"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8314.85 +14.80
  • 1 EUR = 9408.25 -3.29
  • 1 RUB = 123.85 -2.39

Конституция кунига бағишланган тадбир

8 декабрь - Ўзбекистон Pеспубликаси Конституцияси қабул қилинган кун. Шу муносабат билан 7 декабрь куни туман ҳокимлигининг мажлислар залида байрам тадбири бўлиб ўтди.

 


Конституция барча қонунларимизнинг асоси, мамлакатимиз фаровонлиги, халқимиз бахт-саодатининг кафолатидир. Истиқлол йилларида ҳаётимизнинг барча жабҳаларида кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бунинг замирида энг аввало инсон хуқуқ ва эркинликларига бўлган эътибор, унинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, инсон ҳуқуқларининг энг олий қадрият сифатида тан олиниши каби ҳаётий тамойил ётади. Ана шу каби ғоялар бундан 21 йил муқаддам қабул қилинган Бош қомусимизда алоҳида мустаҳкамланган.

 Туман ҳокимлигида мазкур сана муносабати билан ўтказилган тадбир аввалида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Pеспубликаларининг Давлат мадҳиялари янгради. Байрам тадбирида туманимиз ҳокими, ҳокимлик масъул ходимлари, ҳуқуқ-тартибот органлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи боқариш органлари, муассасалар раҳбарлари, таълим соҳаси ходимлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок қилдилар. Тадбирда туманимиз ҳокими, Қорақалпоғистон Pеспубликаси Жўқорғи Кенгеси депутати Pажаббой Йўлдошев натқ сўзлади.

 Туманимиз ҳокими ўз сўзида йиғилганларни мамлакатимизнинг Бош Қомуси бўлмиш Конституциямизнинг 21 йиллиги билан муборакбод қилиб, Конституция – бу, истиқлол ва мустақил Ўзбекистон рамзи, ғурур-ифтихори, шу заминда истиқомат қилаётган, миллати, дини, ирқи, тилидан қатъи назар, барча учун мустаҳкам ҳимоя, фуқаролик жамиятимиз истиқболини аниқлаб берувчи дастуриламал ҳужжат эканлигини таъкидлади.

 

Чиндан ҳам, Ватанимиз мустақиллигининг йигирма икки йиллиги кенг нишонланган жорий йилда Конституция куни байрами ҳам ўзгача руҳ ва кўтаринки кайфиятда нишонланмоқда. Зотан, ўтган йигирма икки йил давомида давлатимизнинг халқаро майдонда ўз ўрнини топиши, барча соҳаларда кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш ва юксак марраларга эришиш, халқимиз учун ҳеч кимдан кам бўлмаган фаровон ҳаёт барпо этишда асосий қонунимиз – Ўзбекистон Pеспубликаси Конституцияси мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилди. Олдимизга қўйган бош мақсадимиз – ҳуқуқий демократик давлат, эркин фуқаролик жамияти қуриш йўлидаги барча саъй-ҳаракатларимиз ҳам конституциямизга таянган ҳолда олиб борилмоқда.

 

Энг муҳими, Конституциямизда инсон шаъни, қадр-қиммати олий қадрият сифатида эътироф этилган. Мамлакатимиз мустақилликка эришган илк кунлардан бошлаб ана шу эзгу тамойил асосида иш олиб борилмоқда. Барча ишларимиз аҳолининг тинч ва фаравон ҳаёт кечириши, дастурхонимиз тўкин-сочинлиги йўлида амалга оширилмоқда, деди туманимиз ҳокими ўз сўзида.

 Тадбирда сўзга чиққанлар ўз нутқларида тарихан қисқа давр мобайнида Конституция ўз юридик тарихининг кўп асрлик ҳуқуқий анъаналари ва жаҳон тажрибасининг энг илғор жиҳатларини, энг мақбул принципларини ўзида мужассамлаштирганлигига ва уни амалда тўла намоён этаётганлигига алоҳида эътибор қаратдилар.

 Тадбир сўнгида туман маданият ва спорт ишлари бўлими томонидан тайёрланган байрам дастури йиғилганлар эътиборига ҳавола қилинди.

Янгиликни бўлишинг: