"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 9467.27 +3.63
  • 1 EUR = 10570.2 +86.50
  • 1 RUB = 149.13 +0.60

Амударё туманидаги секторлар раҳбарлари “Ўзбекистон Pеспубликаси қишлоқ хўжалиги фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирланди

Қишлоқ хўжалиги мамлакатимизда етакчи соҳалардан бири ҳисобланади. Иқтисодиётни юксалтиришда асосий ўрин тутиб келаётган мазкур тизимда самарали ислоҳотлар, салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Бу ўз навбатида иқтисодиётимиз ривожи ва халқимиз турмушининг фаровонлигига хизмат қилмоқда.

Туманимизда ҳам бу борада юксак натижаларга эришилиб, пахта ва ғалла етиштириш, пилла тайёрлаш бўйича режалар ортиғи билан бажариб келинмоқда. Шунингдек, боғдорчилик, сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва бошқа қатор йўналишлар ҳам йил сайин ривожланмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг ҳудудларни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир Қарорида деҳқон хўжаликлари, томорқа учун ажратилган ерлардан мақсадли фойдаланиш, мева-сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик ва бошқа фаолият турларини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ташкил этишда фермер хўжаликларига кўмаклашиш бўйича чоралар кўриш секторлар раҳбарларининг асосий вазифаларидан бири қилиб белгиланганлиги боис туманда барча ҳудудларда қишлоқ хўжалиги ривожлантирилишига секторлар раҳбарлари томонидан алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Туманимизда аграр соҳада салмоқли натижаларга эришилгани учун қишлоқ хўжалиги ходимлари куни арафасида Ўзбекистон Pеспубликаси Қишлоқ хўжалиги вазирининг буйруғи билан Амударё туманидаги секторлар раҳбарлари – туман ҳокими С.Йўлдашев, туман прокурори Ж.Муфтуллаев, туман Ички ишлар бўлими бошлиғи Д.Ибрагимов ва туман Давлат Солиқ инспекцияси бошлиғи Б.Камоловлар “Ўзбекистон Pеспубликаси қишлоқ хўжалиги фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.

 

Мавзуга доир: Амударё тумани ҳокими Султонбой Йўлдашев “Ўзбекистон Pеспубликаси қишлоқ хўжалиги фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.

 

“Ўзбекистон Pеспубликаси қишлоқ хўжалиги фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирланган туман прокурори Ж.Муфтуллаев иш фаолиятини қишлоқ хўжалиги соҳасида бошлаган бўлиб, у Элликқалъа туманида Ветеринария бўлимининг лабораториясида вет-санитар, кейинчалик “Қишлоқхўжаликкимё” АЖ Элликқалъа филиалида ҳуқуқшунос вазифаларида ишлаган. Туман ҳокимлигининг ҳуқуқ маслаҳатчиси, туман прокуратураси катта нозири, иш ўрганувчи терговчи ва терговчиликдан туман прокурори катта ёрдамчисигача бўлган вазифаларда хизмат қилиб, кейинчалик Ўзбекистон Pеспубликаси Бош прокуратурасида масъул лавозимларда фаолият кўрсатган. Ж.Муфтуллаев Ўтган йилдан бошлаб, Амударё туман прокурори лавозимида хизмат қилиш билан бирга тумандаги 2-секторга раҳбарлик қилиб, ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшиб келмоқда.

Туман Ички ишлар бўлими бошлиғи, 3-сектор раҳбари Д.Ибрагимов ҳам бир неча йиллардан бери Ички ишлар тизимида қатор масъулиятли лавозимларда хизмат қилиш билан бирга ўтган йилдан бошлаб туман Ички ишлар бошлиғи вазифасини сидқидилдан бажариб, ўзи раҳбарлик қилаётган 3-сектор ҳудудида фермер хўжаликларида иш суръатининг янада самарали бўлиши йўлида қатор чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда.

“Ўзбекистон Pеспубликаси қишлоқ хўжалиги фидойиси” кўкрак нишони соҳиби бўлган туман Давлат Солиқ инспекцияси бошлиғи Б.Камолов ҳам ўз соҳасининг билимдони бўлиш билан бирга, бор билим ва салоҳияти билан туманимиз иқтисодиётини янада ривожлантириш, халқимиз турмуш даражасини янада юксалтириш йўлида фидойи меҳнат қилиб келаётган кадрлардан биридир. Ўз малакасини қатор масъул лавозимларда хизмат қилиб оширишга эришган Б.Камолов ҳам ўтган йилдан бошлаб туман Давлат Солиқ инспекцияси бошлиғи вазифасида ишлаб келмоқда. Унинг раҳбарлигидаги 4-сектор ҳудудидаги фермер хўжаликларининг деярли барчаси давлатга пахта ва ғалла топшириш бўйича шартномавий режаларини ортиғи билан бажариб, ҳосилдорликни йил сайин ошириб келмоқда.

Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан соҳа ривожига қўшган салмоқли ҳиссаси учун “Ўзбекистон Pеспубликаси қишлоқ хўжалиги фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирланган барча секторлар раҳбарларини давлат ва халқ ишончига эришгани билан табриклаймиз ва келгусидаги фаолиятида зафарлар тилаймиз!

“Тараққиёт кўзгуси” газетаси таҳририяти.

 

Янгиликни бўлишинг: