"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8584.5 +5.64
  • 1 EUR = 9673.87 +44.65
  • 1 RUB = 136.34 +1.48

“Миллий рақслар” танловида ёш ижрочилар ўз иқтидорларини намойиш этдилар

Ҳар бир халқнинг рақс анъаналари, ижро услуби ўз миллийлигидан келиб чиқиб яратилган. Pақс санъати Бухоро рақси, Хоразм рақси, Фарғона рақси йўналишида шаклланиб, замонавий саҳна талаблари асосида қайта ишланган саҳнавий халқ рақси сифатида ривожланди. Ўтган давр мобайнида мазкур йўналишларнинг ҳар бири бир қанча тарихий босқични босиб ўтиб, ўз шакли шамойили, мазмунига эга бўлди. Бир қатор давлат ва халқ рақс жамоалари жаҳонга танилди.

Миллий рақс санъатини янада ривожлантириш борасидаги чора-тадбирларни амалга ошириш ва рақс бўйича ёшлардаги иқтидорни шакллантириш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида туман Маданият бўлими томонидан ҳам тўгараклар ташкил этилиб, унга кўплаб ёшлар жалб этилмоқда. Шунингдек, турли танлов ва тадбирлар ўтказилиб, катта саҳналарга чиқишларига имконият яратилмоқда.

23 ноябрь куни туман Маданият ва аҳоли дам олиш марказида туман Маданият бўлими, Халқ таълими бўлими ва Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши ҳамкорлигида “Миллий рақслар” танлови ўтказилиб, унда тумандаги мактаблар ўқувчилари иштирок этдилар. Ўқувчилар ўртасида иқтидорлиларни аниқлаш ва миллий қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида ўтказилган танлов гуруҳ рақс ва якка рақс йўналишларида ўтказилди. Саҳна маданияти, либослар, рақснинг бадиий савияси, мусиқалар миллийлигига алоҳида эътибор қаратилган танловда гуруҳ рақс йўналиши бўича тумандаги 76- ва 40-сонли мактаблар рақс жамоалари 1-ўрин ғолиблигини қўлга киритдилар. Якка рақс йўналиши бўйича эса 76- ва 16-сонли мактаб ўқувчилари 1-ўрин ғолиби бўлдилар. Ғолиблар ташкилотчилар томонидан “Фахрий ёрлиқ” ва совғалар билан тақдирландилар.

О. Худойберганова.

Янгиликни бўлишинг: