"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8562.34 +26.26
  • 1 EUR = 9731.96 +165.00
  • 1 RUB = 135.34 +2.43

ТИЛОВБОЙ ОТАНИНГ БОШҚАЧА ЎҒЛИ

Хидирбой серфарзанд оилада вояга етди. У Тиловбой ота билан Оймон онанинг учинчи фарзанди эди. Ўзидан бошқа 10 нафар ака-ука, опа-сингиллари ҳар бир масалада Хидирбойга маслаҳатгўй, сирдош ва дўст каби меҳрибонлик кўрсатишарди. Тиловбой ота ўқимишли ҳосилот – агроном эди. Илм-у маърифатли отасидан меҳнаткашликни, пишиқ-пухталикни, илмни қадрлашни ўрганган фарзандлар ҳам эл-юртда кам бўлишмади. Беш ака-уканинг барчаси олий маълумотли бўлишиб, эл-юртда обрў-эътибор қозонганларидан мамнун Тиловбой ота фахр билан сўзлайдилар:

– Аввал фарзандларим 11 нафар эди, келин-у куёв болаларим билан 22 нафар бўлишди, невараларимнинг ҳисобидан адашиб кетаман, минг шукур, – дейди отахон. – Аммо, шу Хидирбой ўғлим барибир бошқача.

Тиловбой ота таъриф берганларидай, Хидирбой Тожимов ҳақиқатдан ҳам болалигидан бошқача эди. Мактабда энг аълочи ўқувчи, Тошкент Давлат Тиббиёт институтида курсдошлари орасида энг билимдон, изланувчан талаба, камгап ва камтарин, бирор бир масалада фикр айтиш галида қатъиятли ва чўрткесар инсон, самимий дўст сифатида танилди. 1988 йилда институтни муваффақиятли тугатган Хидирбой Тожимов иш фаолиятининг илк интернатура босқичини Pоссиянинг Тюмень шаҳар шифохонасида ўтказди. Амалий иш фаолиятининг бир йиллик интернатура босқичини муваффақиятли ўтаган Хидирбойга Қўнғирот туман марказий шифохонасига йўлланма беришди. Бу ерда бир йил давомида тиббиётнинг жарроҳлик йўналиши бўйича ўз маҳоратини оширган Хидирбой Тожимов 1990 йилдан 2001 йилгача ўзи туғилиб-ўсган Амударё туман Тиббиёт бирлашмаси ҳузуридаги кўп тармоқли поликлиникада онколог-шифокор сифатида халққа самарали хизмат қилди.

Ишда талабчан ва изланувчан, ўз соҳаси бўйича билимдон бу йигитга ишонч билдиришиб, 2001 йилда туман Тиббиёт бирлашмаси ҳузуридаги ташҳис бўлими мудирлигига тайинлашди. Бир вақтнинг ўзида бўлим раҳбарлиги ҳамда эндоскопист-шифокор вазифаларини аъло даражада уддалашга эришган Хидирбой Тожимовни 2012 йилда туман Тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг ўринбосари лавозимига тайинладилар.

Фидойиликнинг мукофоти – ишонч, – дейди халқимиз. Қарийб 30 йиллик шифокорлик фаолияти давомида ўзи раҳбарлик қилган тиббиёт бирлашмаси ташҳис бўлимида ҳавас қиларли даражада намунали меҳнат интизоми яратиб, бўлимнинг энг замонавий тиббиёт асбоб-анжомлари билан таъминланишига эришган, жарроҳ-онколог, шифокор-эндоскопист сифатида кўплаб инсонларга ҳаёт қувончини ато этган Хидирбой Тожимовнинг бугунги кунда ўнлаб шогирдлари эл-юрт саломатлиги фидойиларидир.

–Инсоннинг неки қилган яхши иши бўлса, эл-юрт айтсин, халқнинг баҳоси – ҳақиқий баҳо, - дейди Хидирбой Тожимов. – Мен эса ўз зиммамдаги вазифамни адо этаяпман, холос.

Хидирбой Тожимов оилада ҳам қатъиятли ва талабчан ота, меҳрибон ва ҳурматли умр йўлдош. Pафиқаси Шириной 52-сонли мактабда ўқитувчи. Бу зиёли оила тарбиясини олган икки нафар ўғилларининг бири – Ғуломжон Тошкент Давлат педиатрия институтининг Нукус филиалида, Одилбек эса Қорақалпоқ Давлат Университетида таҳсил олишмоқда. Айни пайтда 85 ёшга тўлган Тиловбой отанинг: “Хидирбой ўғлим бошқача”, – дея қувонганларича бор, Хидирбойнинг ўғиллари ҳам бошқача – отасига тортишган – интилувчан, қатъиятли ва билимдон.

Ҳаёт ана шундай инсонлар билан гўзал, завқли. Биз фидойи инсон Хидирбой Тожимовнинг оила аъзоларига ҳаётингиз ҳамиша завққа тўлсин, соғлик ва бахт ҳамроҳингиз бўлсин, – деймиз.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

Янгиликни бўлишинг: