"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8314.85 +14.80
  • 1 EUR = 9408.25 -3.29
  • 1 RUB = 123.85 -2.39

Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзодлар сараланди

Мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг давлат ва жамият қурилишидаги фаоллигини ошириш, ҳаётда, оилада, ўқишда ва ишда, жамоатчилик орасидаги обрў-эътиборини янада юксалтириш, ўз иқтидорларини намоён этишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш давлат сиёсатининг энг устувор вазифаларидан бири саналади. Аёлни ҳамиша муқаддас билиш, унга алоҳида эҳтиром кўрсатиш эса азалий қадриятларимиз сирасига киради. Шу боис, мамлакатимизда хотин-қизларнинг барча соҳалар бўйича эришаётган ютуқлари алоҳида эътироф этилиб, моддий ва уларни маънавий рағбатлантириш доимий анъанага айланган. Айниқса, иқтидорли аёл-қизларнинг адабиёт, санъат, фан ва маданият, спортни ривожлантиришдаги ютуқлари, тенгдошларининг миллий истиқлол ғоялари ва маданий-маънавий қадриятларга эътиқодининг юксалиши йўлидаги ибратли фаолияти, кенг кўламли ислоҳотларни жадаллаштиришдаги фаол иштирокини рағбатлантириш мақсадида 1999 йил Ўзбекистон Pеспубликаси Президенти томонидан қабул қилинган “Зулфия номидаги Давлат мукофотини таъсис этиш бўйича таклифларни қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармон ижросини таъминлаш юзасидан олиб борилган ишлар Ўзбекистон хотин-қизлари ҳаётида ижобий ўзгаришлар ясади.

Аввало, юқоридаги Президент Фармони ўзбек халқининг буюк фарзанди, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоираси, адабиёт соҳасидаги бир неча нуфузли халқаро мукофотлар соҳибаси Зулфияхоним даҳосига юксак эҳтиром ифодаси бўлса, бу мукофотнинг таъсис этилиши халқимизнинг ниҳоятда иқтидорли, юксак маънавиятли, жамиятда катта ҳурмат ва эътибор қозонган, турли соҳаларнинг фидойилари бўлган ёшлар меҳнатини рағбатлантиришнинг муҳим омили бўлди.

Ўтган 17 йил давомида ана шу нуфузли мукофот билан тақдирланган 200 нафардан зиёд аёл-қизлар ўз соҳалари бўйича юксак натижаларни қўлга киритмоқдалар ва бундай иқтидорли қизлар сафи йил сайин ошиб бормоқда.

Зулфияхоним қизлари кўрик-танловининг бу йилги мактаблараро, ҳудудий ва туман босқичлари янада кўтаринки руҳда ўтказилди.

Шу йилнинг 19 октябрь куни туман маданият уйи биносида мазкур кўрик-танловнинг туман босқичи бўлиб ўтди. Кўрик-танловнинг очилиш маросимида туман ҳокими муовини, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Марям Аҳмедова Зулфия номидаги Давлат мукофотининг таъсис этилиши ва мамлакатимизда аёл-қизларининг ижодкорлик салоҳиятини ривожлантириш юзасидан қабул қилинган Президент Фармонлари ва ҳукумат Қарорлари, шунингдек Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзодлар учун қўйиладиган талаблар ҳақида батафсил маълумот берди ва адабиёт, санъат, маданият, фан ва таълим, спорт ҳамда жамоатчилик йўналишлари бўйича тузилган комиссиялар таркиби билан таништирди.

Шундан сўнг ҳар бир йўналиш бўйича номзодлар эришган ютуқлар юзасидан тақдим этилган ҳужжатлар очиқлик ва шаффофлик асосида комиссиялар томонидан таҳлил этилиб, энг иқтидорли деб топилган номзодлар танлаб олинди.

Номзодларни саралашда иштирокчиларнинг нафақат иқтидори ва қобилиятлари, балки юксак дид ва маданиятига ҳам алоҳида эътибор берилди.

Кўрик-танловнинг туман босқичи ғолибларига Қорақалпоғистон Pеспубликаси миқёсида иштирок этишлари учун йўлланмалар берилди.

Pобия Йўлдошева.

Янгиликни бўлишинг: