаримиз (с.а.в) даврларидаёқ май (ароқ ва маст қилувчи) ичимликларни ичишни тақиқлаган ва ҳаромга ҳукм қилган. Бу тақиқлов ўз навбатида асрлар давомида одамларни ярамас, ғайри-ахлоқий ишлардан четлаштира олди ҳам.

Pивоятларда айтилишича, “Тўфон ҳодисасидан кейин Нуҳ кемадан тушиб, кемасида олиб келган мевали дарахтларнинг кўчатларини ерга экдилар. Кўчатлар орасидан узум кўчатини топа олмадилар ва ўғли Сомдан сўрадилар, у ҳам топа олмади. Жаброил келиб: “Ё Нуҳ, узум (ток) кўчатларини шайтон ўғирлаган, ундан талаб қилсанг, топиб берур”, дедилар. Шайтон алайҳилаъананинг илтимосларига кўра, Нуҳ уни токзорга боғбон қилиб белгилайдилар.

Ток кўчатларидан катта боғ барпо қилишади. Шайтон алайҳилаъана инсонларга ўз ёмонлигини қилиб, узумзорни суғорганида унинг сувига шерни сўйиб, қонини сувга аралаштириб ўғитлаш усулини ишлатади. Кейин айиқнинг қонини сувга қўшиб ўғитлантиради ва ундан сўнг йўлбарс ҳамда итни сўйиб уларнинг қонидан узумзорни ўғитлашни давом эттиради. Бўри ва тулкини, чўчқани ва товуқни ҳам сўйиб, уларнинг қонидан ҳам сувга аралаштириб, ўғитлайди. Ток кўчатлари тез фурсатларда ўсиб, мева бера бошлайди. Инсон ҳаваси келадиган даражадаги етти хилдаги ҳосилдор узум навларига айланади. Шайтони-лаъин бу узумлардан шароб тайёрлаб, ундан инсонларга бера бошлайди. Ана шу шаробдан кимда-ким ичса, даставвал шердек бўкириб, куч-қувватга тўлади, кейин йўлбарсдек ғазабнок ва шижоатли, айиққа ўхшаб бўкиради, бўриларга ўхшаб жанжалкаш ва итлар сингари уришқоққа айланадилар. Бора-бора тулкиларга ўхшаб ҳар нарсадан ҳадиксирайдиган ва чўчқага ўхшаб ахлатлар орасида ҳам ағанаб ётаверадиган, товуқларга ўхшаб тўғри келган жойда бошини қаноти остига олиб, ухлаб қолаверадиган одатлар чиқаради”. (Абу Ҳомид Ғаззолийнинг “Ҳаёт ул-қулуб” китобидан олинди).

Фиқҳ илмининг улуғларидан бири Абу Лайс Самарқандий ўзларининг “Танбеҳ улғофилийн” номли китобларида хамр ичкилигини ичиб, маст бўлган одамларда ўнта ёмон хислат зоҳир бўлишини айтиб ўтганлар:

– ичкиликбоз маст бўлгач, унда ёш болаларнинг тентаклиги зоҳир бўлиб, кўп кулади;

– ақлсизлик ва нодонлик қилиб, молдунёсини ўринсиз совуришни бошлайди;

– қариндош-уруғларининг ва дўст-биродарларининг кўнгилларига тегиб, улар билан алоқаларини узади;

– Аллоҳ таолонинг ибодатларидан ва миллий қадриятларимиздан бутунлай мосуво бўлади;

– ичкиликдан маст бўлган вақтларида ҳар бир кўрган аёли билан зино қилишга мойил бўлади;

– унинг қалбида барчага нисбатан ёмон фикрлар уйғунлашади ва булар унга оддий бир ҳолатдек бўлиб кўринади;

– Аллоҳнинг фаришталари ҳам уни ҳимоялашдан безор бўлади;

– шариат ҳукмига кўра, ичкилик ичувчига саксон дарра уриб жазоламоқ буюрилган. Аммо ушбу жазо берилмаса, у дунёда уни янада оғирроқ жазо кутади;

– унинг юзига осмон эшиклари ёпиб қўйилади ва унинг дуолари ҳамда савоблари қабул қилинмайди;

– ўлими вақтида иймонидан ажралиш хавфи ҳам бордир.

Илоҳо, зоти покинг, ғафуру роҳиймлик сифатинг, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафонинг (с.а.в.) ҳақ-у ҳурматлари учун бизларни шайтоннинг шарридан ўзинг паноҳингда асрагин, охирги дамда иймон гавҳаридан жудо этмагин. Омин, бироҳматика ё арҳамар роҳимийн!

Қодирберган ҳожи, исломшунос.

Янгиликни бўлишинг: