"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9433.34 -13.65
  • 1 EUR = 10354 +21.20
  • 1 RUB = 145.75 -1.19

Маънавий бойлик ҳам керак

Бозор муносабатларига ўтилиши биланоқ катта-ю кичикда пул топишга – моддий бойликлар эгаси бўлишга қизиқишнинг кучайганлиги бор ҳақиқат. Давр талаби ҳам шуни тақозо этмоқда. Аммо маънавий бойлик ҳам жуда зарур. Моддий ва маънавий бойлик тарозининг иккипалласига, электр токи зарядларига ўхшаб кетади назаримизда.

Муҳтарам Президентимиз И.А.Каримов барча маъруза ва нутқларида жамият тараққиётида маънавиятнинг роли катта эканлигини қайта-қайта таъкидлайдилар.

Сабаби ёш авлод тарбиясида, жамият ривожланишида маънавиятнинг, адабиётнинг роли катта. Адабиёт эса матбуот, телевидение, радио орқали кенг тарғиб этилади. Шу жумладан турли саналарга бағишлаб ўтказиладиган адабий кеча, шеърият кечаси ҳамда ижодкорлар мушоиралари воситасида ҳам.

Шу нарсани алоҳида таъкидлаш жоизки, туманимизда адабиётга ва ижодиётга қизиқиш азалдан катта бўлган ва айни кунда ҳам бу қизиқиш сўнгани йўқ.

Барчамиз яхши биламиз, ўтган асрнинг ўрталарида, 1957 йилнинг декабрь ойида Қорақалпоғистон Pеспубликасига қарашли Қипчоқ ва Хоразм вилоятига қарашли Манғит туманлари бирлаштирилиб, янги Амударё тумани ташкил этилди. Қипчоқ туманининг "Социализм йўли” ва Манғит туманининг "Сталинчи” ижтимоий-сиёсий газеталари таҳририятлари бирлаштирилиб, иккала туман қўшилганидан сўнг "Амударё ҳақиқати” газетаси чоп этила бошлади.

Номлари тилга олинган газеталар туманимизда адабиётга, ижодиётга қизиқувчиларнинг пайдо бўлиши ва сафлари ортишида муҳим аҳамият касб этдигина эмас, балки ижод аҳлининг тажриба мактабига айланди.

Кези келганида туман газетасида ўз вақтида шеърлари билан қатнашган ижодкорлар номини тилга олиш мақсадга мувофиқдир. Булар раҳматли устозларимиз Собир Юсупов, Йўлдош Қурбоний, Нурулла Худоёров, Йўлдош Жуманиёзов, Оннамурод Ойимбетов, Соат Қурбонбоев, Қодир Оллаберганов, Ўрин Сафарий, Турсунбой Давлатбоев, Бобожон Ўрозметовлар, шунингдек Болтабой Бекбаулов, Боғдагул Иброҳимова, Гулғунча кабилар. Уларнинг ижодлари намуналари юқорида номлари тилга олинган газеталар саҳифаларида абадий муҳрланиб қолди.

Кўп йиллардан буён ижод қилиб келаётган ижодкорлар бор. Булар Жумабой Бекчонов, Азим Pажабов, Холбой Ўрозметов, Гулнора Матёқубова, Ҳайитгул Йўлдошева, Салима Холбоева, Жонгила Бобожонова, Бектемир Бекчонов, Хушнуд Ёқубжонов, Мадиёр Болтабоев, Сафарбой Оннамуродов, Худойберган Жумамуродов, Худойберган Саидмуродов, Фарҳод Авезов, Аҳмад Нафасов, Жумабой Ҳидоятов, Турсунбой Абдуллаев, Хонимжон Pажабова, Ойгул Pажабова, Pобия Йўлдошева, Санобар Хўжамуродова, Зебо Pажабова, Зулфия Оллоёрова, Баҳодир Жумамуродов, Ўлмасбек Хўжаев, Тожибой Дўсанов, Жабборберган Қурбонбоевлар.

Кейинги икки йил ичида туман миқёсида раҳматлик журналист ва шоирлар, устозларимиз Собир Юсупов ва Турсунбой Давлатбоевларнинг юбилейлари муносабати билан хотира кечаларини ўтказдик. Шунингдек 4 марта ижодкорларимизнинг шеърият ва мушоира кечаларини ҳам ташкил қилдик. Бу тадбирларнинг барчаси фуқароларимиз, айниқса ёшларимизнинг маънавий ҳаётини бойитишга хизмат этмоқда, деб айтсак ҳақлимиз.

Моддий бойлик билан биргаликда барчамизга маънавий бойлик ҳам керак. Бу муҳим ишда туманимизда катта-ю кичик ижодкорларимиз бундан кейин ҳам фаол қатнашадилар, ижодий меҳнат меваларини китоб ҳолига келтириб нашр қилдиришиб, адабиёт ихлосмандларига совға этишади, деб умид қиламиз.

Орзуга айб йўқ, дейишади. Туман ижодкорларини бирлаштирувчи адабий уюшма тузиш ҳамда барча ижодкорларнинг шеър ва ҳикояларини тўплаб, китоб ҳолида нашр эттириш ниятларимиз ҳам бор. Шунингдек режалаштириб қўйган бошқа адабий-бадиий тадбирларимиз ҳам юксак маънавият сабоқларини беришига ишонамиз. Ахир, маънавий бойликҳеч бир тўфонлар вайрон қила олмайдиган, биров зўрлик билан тортиб ололмайдиган энг буюк хазинадир. Чунки бу хазина ҳар биримизнинг юрагимиздадир.

Саъдулла ХЎЖАНИЁЗОВ,

Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган журналист.

Янгиликни бўлишинг: