"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8356.18 +18.93
  • 1 EUR = 9582.03 +83.58
  • 1 RUB = 124.97 +0.64

ИСЛОМБЕК МАТКАPИМОВ “ЎЗБЕКИСТОН PЕСПУБЛИКАСИ ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ФИДОЙИСИ” КЎКPАК НИШОНИ СОҲИБИ БЎЛДИ

Ўзбекистон Pеспубликаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 июнда қабул қилган 87-сонли Қарорига мувофиқ қабул қилинган “Ўзбекистон Pеспубликаси қишлоқ хўжалиги фидойиси” кўкрак нишони тўғрисида”ги Низомда ушбу кўкрак нишони билан меҳнат тажрибаси ва касбий малакага эга, фаолиятида юқори натижаларга эришган, соҳада фидокорона меҳнати билан намуна бўлган Ўзбекистон Pеспубликаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги марказий аппарати, унинг ҳудудий ва  таркибий бўлинмалари раҳбар ходимлари, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналари, хизмат кўрсатувчи ташкилотлар, давлат ва хўжалик бошқаруви идоралари ҳамда жойлардаги ижро ҳокимияти органлари ходимлари тақдирланиши белгиланган эди.

Мамлакатимизда декабрь ойининг иккинчи якшанбасида нишонланган Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни арафасида “Ўзбекистон Pеспубликаси қишлоқ хўжалиги фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирланган юртдошларимиз номлари эълон қилинди. Уларнинг сафида туманимиз Қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Исломбек Маткаримов ҳам бор.

1982 йилда Тўлқин овулида зиёлилар оиласида туғилган, 2003 йилда Тошкент кимё-технология институтини тугатиб, туманимизда ўз меҳнат фаолиятини бошлаган Исломбек 2003-2004 йиллар мобайнида Манғит қишлоқ хўжалик касб ҳунар коллежида ишлаб чиқариш таълими устаси, 2004-2005 йилларда 7-сонли мактабда лаборант, 2005-2007 йилларда туман Қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими сувдан фойдаланувчилар бирлашмалари ишларини мувофиқлаштириш бўйича бош мутахассис, 2007-2009 йилларда туман Қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими шартнома бўйича бош мутахассиси, 2009-2010 йилларда “Ўзаргосуғурта” давлат акциядорлик суғурта компанияси Қорақалпоғистон Pеспубликаси дирекцияси Амударё туман бўлинмаси бошқарувчи менежери, 2010-2013 йилларда Ўзбекистон Pеспубликаси “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати туман Кенгаши раиси, 2013-2014 йилларда туман ҳокимлиги жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича бош мутахассиси, 2014-2015 йилларда “Ўзбекистон почтаси” очиқ акциядорлик жамияти Қорақалпоғистон филилали Манғит почта алоқа тармоғи бошлиғи, 2015-2018 йилларда “Тўлқин” муқобил машина-трактор парки раиси, 2018 йилдан эса туман Қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи лавозимларида фидойилик билан меҳнат қилиб келмоқда. Шу билан бирга 2011 йил бошидан бери “Амударё соҳили” фермер хўжалигини моҳирлик билан бошқариб, барча соҳалар бўйича маҳсулот етиштириш режаларини ортиғи билан адо этиб, фермерликни ривожлантириш, чорва маҳсулотларини кўпайтиришда самарали меҳнат қилиб келмоқда.

У раҳбарлик қилаётган “Амударё соҳили” фермер хўжалиги асосан чорвачиликка – гўшт ва сут маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган. Хўжалик ташкил қилинган йили банк кредити маблағлари ҳисобидан Голландия технологияси асосида янгидан замонавий услубда чорва комплекси қурилиб ишга туширилди ва четдан наслли моллар келтирилди. Биргина 2017 йилнинг ўзида Польша давлатидан умумий баҳоси 172,6 минг АҚШ долларлик 66 бош наслли моллар олиб келиниб, ҳозирги кунда зотдор моллар сони 180 бошга етказилди.

Хўжаликда олинаётган даромад ҳисобига ер ҳайдаш, экиш, ўрим-йиғим техникалари, ўт ўриш, озуқа майдалаш-тайёрлаш агрегатлари олиниб, деярли барча ишлар ўз техникалари ёрдамида амалга оширилади.

Тиниб-тинчимас йигит 2011 йилда балиқчиликни ҳам йўлга қўйиб, бу борада ўз билимларини ошириш, дунё илғор тажрибаларини ўрганиш мақсадида Вьетнам давлатида Ўзбекистон Pеспубликаси делегацияси сафида семинарда бўлиб қайтди, “Аму Тўлқин балиғи” масъулияти чекланган жамиятини ташкил этиб, умумий қиймати 58 миллион сўмлик кичик инкубация цехини ишга туширди. Ҳар йили мазкур цехда 5 тоннадан зиёд балиқ етиштирилмоқда.

Тадбирли, изланувчан, интилувчан йигит қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтиришга қўшаётган ҳиссаси учун 2014 йилда “Ташаббус” кўрик-танловининг “Энг яхши фермер” йўналишида Қорақалпоғистон бўйича ғолибликни қўлга киритиб, мамлакат босқичида иштирок этишга муваффақ бўлди ва “Озиқ-овқат саноатидаги энг яхши йил тадбиркори” номинацияси ғолиби бўлди.

Исломбекнинг чорвачилик соҳасида эришаётган муваффақиятларини Қорақалпоғистон миқёсида оммалаштириш учун наслчилик фермер хўжаликлари раислари, мутахассислари иштирокида кейинги уч йилда 5 марта мазкур фермер хўжалигида кўргазмали семинар ўтказилгани ҳам бежиз эмас.

Хўжалик даромадлари ҳисобидан 2016 йилда сут ва гўштни қайта ишлашга мўлжалланган цех, 1 та маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси, замонавий услубда кичик футбол майдончаси қурилиб ишга туширилди ва натижада 25 та янги иш ўрни яратилди.

Исломбек Маткаримов ҳудуддаги ишсиз аҳолини иш билан таъминлаб, уларнинг ҳам оиласи иқтисоди юксалишига ҳисса қўшаётган ташаббускордир.

Унинг бу савобли хизматлари эътироф этилиб, яқинда, Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни арафасида “Ўзбекистон Pеспубликаси қишлоқ хўжалиги фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирлангани кўпчиликни қувонтирди.

Табиатан тиришқоқ бу йигитнинг ҳали кўплаб хайрли ишлар қилишига ишонамиз.

Ойгул PАЖАБОВА.

Янгиликни бўлишинг: