"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8271.27 +21.03
  • 1 EUR = 9374.66 -18.59
  • 1 RUB = 121.79 -3.67

БАPКАМОЛ АВЛОД ТАPБИЯСИ – УСТУВОP ВАЗИФА (+видео)

Келажак эгалари бўлган ёш авлодни етук ва баркамол қилиб вояга етказиш – эртанги кун учун мустаҳкам пойдевор яратиш билан баробардир. Шу боис мамлакатимизда таълим ва тарбия тизими давлат сиёсатининг устувор йўналиши даражасига кўтарилди ҳамда соҳага алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Таълим ва тарбия тизимининг илк бўғини мактабгача таълим соҳаси ҳисобланади. Доимий эътиборда бўлган соҳада ўтган йилдан бошлаб туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда ва ривожлантирилмоқда. Президентимизнинг 2017 йилги “Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Фармони ҳамда “Ўзбекистон Pеспубликаси Мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” ги Қарорга мувофиқ бу соҳада янги тизим яратилди ва Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди.

–Бугунги кунда вазирлик томонидан мактабгача таълим муассасаларининг давлат ва нодавлат тармоқларини кенгайтиришга, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилиб, таълим ва тарбия жараёнларига замонавий таълим дастурлари, технологиялар жорий этилмоқда. Янги нодавлат боғчалари қурилиб фойдаланишга топширилмоқда. Давлат тасарруфидаги боғчалар эса қайта таъмирланиб, янгидан жиҳозланмоқда.

Назархон овулидаги 10-сон мактабгача таълим муассасаси ҳам “Обод қишлоқ” дастури доирасида қайта таъмирланди.

1976 йилда қурилган боғчанинг таъмирланишига дастур доирасида 735 млн. сўм сарфланди. Айни пайтда янги қиёфага келтирилган боғчадаги 6 та гуруҳда 130 нафар, 2 та қисқартирилган гуруҳда 50 нафар болажонларга таълим ва тарбия берилмоқда. Болажонларга 10 нафар тарбиячи ва 10 нафар ёрдамчи тарбиячилар машғулотлар ўтказиб, тарбия билан шуғулланишмоқда. Машғулотлар янгидан жорий қилинган “Илк қадам”дастури асосидаги режалар бўйича олиб борилмоқда. Дастур асосида олиб борилаётган машғулотлар кичкинтойлардаги қизиқишни тобора орттирмоқда.

Бугунги кунда боғчамиз мусиқа ва жисмоний тарбия машғулотлари қўшимча тарзда ўтказилмоқда. Болажонларга чет тилларини ҳам ўргатишни йўлга қўйиш мақсадида инглиз ва рус тили бўйича ҳам машғулотлар ташкил қилиш режалаштирилмоқда. Эрталабки нонушта, тушлик ва иккинчи тушлик пайтларида асосан соғломлаштиришга эътибор қаратилиб, болажонларга фойдали маҳсулотлардан тайёрланган озиқ-овқатлар берилади. Ўйин машғулотлари ўйинчоқлар билан безатилган гуруҳ хоналарида ва очиқ ҳавода олиб борилади, -дейди 10-сон МТМ мудираси А.Атабоева.

Машғулотларни янада қизиқарли қилиб ўтказиш, кичкинтойларга зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида боғчага улар учун ўқув қуроллари, янги ўйинчоқлар ва керакли жиҳозлар келтирилиши ҳам мўлжалланмоқда. Тарбиячилар ҳам ўз устида ишлаб, тажриба алмаштириш мақсадида туман Мактабгача таълим бўлими томонидан ташкиллаштирилаётган ўқув семинарларида иштирок этиб боришмоқда. Шунингдек, махсус ўқув курсларида малака ошириб, тарбия ва таълим жараёнларида янги педагогик услубларда болажонлар учун қизиқарли машғулот ўтказишмоқда. Боғчадаги тажрибали тарбиячилар Хонзода Каниязова, Гулнора Мамбетова, Ҳурлиқо Сафарниёзова, Ақсингул Сарсенбоевалар ёрдамчи тарбиячилар Ойгул Яхшимова, Арзайим Давлетяровалар нафақат кичкинтойларнинг, балки ота-оналарнинг ҳам меҳрини қозонишга муваффақ бўлишмоқда.

Давлатимиз томонидан соҳа ходимларига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, сентябрь ойидан тарбиячиларнинг иш ҳақлари 30 фоизга, ёрдамчи тарбиячиларники эса 20 фоизга оширилди. Бу эътибор соҳа ходимларини руҳлантириб, зиммаларидаги вазифани сидқидилдан адо этишга, янада масъулиятли бўлишга ундамоқда.

ёш авлод эртага келажаги буюк, истиқболи баланд давлат барпо этади. Уларга илк бора таълим-тарбия бериладиган маскан – мактабгача таълим муассасаларидаги сифатнинг янада оширилишини таъминлаш эса келажак эгаларини тарбиялаш йўлидаги устувор вазифа ҳисобланади.

О.ХУДОЙБЕPГАНОВА.

Янгиликни бўлишинг: