"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8271.27 +21.03
  • 1 EUR = 9374.66 -18.59
  • 1 RUB = 121.79 -3.67

СПОPТ – ЖИСМОНИЙ ВА МАЪНАВИЙ ЧИНИҚИШ МАКТАБИДИP

Ўтган бир ҳафта, яъни 23-27 октябрь кунлари бизнинг 40-сонли умумтаълим мактабимиз ўқувчилари учун қизиқарли таассуротларга бой ўтди. Чунки туманимиз миқёсида бўлиб ўтаётган спорт ҳафталигида фаол иштирок этдик.

Спорт ҳафталигининг илк мусобақаларини биз 31-сонли мактабда бошладик. Бу ерда ҳудудлардан келган 8 та умумтаълим мактабларининг қиз болалар волейбол жамоалари ўртасида дўстлик учрашувлари, қизғин беллашувлар ўтказилди. Гарчи бизнинг қизлар жамоамиз ғолибликка эриша олмаса-да, хафа бўлмадик. Чунки спорт ҳафталагининг биринчи кунида мактабимизнинг ўғил болалар жамоаси муваффақиятли иштирок этишди. 23 октябрь куни эса баскетбол бўйича ўтказилган мусобақаларда 32-сонли мактаб жамоаси 1-ўринни, 22-мактаб жамоаси 2-ўринни эгаллашди. Бизнинг 40-сонли мактаб жамоасига 3-ўрин насиб этди.

25 октябрь куни бўлиб ўтган спорт мусобақалари янада қизиқарли бўлди. Амударё академик лицейи спорт майдонида ўтказилган мусобақаларда мактабимиз гандболчилари яна 3-ўринни эгаллашди. 41-сонли мактаб гандболчилар жамоаси 1-ўрин, 38-мактаб ёш гандболчилари 2-ўрин соҳиблари бўлишди.

Гарчи биз бўлиб ўтган спорт ҳафталиги мусобақаларида биринчи ўринни эгалламасак-да, бу мусобақалардан олам-олам таассуротлар олдик. Туманимизнинг турли ҳудудларидан келган тенгдошларимиз билан танишиб, дўстлашдик.

Келгуси спорт мусобақалари учун тажриба орттирдик, спортга ошнолик биз учун нафақат жисмоний, балки маънавий чиниқиш мактаби эканлигини ҳис этдик.

Шоҳида ЖУМАБОЕВА, 40-мактаб ўқувчиси.

Янгиликни бўлишинг: