"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8455.37 +3.63
  • 1 EUR = 9554.57 +76.63
  • 1 RUB = 131.53 +1.63

ЯНГИ ТАҲPИPДАГИ СОЛИҚ КОДЕКСИ ЛОЙИҲАСИ ЖАМОАТЧИЛИК ТОМОНИДАН КЕНГ МУҲОКАМА ҚИЛИНМОҚДА

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида янги таҳрирдаги Солиқ Кодексининг лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Қуйида юртдошларимизнинг лойиҳа ҳақидаги фикрларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Ботир Камолов, туман Давлат Солиқ инспекцияси бошлиғи:

Янги Кодексга кўра, давлат солиқ хизмати органлари – Ўзбекистон Pеспубликаси Давлат солиқ қўмитаси, Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси, Қорақалпоғистон Pеспубликаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармалари, шунингдек, туманлар, шаҳарлар ва шаҳардаги туманлар давлат солиқ инспекциялари, божхона органлари – Ўзбекистон Pеспубликаси Давлат божхона қўмитаси, Давлат божхона қўмитасининг Қорақалпоғистон Pеспубликаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри бўйича бошқармалари, божхона комплекслари ва божхона постлари, молия органлари – Ўзбекистон Pеспубликаси Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Pеспубликаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг молия бош бошқармалари, туман ва шаҳар ҳокимликларининг молия бўлимлари ҳамда бошқа мажбурий тўловларни ундириш вазифасини амалга оширувчи давлат органлари ва ташкилотлари ваколатли органлар ҳисобланади.

Солиқ тўловчилар ва ваколатли органлар солиқ муносабатларининг субъектларидир. Лойиҳада солиқ қонунчилиги мажбурийлик, аниқлик, солиқ солишнинг адолатлилиги, солиқ тизимининг бирлиги, солиқ тизимининг ягоналиги, солиқ қонунчилигининг ошкоралиги ва солиқ тўловчи тўғрилигининг презумпцияси принципларига асосланиши кўрсатиб ўтилган. Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларидаги бартараф этиб бўлмайдиган барча қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар солиқ тўловчининг фойдасига талқин қилинади.

Муқаддас БЕКНАЗАPОВА, халқ депутатлари туман Кенгашининг маҳаллий бюджетни шакллантириш ва уни ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси раиси:

Янги таҳрирдаги Солиқ Кодекси лойиҳасида қайд этилганидек, ҳар бир шахс ушбу Кодексда белгиланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашга мажбурдир.

Ҳеч кимга ушбу Кодексда назарда тутилмаган ёхуд унинг меъёрларини бузган ҳолда ўрнатилган солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш мажбурияти қўйилмайди. Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар аниқ бўлиши керак. Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари шундай шакллантирилиши керакки, бунда ҳар бир солиқ тўловчи қандай солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни, қачон, қанча миқдорда ва қандай тартибда тўлаши лозимлигини аниқ билиши керак.

Агар ушбу Кодексда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ўрнатишда солиқ тўловчилар, шунингдек, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар элементларини аниқлаш зарур. Бундан ташқари, солиқ солиш умумий бўлиши кераклиги, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзларни ўрнатиш ижтимоий адолат тамойилларига мувофиқ бўлиши лозимлиги ҳам айтилган, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар беришнинг алоҳида турларига рухсат берилмаслиги қайд этилган.

Эътиборли жиҳати, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар камситувчи характерга эга бўлмаслиги ҳамда ижтимоий, ирқий, миллий, диний ва шунга ўхшаш бошқа мезонларга мувофиқ қўлланилиши мумкин эмаслиги, солиқ тизими барча солиқ тўловчиларга нисбатан Ўзбекистон Pеспубликаси ҳудудида бир хил бўлиши кераклиги қатъий белгиланган.

Тамара Юсупова, “Tamara textil” МЧЖ раҳбари, тадбиркор:

Янги таҳрирдаги Солиқ Кодекси лойиҳасида солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқлари тўлиқ кўрсатиб ўтилган. Унга кўра, солиқ тўловчилар давлат солиқ хизмати органлари ва бошқа ваколатли органлардан амалдаги солиқлар, бошқа мажбурий тўловлар, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартишлар тўғрисида маълумот олиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, давлат солиқ хизмати органлари ва бошқа ваколатли органлардан ўз солиқ мажбуриятларини бажариш бўйича мавжуд бўлган маълумотларни олиш, солиқ масалалари бўйича ўз манфаатларини шахсан ёки ўз вакили орқали ифодалаш ваколатига ва бошқа ҳуқуқларга эга эканлиги кўрсатилган.

Муҳокама жараёнидаги таклифлар асосида лойиҳа янада такомиллаштирилиб, айниқса, тадбиркорлар учун кўпроқ қулайлик яратилишига эътибор қаратилса, мамлакатимизнинг иқтисодий ривожланишига ижобий таъсир кўрсатиши шубҳасиздир.

Озода Худойберганова тайёрлади.

Янгиликни бўлишинг: