"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8356.18 +18.93
  • 1 EUR = 9582.03 +83.58
  • 1 RUB = 124.97 +0.64

Савдо ярмаркаларида кўрсатилаётган хизматдан аҳоли мамнун

Халқимиз ҳар бир байрамни ўзига хос нишонлаш учун алоҳида тараддуд билан кутиб олади. Айниқса, Янги йилнинг гашти бошқача. Бу кунга ҳар бир оилада катта тайёргарлик кўрилади. Тадбиркор-у фермерлар, боғбон-у соҳибкорлар ҳам кенг турда хизмат кўрсатишни бошлаб юборишади. Байрам яқинлашгани сари бозорлардаги маҳсулотлар нархида ўсиш ҳолати кўп кузатилаётганлиги сабабли, бундай вазиятда аҳолига моддий жиҳатдан катта зиён етишининг олдини олиш мақсадида сўнгги йилларда байрамлар муносабати билан давлат томонидан арзонлаштирилган махсус савдо ярмаркалари ишга туширилмоқда.

Бу борадаги Вазирлар маҳкамасининг тегишли қарори асосида 2018 йилнинг 7 декабридан 2019 йилнинг 10 январига қадар Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида Янги йил савдо ярмаркалари ташкил қилиниб, уларда 26 турдаги қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари арзон нархларда сотилиши белгиланган. Туманимизда ҳам байрамолди қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилиб, айни кунда аҳолига кенг хизмат кўрсатилмоқда.

“Манғит деҳқон бозори”да 450 та савдо ўрни мавжуд. Савдо ўринларининг 424 таси қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотишга мўлжалланган расталар, 26 таси эса озиқ-овқат маҳсулотлари сотиладиган савдо шохобчаларидир. Айни пайтда бозорга қарашли бўлган “Амухаридсавдосервис” ва “Манғит бозор савдо” савдо-харид корхоналари ҳам фаолият юритмоқда. Шунингдек, аҳолининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига эҳтиёжини қондириш мақсадида бозор маъмуриятининг тумандаги фермер ва деҳқон хўжаликлари билан биргаликдаги шартномалари тузилиб, уларга ўзлари етиштирган маҳсулотларини бозорда сотишлари учун етарли шароит ва қулайликлар яратилган. Бу қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нархи ўсиб кетишининг олдини олишда муҳим ўрин тутиб, нархларнинг бир маромда сақланиб туришини таъминламоқда.

Деҳқон бозорларида харидорларга кўрсатилаётган хизматлар кўламини янада кенгайтириш мақсадида ярмаркалар турғун савдо расталарида ташкил этилиб, байрамона безатилган. Бозорга киритилаётган барча турдаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ветеринария-санитария экспертиза лабораториялари ходимлари томонидан текширувдан ўтказилгач, сотишга рухсат берилмоқда.

Ярмаркада 23 якка тартибдаги тадбиркор, “Амударё инвест плюс” масъулияти чекланган жамияти, бозорга қарашли савдо-харид корхоналари ўз маҳсулотлари билан иштирок этишмоқда. Айни кунларда гўшт ва сут маҳсулотлари, шакар, макарон, нон, картошка, пиёз ва бошқа сабзавот маҳсулотлари, мева-сабзавот, шунингдек, консерваланган гўшт, балиқ маҳсулотлари – жами 42 турдаги истеъмол маҳсулотлари арзон нархларда аҳолига етказиб берилмоқда. Барча савдо тармоқлари назорат-касса машиналари ва савдо терминаллари билан жиҳозланганлигидан харидорлар мамнун. Янги йил муносабати билан ташкил қилинган ярмаркада шу пайтга қадар 2.8 тонна мол гўшти, 3.2 тонна товуқ гўшти, 9 минг 200 дона тухум, 2.8 тонна картошка, 3.1 тонна пиёз, 2.1 тонна сабзи, 3.5 тонна ҳар хил мева-чевалар ва бошқа турдаги маҳсулотлар ҳам сотилди.

«Манғит деҳқон бозори» ҳудудидаги савдо расталари, савдо шохобчалари ҳамда янги йил муносабати билан ташкил қилиниб, аҳолига намунали савдо хизмати кўрсатаётган ярмарка фаолиятидан халқимиз ниҳоятда мамнун.

Ш.Янгибоев, "Манғит деҳқон бозори" МЧЖ директори.

Янгиликни бўлишинг: