"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8271.27 +21.03
  • 1 EUR = 9374.66 -18.59
  • 1 RUB = 121.79 -3.67

“Yoshlar – kelajagimiz“ давлат дастури – ташаббускор ёшларнинг таянчи

Бугунги кунда юртимиз равнақига катта ҳисса қўшаётган илғор фикрли, ҳар соҳада фаол иш олиб бораётган, ўз инновацион ғоялари ва стартаплари орқали тадбиркорлик лойиҳаларини амалиётга жорий этаётган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида самарали ишлар олиб борилмоқда. Шу масала бўйича Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузуридаги “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармасининг Амударё тумани филиали раҳбари Pашид Турсунбоев билан суҳбатда бўлдик:

– Аввало, “Yoshlar – kеlajagimiz” жамғармасининг асосий вазифалари хусусида тўхталиб ўтсангиз.

– Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузуридаги “Yoshlar - kelajagimiz” жамғармаси тўғрисидаги Низомга кўра, тадбиркорлик субъектларининг лойиҳаларини амалга ошириш учун тижорат банклари орқали йиллик 7 фоиз ставка билан имтиёзли кредит ва мол-мулкни лизингга бериш, тадбиркорлик субъектларига Давлат дастури доирасида бериладиган тижорат банклари кредит миқдорининг 50 фоизигача (аммо 1 млрд, сўмдан ошмайдиган миқдорда) Жамғарма кафиллигини бериш – жамғарманинг асосий вазифаси ҳисобланади.

Шунингдек, Давлат дастури доирасида амалга ошириладиган тадбиркорлик субъектлари лойиҳаларида улар қийматининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда иштирок этиш, кейинчалик Жамғарма улушини 5 йил давомида реализация қилиш, тегишли кўникмаларга эга, банд бўлмаган ёшлар яшайдиган уй хўжаликлари учун 20 тагача парранда ва қуён, 5 та майда ва 2 та йирик қорамол сотиб олиш, уларнинг қийматини келишилган муддатларда қайтарган ҳолда уларни боқиш ва кейинчалик реализация қилишда кўмаклашиш ҳам жамғармамизнинг асосий вазифалари сирасига киради.

– Бугунги кунда туманимизда жамғарманинг кўмаги билан қандай лойиҳалар амалиётга жорий этилди?

– Жамғарманинг ташкил қилинганига оз фурсат бўлишига қарамасдан, қатор амалий ишларни қилишга эришилди. Жумладан, хизмат кўрсатиш соҳасида Абдураҳимов Аббос Анвар ўғлига автомобилларга техник хизмат кўрсатиш бизнес-лойиҳаси бўйича фаолият бошлаши учун 50 млн. сўм кредит ажратилди. Айни вақтда тадбиркор ўз фаолиятини бошлаб, 3 иш ўрни яратди. Шунингдек, Файзуллаев Муҳиддин Қутлимуротовичга нон ва нон маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳаси бўйича тадбиркорлигини амалга ошириш учун 100 млн сўм кредит маблағлари ажратилиб, ёш тадбиркор аҳолига нон етказиб беришни бошлади.

–Дастурнинг келажакдаги режалари билан ўртоқлашсангиз.

– Биз яқин кунлар ичида “Yоshlar – kelajagimiz” Давлат дастури доирасида ажратилган кредит маблағларини туманимиз ёшларининг тошни қайта ишлаш, компьютер хизматларини кўрсатиш, сут ва сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш, тикув ва тикув- трикотаж буюмларини ишлаб чиқариш каби йўналишлардаги лойиҳаларига йўналтириб, 421 нафар ёшларни иш билан таъминлашни кўзда тутмоқдамиз.

Бу жавобларга янада ойдинлик киритиш мақсадида “Yoshlar – kelajagimiz” дастури бўйича ўз бизнес- лойиҳасини амалга оширган ёш тадбиркор Аббос Абдураҳимов билан учрашиб, ёшларни қизиқтирган саволларга жавоб олдик:

– Аббос, ўз лойиҳангизни амалга оширишда қандай қийинчиликларга дуч келдингиз?

– Унчалик қийинчилик бўлгани йўқ. Кредит олишда Ёшлар иттифоқи раҳбариятининг ўзлари ёрдам беришди.

– Кредит олишда кафиллик масаласи қандай ҳал этилди?

– Менга кафил шарт эмас дейишди, чунки шу бинонинг ўзини гаровга қўйдим.

– Лойиҳангизни амалга оширишга қанча кредит маблағи ажратилди?

– Иш бошлашим, керакли ускуналарни олиб келиш учун 50 миллион сўм ажратилди. 7 фоизлик шарт билан 5 йил муддатга олдим.

– Ускуналарни қаердан келтирдингиз?

– Тошкентда хусусий компания бор екан. Германия, Хитойдан келтириб беришади.

– Лойиҳангиз бўйича қанча иш ўрини яратдингиз ва маош масаласи қандай бўлади?

– Ўзимдан бошқа 3 нафар ёшни ишга олдик. Ҳозирча уларга ойига 500 минг сўмдан маош бериляпти, синов муддатидан кейин 800 минг сўм қилишни режалаштиряпман.

– Тенгдошларингизга ўз маслаҳатларингизни берсангиз.

–Уларга маслаҳатим, берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, ўз бизнесингизни бошланг. Чет давлатдаги вақтинча ишларни хаёл қилмай, ўз юртимизда фахрли касбнинг эгаси бўлиб, Ватан равнақига ҳиссангизни қўшинг!

– Мазмунли суҳбатингиз учун катта раҳмат!

Суҳбатдош: Охунжон Абдуллаев.

Янгиликни бўлишинг: