"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8271.27 +21.03
  • 1 EUR = 9374.66 -18.59
  • 1 RUB = 121.79 -3.67

Жайхун илҳомлари

Чироқ

(Яқин ўтмиш гурунги)

Бекат. Тўрт-беш йигит даврани ўраб,

Турибди “таксист”дан ёлвориб сўраб:

Аккумулятор тўзса, ташлама сира,

Эскирган бўлса ҳам менга бер, жўра.

...Суткада уч соат ёнади чироқ,

Ёруғлик амалин қилиш шарт, бироқ.

Солярка фалон сўм! Ҳа, ундан кўра,

Аккумуляторинг менга бер, жўра.

Тонг билан юмушга бормасак бўлмас,

Юз-қўлга илиқ сув олмасак бўлмас.

Миннатсиз, туртиниб юргандан кўра,

Аккумуляторинг менга бер, жўра.

Ўнинчи лампанинг шишаси қурум,

Олмасам бўлмайди пилигин гулин.

“Светодиод” зўр лампадан кўра,

Аккумуляторинг менга бер, жўра.

Машаққатлар ёмон, айтасан несин,

Кетказиб бўлмайди қўлингдан исин.

Менга ишонмасанг, қўшнидан сўра,

Аккумуляторинг менга бер, жўра.

Энди электр ток қачон келади,

Қачон уй ёришар, Худо билади.

“Билмайман!”–деди-ку ҳов фермер тўра,

Аккумуляторинг менга бер, жўра.

Кўрдим, стартерга етмайди кучи,

Итариб ёқмоқ ҳам уят сен учун.

Янгисин ол! Биздан бир паловтўра,

Аккумуляторинг менга бер, жўра.

–Шукур! Бизда газ, ток бўлди фаровон,

Қиш-у ёз уйимиз иссиқ, чароғон.

Пулинг ҳам керакмас, халтангга ўра,

Эски аккумулятор сеники, жўра!

Турсунбой Абдуллаев.

 

Тушларимда сизни кўрай

Яратган Эгамга илтижо қилиб,

Онамнинг тушимга киришин сўрдим.

Неча йиллар сиймонгиз соғиниб юриб,

Бугун тушларимда мен Сизни кўрдим.

Сиз билан уйғонди бугунги тонггим,

Маъюсланиб яна ўйларга толдим.

Ташвишли дунёнинг ғалвалари-ю,

Ёлғон эртагига алданиб қолдим.

Ғам чўккан кўнглимни овутиш учун

Майлига онажон, алданиб юрай.

Илтижом Эгамга етган онлари,

Тушларимда фақат, мен Сизни кўрай.

Хушрўй ЭШЧОНОВА.

 

ШУНЧАКИ ЭМАС

Мен шунчаки туғилмаганман,

Мен шунчаки яшолмайман, бас.

Юрагим шунчаки урмагай,

Муҳаббатим шунчаки эмас!

Ўтирмасман дилимни доғлаб,

Зоғлар чиқиб олса теграмга.

Яхшиликни нондай улуғлаб,

Сиғинаман фақат Эгамга.

Шунчакимас дардларим, шаксиз,

Бекоргамас айрилиқ, дийдор.

Ҳаёт менга юборган ташвиш,

Синовларда бир хосият бор.

Қизғалдоқлар менга дугона,

Дўстим эрур жумлаи башар.

Мен йиғласам бўлиб парвона,

Атрофимда айланар қушлар.

Шунчаки келмадим дунёга шу кез,

Ҳеч шунчаки яшолмасман, бас.

Юрагимни ўртайди бир ҳис,

Туйғуларим шунчаки эмас!..

Азиза МАДPАҲИМОВА.

 

Қачон кўришамиз?

Ҳаёт бир имтиҳон, синовлари мўл.

Ажралишди қўллар, айро тушди йўл.

Кўришгунча хайр, жоним омон бўл.

Қачон кўришамиз, Худо билади!

Кетаман, деганга сабаб шарт эмас.

Менсиз яшаш сенга оғир дард эмас.

Ўз сўзидан қайтган асло мард эмас.

Қачон кўришамиз, Худо билади!

Мен-чи жим, тилимни ютганча қолдим.

Қўлимда гулимни тутганча қолдим.

“Ҳар доимги жой”да кутганча қолдим.

Қачон кўришамиз, Худо билади!

Биламан, изингда ошиқлар тўпдир.

Нигоҳинг кўзимга қадалган ўқдир.

Кўрсам, сенга айтар гапларим кўпдир.

Қачон кўришамиз, Худо билади!

Сен кетдинг, йўлингда қолдим интизор.

Кўзларимга сенсиз икки дунё тор.

Яна кўришмоққа умидларим бор...

Қачон кўришамиз, Худо билади!

Бир кун шум шайтоннинг тегиб лаънати.

Чин дунёга кетсак, келиб навбати.

Мен – бир дўзахиман, сен – бир жаннати.

Қачон кўришамиз, Худо билади!

Сўзларимга қулоқ осмадинг, ай, ёр.

Ўзингча мағрурсан, ўзингча айёр.

Минг марта сўрадим – жавобинг тайёр:

– Қачон кўришамиз?

– Худо билади. . .

Комронбек Камол,

Қангли овули.

 

Меҳр – кўзда

Дардга даво истасанг,

Шундай шифо бор сўзда.

Буни унутманг асло,

Азизлар, меҳр – кўзда.

Қалб тасалли истаса,

Сўзга бўлади муҳтож.

Бундай пайтда, эй дўстим,

Қовоқ уйма, қалбинг оч.

Сени кутар оиланг,

Ота-онанг интизор.

Соғингансан-ку ахир,

Бир бор сен ҳам йўқлаб бор.

Ахир дийдор ғанимат,

Уларни сен йўқлаб қўй.

Яқининг гар йўқотсанг,

Қолар ундан ширин ўй.

Умр – оқар бир дарё,

У ҳеч қачон тўхтамас.

Бахтли ўтган бугунга,

Эртанги кун ўхшамас.

Яна айтаман такрор:

–Меҳр – кўзда, унутма.

Аразлаган яқининг,

Қачон келишин кутма!

Сен унинг ёнига бор,

Кўнглин олгин ва яраш.

Елкангдан тоғ йиқилсин,

Ўзгарсин, дунёқараш.

Ирода Ердошева,

38-мактаб ўқувчиси.

 

Устоз

Кунлар сайин соғинчлардан қайнайди қалб,

Устозларим меҳри сабаб, билмайман дард.

Улуғ неъмат, улуғ қадр сизга бўлсин,

Сиз англатган дунёларга тегмайди гард.

Шўхлигимиз кўтарган ҳам сиз бўласиз,

Кўнглингизга тегар бўлсак, жим куласиз.

Шогирдингиз юрагида сиз ҳамиша,

Устозларим, мангу порлаб турасиз.

Дилдора PАЖАБОВА.

 

Дил исёни

Хоинлар бор азалдан:

Хиёнатдир қуроли.

Номардлик ҳеч ўлмаган,

Ахриманнинг қароли.

Манқурт мисол кимсалар

Туғилса ким гуноҳкор?

Кимдир эмас, бутун халқ

Бўлар дардга гирифтор.

Она, англа кимлигинг,

Фарзандингни ўлдирма.

Ота, сендан улуғроқ

Кўнгилларни синдирма.

Ватан – бу мен, деганлар

Ҳаёт ичра машъалдир.

Дил зиёга йўғрилса,

Иблислари қамалдир.

Бедор билар: юрт недур,

Уйғоқ ўтар ҳамиша.

Жисм омон туғилгай,

Pуҳ туғилса покиза.

Қалби заҳар, тил ширин,

Чин ўғлингман демасин.

Маддоҳлари керакмас,

Улуғ йўлдан юрмасин.

ЎЗИ берган суюк халқ

Ул кунгача ўлмайди.

Бандасининг зулмидан

Фаришталар асрайди.

Шаҳзод Анвар.

Янгиликни бўлишинг: