"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8314.85 +14.80
  • 1 EUR = 9408.25 -3.29
  • 1 RUB = 123.85 -2.39

КОPPУПЦИЯ – ИСЛОҲОТЛАP ЙЎЛИГА ТЎСИҚ БЎЛАДИГАН ИЛЛАТ

Коррупция дунёнинг барча давлатлари учун катта муаммо туғдираётган ҳуқуқбузарлик тури бўлиб, мамлакатнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий соҳаларига таъсир этади.

Мамлакатимизда коррупциянинг салбий оқибатларини ҳисобга олган ҳолда босқичма-босқич ушбу иллатга қарши курашиш, унинг профилактикаси бўйича миллий қонунчилик такомиллаштирилиб, халқаро меъёрларга мувофиқлаштирилиб борилмоқда.

Олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарали амалга ошишига замин яратувчи ва коррупцияга қарши курашиш механизмларини ўзида акс эттирган, Президент томонидан 2017 йил 3 январь куни имзоланган Ўзбекистон Pеспубликасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни шулар жумласидан.

Қонунда “коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик” ва “манфаатлар тўқнашуви” каби миллий қонунчилигимиз учун янги тушунчалар киритилган.

Унда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсати давлат дастурлари ва бошқа дастурлар асосида амалга оширилиши мумкинлиги кўрсатилиб, коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари белгиланиб қўйилган.

Шунингдек, давлат бошқаруви соҳасида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар ҳам белгиланган.

Давлат органларининг ва ўзга ташкилотларнинг мансабдор шахслари ҳамда бошқа ходимлари қонун ҳужжатларига риоя этиши, ўз мансаб ёки хизмат мажбуриятларини беғаразлик билан, холисона, виждонан, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этган ҳолда бажариши ҳамда коррупцияга оид бирор-бир ҳуқуқбузарликни содир этишдан ёки бундай ҳуқуқбузарликларни содир этиш учун шарт-шароитлар яратадиган бошқа ҳар қандай ҳаракатлардан ўзини тийиши шарт эканлиги ҳам кўрсатилган.

Ушбу Қонун мамлакатимиз тарихида давлатнинг қонун чиқарувчи вакиллик органи томонидан қабул қилинган коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи яхлит кўринишдаги биринчи Қонун ҳисобланади. Давлатимизда амалга оширилаётган бундай саъй-ҳаракатларнинг барчасидан кутилаётган пировард натижа бу – жамиятда адолатсизликка барҳам беришдир.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, коррупциянинг келиб чиқишига йўл қўймаслик, қонунларнинг ўз вақтида ижро этилишини таъминлаш, коррупцияни келтириб чиқарувчи ҳолатларнинг олдини олиш чора-ларини кўриш ҳар бир давлат органи масъул шахсларининг, қолаверса, барчамизнинг бурчимиздир.

Эркинбой УТЕНИЯЗОВ,

Фуқаролик ишлари бўйича туман суди раиси.

Янгиликни бўлишинг: