"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8271.27 +21.03
  • 1 EUR = 9374.66 -18.59
  • 1 RUB = 121.79 -3.67

У БИPИНЧИЛАPДАН ЭДИ...

Янгибой Явидов 1934 йилнинг 14 ноябрида Манғит туманининг Ўрта қалъа овулида таваллуд топди. Pаҳматлик падари Явда бобо ўз замонасининг ўқимишли ва маърифатли кишиларидан бўлиб, Хивадаги Шерғозихон мадрасасида таҳсил олган эканлар. Явда бобо тариқат аҳлидан бўлиб, эл-улус орасида обрў-эътибори ниҳоятда юксак бўлган. Бобо кексайган бир паллада кўрган ягона фарзанди Янгибойнинг ҳам илмли бўлишини истаб, ўғлининг ўқиши учун оилада зарур шароитларни яратиб берганлар.

Янгибой Явидовнинг ёшлик ва ўқувчилик йиллари иккинчи жаҳон уруши ва урушдан кейинги алғов-далғовли даврларга тўғри келади. Ўша пайтларда ўн йиллик умумтаълим мактаблари ҳали фақат туман марказларидагина бўлиб, чекка қишлоқ жойлардаги аксарият ёшлар еттинчи синфни битиргач, колхозларда ишлаб қолиб кетар эдилар. Янгибой Ўрта қалъа овулидаги етти йиллик мактабни битказгач, илмга чанқоқлиги туфайли 1948 йилда Манғит шаҳридаги 1-сонли ўрта мактабнинг 8-синфига ўқишга қатнай бошлайди. Шаҳаргача ҳали тўғри йўллар қурилмаган ўша кезларда Янгибойнинг дала ва қамишзор кўллар, Юсуф хўжа ва Сарт овул ҳудудларини қишнинг қаҳратон кунлари ва асаднинг жазирамаларида ҳар куни пойу-пиёда босиб ўтишига тўғри келган.

Ҳар бир воқеа ва ҳодисанинг аввал ибтидоси ва кейин эса интиҳоси зуҳр бўлиши каби бу тиниб-тинчимас ёшгина йигитнинг илм олиш йўлида қилган меҳнатлари, тотган азоблари кейинчалик унинг ҳаётида ўзининг ижобий самарасини кўрсатди. Алишер Навоий лафзи билан айтганда:

Тухум ерга тушиб чечак бўлди,

Қурт меҳнат қилиб ипак бўлди.

Сўзимиз аввалида Явда бобонинг масжид ва мадраса кўрган юксак онг-фаросат ва илм соҳиби эканликларини эслатиб ўтган эдик. Явда бобо ўз ўғлига касб танлаш масаласида шундай ҳикматлар ёзиб қолдирган эканлар:

“Дунёда шундай бир улуғ ва олижаноб касб борки, ҳеч бир касб бунга тенг кела олмаслар, бу – табобат (табиблик) касбидир.

Зеро, ўз соғлигини йўқотган одамга на мол-у мулк, на олтин-кумуш, на мансаб, на илм татийди, ҳатто энг яхши мусиқа садоси ҳам унга ёқмайди. Хаста одам кеча-ю кундуз ўз дардидан фориғ бўлишни ўйлайди, холос. У бу дарддан халос бўлмоғи учун ҳеч бир нарсасини аямайди ҳам.

касблар яхши, барчалари ҳам ҳаётда инсоният учун шарафли ва зарурийдир. Аммо табобат (табиблик) дан зарурроқ бирон касбу корни мен ҳеч англаб билолмадим. Ушбу касбнинг этагидан маҳкам ушлашингни сендан ота сифатида сўрар эдим, ўғлим Янгибой” деб арабий “насталиғ” хатида васият қолдирган эканлар.

Умумтаълим мактабини аъло баҳоларга битирган Явда бобонинг ягона фарзанди Янгибой Явидов туман ёшларидан биринчи бўлиб 1951 йилда Тошкент Тиббиёт институтининг даволаш факультетига ўқишга киради.

Сабр-қаноат, бардош, ота тарбияси ва дуоси уни доимо олдинга, қийинчиликлардан эса ғолибликка етаклаганини раҳматлик Янгибой ака ҳаётлик чоғларида унинг хонадонида бўлиб ўтган бир суҳбат асносида жуда чиройли қилиб айтиб берганлигини ҳали-ҳануз ҳурмат ва эҳтиром билан эслаб келаман.

Олис қишлоқдан келган, моддий таъминотсиз талаба, ҳеч қаерда ишламайдиган, ёши бир жойга бориб қолган кекса чолнинг ягона фарзанди иккинчи жаҳон урушидан кейинги оғир йилларда Тошкентдай шаҳри азимда ўқиб, кун кечиришини бир тасаввур қилиб кўринг-а! Онадан етим қолиб, ёлғиз кекса отаси қўлида тарбия топган Янгибой болалик йилларидаёқ отасининг панд-насиҳатларини руҳиятига сингдириб, ҳалол меҳнатда тобланган эди.

1956 йилнинг ёз фаслида маҳаллий аҳоли ёшлари орасида биринчилардан бўлиб Тошкент Тиббиёт институтини битириб, ўзи туғилиб-ўсган қадрдон юрти, Манғит туманининг марказий шифохонасига давлат тақсимот ҳайъатининг йўлланмаси билан жарроҳ-шифокор бўлиб ишга келган кунини Янгибой Явидов шундай эслаган эдилар:

“Мен дастлаб юмушга келган пайтим шифохонада Гаухман Владимир Панкусович бош шифокор ва жарроҳлик ишларини ҳам уддалаб келаётган эканлар. Бу инсон том маънодаги ҳақиқий шифокор эдилар. Ундан жарроҳлик амалиётидаги ўзига хос сир-асрорларни астойдил ўргандим. Владимир Панкусович тиббиёт соҳасида ўта тажрибали ва илмий салоҳиятли шифокор бўлиб, у шогирдларидан ҳеч нарсани аямас ва яширмасдан оддий, тушунарли услубда жарроҳлик ишини эринмасдан ўргатар эдилар. У беморлар билан тезда тил топишиб кетар, бир кўрган кишисининг исми- шарифларини иккинчи учрашиб қолсалар, тўлиқ ва равон, қийналмасдан айта оларди. Энг асосийси, у таъмагир бўлмаган ва бизларнинг онг-шууримизга ҳам ушбу феълни сингдиришга ҳаракат қилардилар. Ундан кўп ҳаётий сабоқлар олдик”.

Я.Явидов 1956 йилдан то умрининг охиригача, қарийб 51 йил давомида туманимиз аҳолисига моҳир шифокор-жарроҳ сифатида ҳалол хизматлар қилдилар.

Янгибой ака ҳам раҳматлик отаси Явда бобо каби имон ва эътиқодда собит, эл ишончига ҳамда ҳурматига сазовор инсонлардан эдилар. У 1997 йилда исломиятдаги фарз ибодатларидан ҳисобланувчи ҳаж ва умра амалларини адо этдилар.

“– Муқаддас Каъба, Масжидул Ҳарамни кўриш, унинг илоҳий раҳматидан баҳраманд бўлиш, Аллоҳга беҳад шукроналар бўлсин, менга ҳам насиб этди.

Мустақиллигимизнинг шарофати туфайли исломий ва миллий қадриятларимизнинг тикланиши, инсон шахсиятига, унинг имон ва эътиқодига давлатимиз томонидан қилинаётган юксак эътибор ҳар бир инсон қалбида шукроналик туйғусини уйғотади”, – деган эдилар Янгибой ҳожи бобо ҳаж таассуротлари юзасидан 1997 йилнинг кузида туман газетасига берган интервьюсида.

Машҳур немис файласуфи Иоганн Гёте: “Инсон учун илм орттиришнинг ўзигина кифоя эмас. Олинган билимни тараққиёт йўлида сарфлашни ҳам билмоқ лозим”, – деганида қанчалик ҳақ эди. Дарҳақиқат, Янгибой Явидов 71 йиллик умри давомида ҳамиша ўз касбига садоқат, замондошлари ва шогирдларига эса меҳр-оқибатли, қолаверса, ўта маданиятли инсон сифатида яшадилар. Ҳозирда унинг катта фарзанди Бахтиёр туман Тиббиёт бирлашмасида шифокор-жарроҳ бўлиб фаолият юритмоқда. Иккинчи ўғли Баҳодир Явидов Москва шаҳридаги поликлиникалардан бирида малакали тиббиёт ходими. Энг кичик ўғли Баҳром эса Нукус Давлат Педагогика институтининг доценти, физика фанлари докторидир. Ягона қиз фарзанди Сайёра Явидова ҳам ота касбини эгаллаган. У ҳам Тошкент Тиббиёт академиясини тугатган, ҳозирда Нукус шаҳридаги “Салмонбой” хусусий шифохонасининг бош шифокоридир.

Хуллас, Янгибой Явидов бир умр эл-юрт хизматида бўлди. Азиз халқи учун камарбаста, фидойи, билимдон фарзандлар тарбиялади. Шу боис, амударёликлар бу қалби дарёдек жўшқин инсонни ҳамиша хотирлаб, ҳурмат-эҳтиром билан эслаб юрадилар.

Қодирберган ҳожи.

Янгиликни бўлишинг: