"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8271.27 +21.03
  • 1 EUR = 9374.66 -18.59
  • 1 RUB = 121.79 -3.67

Туманда маҳаллий бюджет ҳисобидан иккита мактаб филиали биноси янгидан қурилди (+видео)

Мактаб – ёш авлод таълим ва тарбия оладиган, уларга мустақил ҳаёт сари йўл кўрсатиб, камолга етказадиган улуғ даргоҳдир. Бу даргоҳда ўзлигини таниб, мақсадини топган инсонлар илм-фан, иқтисодиёт, технология каби кўплаб соҳалар ривожига ҳисса қўшиш билан бирга жамиятни ҳам тараққиёт сари етаклашмоқда. Тараққиёт сари илдам бораётган мамлакатимизда шу боис таълим тизимига уни ривожлантиришга, етарли шароит яратилиб, моддий-техник базаси мустаҳкамланишига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Туманимизда ҳам бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар соҳа ривожига хизмат қилмоқда. Таълим масканлари бинолари қайта таъмирланиб, замонавий қиёфага келтирилиш билан бирга шароитлари ҳам яхшиланмоқда. Туманнинг чекка ҳудудларида жойлашган мактабларгача таъмирлаш ишлари олиб борилди ва таълим олувчиларга фойдаланишга топширилди. Сўнгги давр мобайнида эса қайта таъмирлаш ишлари олиб борилиши билан бирга, мактаб учун янги бинолар ҳам қурилди.

Чойкўл овули “Тоза қалъа” аҳоли пунктидаги 1962 йилда қурилган 59-сонли умумтаълим мактаби 2013 йилда капитал таъмирланган бўлиб, 120 ўринга мўлжалланган мазкур мактабда 204 нафар ўқувчига 30 нафар малакали ўқитувчилар таълим бериб келинмоқда.

Қайта таъмирлашдан сўнг, мактаб шароити яхшиланди. Аммо аҳоли сони ортаётгани боис ўқувчи кўпаяётгани ҳамда қуйи синфларга овулнинг чекка жойларидан қатнаб ўқиётган болалар масофа узоқлигидан қийналишаётгани сабабли мактабга қўшимча бино қуришга катта эҳтиёж сезилаётган эди. Мана шу эҳтиёждан келиб чиқиб, мактаб учун филиал ташкил қилиш режалаштирилди ва шунга мувофиқ, шу йилнинг май ойида бино қурилиши бошлаб юбрилди.

Маҳаллий бюджетдан ажратилган 62 млн. 900 минг маблағ эвазига “Амуқурилишдизайн” масъулияти чекланган жамияти томонидан қурилган 59-сонли мактаб филиали биноси қисқа муддат ичида қурилиб, сентябрь ойида ишга туширилди. Мактаб олислик қилаётган, овул чеккасида яшовчи аҳолига мўлжаллаб қурилган мазкур филиалга бошланғич синфлар жойлаштирилди.

- Бу аҳоли учун айни муддао бўлди - , дейди 59-сонли мактаб филиали бошланғич синф ўқитувчиси Тўти Эшчонова. – Шинам ва иссиқ хоналарда таълим олаётган болажонларимизнинг ҳам қувончи чексиз. Ҳар биримиз мана шундай шароитлар, имкониятлар яратилаётганидан жуда миннатдормиз. Биз, албатта, буларни ўқиш ва ишдаги ютуқларимиз билан оқлаймиз.

Айни пайтда 1-4-синфлар ўқитилаётган филиалда 16 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Самарали ташкил этилган ўқув жараёнлари янги услублар, педагогик технологиялар асосида олиб борилмоқда. Ўқувчилар рус, инглиз, қорақалпоқ тили, табиат, меҳнат, одобнома, тасвирий санъат, мусиқа фанларини Тўти Эшчонова, Олимжон Жуматов, Саъдулла Шомуродов, Гўзал Ўтабоева, Ҳамид Каримов, Дилором Султонова, Дилбар Pаҳимова, Ўрозбика Бобожонова, Исмоил Хўжабоев каби малакали ўқитувчилар ёрдамида ўзлаштиришмоқда.

Куюк кўпир овулининг “Қизилчоли” маҳалласида ҳам туман маҳаллий бюджети ҳисобидан 9-сонли мактабнинг филиали учун янги бино қурилиб, қисқа муддат ичида фойдаланишга топширилди. “Амуқурилишдизайн” масъулияти чекланган жамияти томонидан 156 млн. сўм маблағ эвазига қурилган бинода айни пайтда 1-4-синфларда 68 нафар ўқувчи илм ўрганмоқда. Уларга бошланғич синф ўқитувчилари Дилбар Ўринбоева, Турсуной Машарипова, Давлатбой Отажонов, Мақсуда Маткаримовалардан ташқари, фан ўқитувчилари ҳам таълим-тарбия бериб келишмоқда.

- Бизнинг 9-сонли умумтаълим мактабимиз биноси 1980 йилда қурилган бўлиб, 2008 йилда қайта таъмирланди. Ўтган даврда овулдаги аҳоли озлигига кўра, кам сонли ўқувчига мўлжаллаб қурилган бинога бугунги кунда сони тобора ортаётган ўқувчиларимизни жойлаштириш қийинчилик туғдираётган эди. Бунга алоҳида эътибор қаратилиб, мактаб филиали ташкил этилгани ва тез фурсатларда бино ҳам қурилиб ихтиёримизга топширилганидан, яратилган қулайликдан нафақат биз балки, бутун овул аҳли миннатдор, - дейди мамнуният билан мактаб директори Хайрулла Ўтегенов.

Атрофи ҳам ободонлаштирилган янги филиал мактаблардаги шинам синфларда таҳсил олаётган, дарсларни ўзлаштираётган ўқувчиларнинг руҳлари баланд. Эртага мамлакат келажагини яратиш масъулияти зиммасида турган ёш авлод муносиб бўлиб камолга етиш учун бугунги кундаги имкониятлардан фойдаланиб, чуқур билим олишга интилмоқда.

О.Худойберганова.

Янгиликни бўлишинг: