"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8208.04 +26.92
  • 1 EUR = 9490.14 +62.94
  • 1 RUB = 123.85 +0.27

“Ҳуқуқий билимлар куни” тадбири аҳолига бепул ҳуқуқий маслаҳат олиш имконини берди

Тараққиёт сари дадил одимлаётган юртимизда аввало инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш асосий вазифа ҳисобланади. Шу қаторда фуқароларга бурч, вазифаларни англатиш, ҳуқуқий онг ва маданиятни ошириб бориш ҳам муҳим ўрин тутади.

Фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш мақсадида бутун Ўзбекистон бўйлаб Адлия вазирлиги томонидан “Ҳуқуқий билимлар куни” флешмоби ташкиллаштирилди. Флешмоб Қорақалпоғистонда Амударё туманида ўтказилиб, икки кун давом этди.

11 октябрь куни тумандаги 3-сонли Амударё академик лицейида бошланган тадбирга ўқув муассасалари ўқувчи ва ўқитувчилари, ёшлар, тумандаги идора-ташкилотлар ходимлари ҳамда кенг аҳоли жалб этилди. Қорақалпоғистон Адлия вазирлиги ва туман Адлия бўлими томонидан ташкил этилган мазкур тадбир учун ажратилган жой алоҳида безатилиб, стеллажларга адлия логотипи ва саҳифалари туширилган баннерлар, турли хил стенд, буклетлар, флаерлар қўйилди.

Ҳуқуқни фаол тарғиб қилиш шаклида ўтказилган флешмобда Қорақалпоғистон Pеспубликаси Адлия вазирининг биринчи ўринбосари А.Атажанов, Адлия вазирлиги ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи А.Отеулиев ҳамда туман Адлия бўлими бошлиғи М.Матюсуповлардан ташқари туман нотариуслари ва кучли адвокатлар ҳам иштирок этдилар.

Тадбир бошланишида иштирокчилар таништирилди ва барчага ҳуқуқий хизмат таклиф этилди. Нотариуслар, адвокатлар ва давлат хизмат агентлиги вакиллари аҳолини қизиқтирган саволларга жавоб бердилар. Шунингдек, ҳаётий муҳим масалалар бўйича қўлланмалар тарқатилди.

Фуқароларни ҳуқуқий билимларга қизиқтириш ва саводхонлигини ошириш учун тест синови ҳам ташкил этилди. Тест синови натижаларига кўра, ғолиб иштирокчилар турли совғалар билан рағбатлантирилди.

12 октябрь куни 76-сонли умумтаълим мактабида давом эттирилган “Ҳуқуқий билимлар куни” флешмоби тадбирига ҳам кенг доирадаги омма жалб этилди. Бепул ҳуқуқий маслаҳат олиш ва саводхонлигини, тушунчаларини ошириш имконига эга бўлган ушбу флешмоб иштирокчиларига ҳуқуқий тарғибот тадбирининг совғалари сифатида блокнот ва ручкалар ҳам тарқатилди.

О.Худойберганова.

Янгиликни бўлишинг: