"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8271.27 +21.03
  • 1 EUR = 9374.66 -18.59
  • 1 RUB = 121.79 -3.67

Жайхун илҳомлари

Армон

(Она Ватанига қайтолмаган, 18-19 ёшида шаҳид кетган байналмилалчи қуролдошларим армони)

Ўз юртимга келолмадим мен,

Орзуларим қучолмадим мен.

Онажоним, меҳрингиз туйиб,

Қониб-қониб ичолмадим мен.

Юрган жойим тоғ-у тош бўлди,

Кўрганларим ғам-ҳасрат бўлди.

“Ўзга юртда қон кечдим нечун–?”

Деган савол надомат бўлди.

Яшамоққа ҳаққим бор эди,

Ўйларимда гўзал ёр эди.

Онажоним, сизга муносиб,

Келин олмоқ аҳдим бор эди.

Қаттол уруш олди жонимни,

Ҳижрон ёқди хонумонимни.

Ўн тўққизга кирмай тўкилдим,

Кўрмай сўлдим Онажонимни!

Совет қурган занжир – тузоққа

Тушдим, тутдим ўзни сўроққа.

Қайтиб келдим темур тобутда,

Киндик қоним томган тупроққа!

Онажоним, эй азиз Юртдош,

Бугун Ватан қандай серқуёш.

Шу қуёш ва тупроқ остида,

Мен ётибман тан беруҳ, бир лош.

Мен Ватанга хизмат қилмадим,

Эрта кетдим, даврон сурмадим.

Pози бўлинг, мендан Ватандош,

Афсус, мендан бир из қолмади.

Маматсолий АБДУЛЛАЕВ,

туман Фахрий аскарлар уюшмаси ижтимоий ҳимоя маркази раиси.

 

ПАХТАКОP ҚИЗЛАPГА

Чаноқларда очилган роса,

Оппоқ-оппоқ лўппи пахталар.

Далаларда қизлар қўшиғи,

Хирмонлардай кўкка юксалар.

Бир-биридан қолишмас асло,

Этак тутган теримчи қизлар.

Pизқин берган Аллоҳ таоло,

Йиғиб олар Ойбарчин қизлар.

Санам қизлар, гўзал опалар,

Баланд бўлсин оппоқ хирмонлар.

Ўзбекистон номини олиб,

Дунё кезиб кетсин карвонлар!

Зуҳра АҲМЕДОВА.

 

Мени эсларсан

Балки мени эсларсан бир кун,

Кўзда қатра соғинч ёш билан.

Балки мени эсларсан бир кун,

Хиёнатдан эгик бош билан.

Балки мени эсларсан бир кун,

Юракда дард, кўзда ғам билан.

Пушмонларнинг ўтида у кун,

Вужудингда йўқ бардош билан.

Балки мени эсларсан бир кун,

Ўғил-қизим юзига қараб.

Эсга олиб меваси дуркун,

Боғларимдан оҳиста излаб...

Шоҳсанам ЎPОЗАЛИЕВА,

Намуна МФЙ.

 

ҲАЁТ ОФТОБИ

Она тилим – ўзбек тилим,

Сен-ла яйрар баҳри дилим.

Миллатимиз юзи, фахри,

Севар сени она халқим.

Фалакда гар ҳилол бўлса,

Ерда ўзинг ягона.

Биз учун суюклисан,

Она тилим, дунёда.

Ёруғ этар йўлимизни,

Мисли ҳаёт офтоби.

Дунёларга танилган,

Ўзбек тилим китоби.

Аждодларим қони сингган,

Тилимиз-ла суюкмиз.

Навоийни улуғлаган,

Шу тил билан буюкмиз.

Нодира ҚОЗОҚОВА, Амударё агробизнес касб-ҳунар коллежи ўқувчиси.

ДИЛДА ЭҲТИPОС

Ям-яшил яшарган дунёнинг юзи,

Аму сувларида туйғулар оқар.

Ватаннинг офтоби қизартиб юзни,

Юртим, чиройингга маҳлиё боқар.

Шоирона танҳоликни истади кўнгил,

Фалакдан юлдузлар оқар йўлимга.

Ажиб бир сукунат, борлиқ эса жим,

Қаламим тутқазар кимдир қўлимга.

Мустақил юртимда кўнгилдир мулким,

Тизилиб келади сўзлар қуюни.

Тубсиз осмон, поёнсиз мовий олам,

Очиб берар гўё назм йўлини.

Ошно қилар табиатнинг бор сеҳри,

Кимгадир зор, ташна қалбда туйғулар.

Ўлкам кечасининг бормикан меҳри,

Ёниқ юрагимни ўзига чорлар.

Ташлаган қаламим бугун қўлимда,

Ором олмоқдаман, дилда эҳтирос.

Оппоқ нурлар тўшалибди йўлимга,

Шоирлигим дўстлар, эканмикан рост?

Холимбат ХУДОЁPОВ,

Жумуртов шаҳарчаси.

 

Она тилим

Она тилим менинг, қалбим сурури,

Дилимда жўш урган ширин каломим.

Халқимнинг тенгсиз бахт ҳамда ғурури,

Ўзинг ифтихорим, ўзингсан орим!

Миллат кўзгусисан, миллатнинг руҳи,

Йигирма асрлик тарихга эга.

Сен билан барҳаёт мозий шукуҳи,

Она тилим, сени асрамай нега?

Асрайман сендаги буюк ўтмишни,

Асрайман, зар мисол ҳар бир сўзингни.

Шарафлаб, қадрингни тутаман баланд,

Азиз ва табаррук билиб ўзингни.

Она тилим менинг, яша барҳаёт,

Завол кўрма асло, офтобдек порла.

Сенда ҳикматлар бор, кўп сенда баёт,

Қалбларни эзгулик йўлига чорла!

Ирода ЕPДОШЕВА,

38-сонли мактабнинг

11-синф ўқувчиси.

Янгиликни бўлишинг: