"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8208.04 +26.92
  • 1 EUR = 9490.14 +62.94
  • 1 RUB = 123.85 +0.27

ПАХТА ХИPМОНИМИЗ ТОБОPА ЮКСАЛАЯПТИ

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасининг энг асосий бўғини ҳисобланган пахтачиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор берилди. Шу боисдан ҳам илгариги давлат ва жамоа хўжаликлари ўрнида фермер хўжаликлари ташкил этилиб, уларнинг зиммаларига ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиб, пахта ҳосилдорлигини ошириш вазифаси юклатилди.

Ернинг ҳақиқий эгаларига айланган фермер хўжаликлари раҳбарлари пахта ҳосилдорлигини ошириш йўлида барча билим ва тажрибаларини, куч-ғайратларини сафарбар этиб, бу вазифани астойдил бажаришга ҳаракат қилдилар.

Мана, бир неча йилдирки, туманимизда давлатга пахта топширишнинг шартномавий режалари ошириб бажариб келинмоқда. Кейинги йилларда 40-45 центнерчи фермер хўжаликлари сафи анча кенгайди.

Бу йилги оғир об-ҳаво шароитида меҳнат қилган пахтакорларимиз табиат қийинчиликларини мардонавор енгиб, ўз далаларида мўл ҳосил етиштирдилар. Айни кунда барча пахта далаларида йиғим-терим ишлари жадал суръатларда олиб борилаяпти.

Бизнинг “Амударё пахта тозалаш” акциядорлик жамиятимиз меҳнат жамоаси жойлардаги 6 та пахта қабул қилиш масканларини мавсумга барвақт шай қилиб қўйишга ҳаракат қилди. 31 дона пахта ғарамлашда фойдаланиладиган “ПЛ” ва “Транспортер - 650” механизмлари, 6 та электрон тарози ва бошқа зарур ускуналар мавсумга шай қилиб қўйилди. Шунингдек, ичкаридаги иш жараёнини ва ташқаридаги ҳолатни кузатишга мўлжалланган 56 та онлайн кузатув камералари белгиланган жойларига ўрнатилди.

Айни кунда бу йил 11240 тонна пахта қабул қиладиган “Оқ олтин”, 4936 тонна пахта қабул қиладиган Қипчоқ, 7623 тонна пахта қабул қиладиган Хитой, 3699 тонна пахта қабул қиладиган Қиличбой, 3364 тонна пахта қабул қиладиган “Пахтакор” ва 1662 тонна пахта қабул қиладиган Назархон пахта қабул қилиш масканларида ишчиларимиз кечаю кундуз меҳнат қилишаяпти. Натижада хирмонга олиб келинган ҳосил пешма-пеш қабул қилинаяпти.

Пахта қабул қилиш масканларида меҳнат қиладиган ишчиларимизнинг махсус кийимлар ва иссиқ овқат билан таъминланганлиги уларнинг баракали меҳнат қилишларига омил бўлаяпти.

Бизнинг “Амударё пахта тозалаш” акциядорлик жамияти корхонамиз йилига 50 000 тонна пахта хом-ашёсини қайта ишлаш қувватига эга. Шундай экан, биз бу йил туманимиз пахтакорлари томонидан топшириладиган 33000 тоннага яқин пахта хом-ашёсини ўз вақтида қайта ишлашга эришамиз.

Биз бу миқдордаги пахта хом-ашёсини қайта ишлашимиз натижасида 11000 тоннадан зиёд пахта толасини тайёрлашга эришамиз. Кейин бу пахта толаси вақтинчалик сақлашни амалга оширадиган “Қорақалпоқ тола” ва “Парвоз” терминалларига юборилади.

“Амударё пахта тозалаш” АЖ да уруғлик чигит тайёрлашга ҳам алоҳида эътибор берилаяпти. Ҳозирги кунда корхонамизда “С 47 27”, “Султон”, “Pавнақ” ва “Бухоро 102” навларидан жами 3033,4 тонна уруғлик чигит тайёрлаш бўйича ишлар қизғин давом этаяпти.

“Амударё пахта тозалаш” АЖ пахта ҳосилини топшираётган фермер хўжаликлари билан ҳар куни ҳисоб-китоб ишларини амалга ошириб, тегишли пулларни уларнинг банкдаги ҳисоб рақамларига ўтказиб бераяпти.

Биз бугунги кунда пахтакорларимизнинг ғайрат-шижоатлари туфайли хирмонимизнинг тобора юксалаётганидан чексиз хурсанд бўлаяпмиз. Пахтакорларимизнинг тез кунлар ичида шартномавий режаларини бажариб, оқ юзли, обрўли бўлишларига тилак билдирамиз.

Сардор СУЛТОНОВ, “Амударё пахта тозалаш” АЖ Бош директори.

Янгиликни бўлишинг: