"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8314.85 +14.80
  • 1 EUR = 9408.25 -3.29
  • 1 RUB = 123.85 -2.39

Ўзбекистон Pеспубликаси Вазирлар маҳкамаси раисининг ўринбосари Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева Амударё туманига ташриф буюрди (+видео)

 

14 ноябрь куни Ўзбекистон Pеспубликаси Бош Вазири ўринбосари, Pеспублика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева Амударё туманига ташриф буюрди.

Меҳмон дастлаб Манғит шаҳрининг Дурунки маҳалласида қаровсиз ётган бинода таъмирлаш ишлари олиб борилиб, керакли  жиҳозлар, тикув машиналари олиб келинган ва шу куни фойдаланишга топширилган тикувчилик цехининг тантанали очилиш маросимида қатнашди. Цехда 10 нафар моҳир тикувчи қизлар ўз фаолиятларини бошладилар. 

Бош вазир ўринбосари Т.Норбоева бошчилигида меҳмонлар Манғит шаҳридаги 9-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида бўлиб, бир гуруҳ аёллар билан учрашди. Учрашув чоғида хотин-қизларимизнинг жамиятимизда тутган ўрни, уларнинг барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлардаги иштироки ҳақида, уларга кўрсатилаётган ғамхўрликлар ҳақида сўз борди.

Шундан сўнг сўзга чиққан онахонлар хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ғамхўрликлар учун давлатимиздан, Президентимиз Ш.Мирзиёевдан чексиз миннатдор эканликларини изҳор этдилар.

Учрашувда ногиронлиги бўлган, ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этаётган  бир гуруҳ аёл-қизларга совутгич, тикув машинаси, газ плитаси ва бошқа маиший техникалар совға қилинди.

Бу сана Туркманистондан келин бўлиб тушган, Ўзбекистонда шахсини тасдиқловчи ҳужжати бўлмаганлиги сабабли бир неча йиллардан буён  фарзандларига туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома олишда муаммоларга дуч келаётган Pавшаной Бозорбоева учун ҳам эсда қоларли кун бўлди. Унинг фарзандлари Зилола ва Умида Сафарбоеваларга шу куни туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома тантанали равишда топширилди.

Учрашув якунида туман Маданият бўлими санъаткорлари томонидан концерт дастури намойиш этилди.

Меҳмонлар “Бойовул” маҳалласида яшовчи, болаликдан ногирон Юлдуз Габдухабированинг хонадонига ҳам ташриф буюрдилар. Танзила Норбоева Юлдузнинг орзу-ниятлари, қизиқишлари билан танишиб, у билан суҳбатлашди. Юлдуз чизаётган турли расмларни кўриб, бу расмларни мактабгача таълим муассасалари ва бошқа жойларда оммалаштириб, унинг иқтидоридан фойдаланиш бўйича тавсиялар берилди. Шунингдек, туман ҳокимлиги номидан хонадон эгаларига кир ювиш машинаси совға қилинди.

 

Янгиликни бўлишинг: