"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8181.08 +1.34
  • 1 EUR = 9427.06 -41.77
  • 1 RUB = 122.73 -3.84

СЎЗ – МАPPАГА ЕТГАНЛАPГА

Бу йилги пахта йиғим-терим мавсумини пахтакор деҳқонлар ўзгача кайфиятда, кўтаринки руҳда бошладилар. Овул ва маҳаллаларда истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари ташаббус кўрсатиб, кўнгиллилардан иборат ҳашарчилар гуруҳларини туздилар. Бу ташаббусни хатто Манғит шаҳри, Қипчоқ ва Жумуртов шаҳарчалари фуқаролар йиғинлари аҳли ҳам қўллаб-қувватлашди. Қангли ва Қипчоқ ММТП таркибидаги фермер хўжаликлари далаларида ҳам ана шундай ташаббускорлар ҳаракатига қўшилган ўнлаб кўнгилли ҳашарчилар гуруҳлари етиштирилган ҳосилни йиғиб, териб олишда пахтакорларга яқиндан ёрдам беришмоқда. Натижада кўплаб илғор фермер хўжаликлари шартнома-режаларини муддатидан илгари бажариб, мажбурият ҳисобига пахта топширишмоқда.

Бизнинг бугунги суҳбатдошларимиз кун сайин маррага яқинлашаётган ва маррадан ошган илғор фермер хўжаликлари раҳбарлари бўлишди.

Йўлдош Ешниёзов, Қипчоқ ММТП таркибидаги “Йўлдош Ешниёзов” фермер хўжалиги раҳбари: - Эрта баҳорда 29 гектар ерга катта умидлар билан барака уруғи қададик. Ғўза униб чиққанидан то ҳосил пишиб-етилгунча бутун оила аъзоларимиз ва хўжалигимиз ишчилари тинимсиз меҳнат қилишди. Биласиз, ғўза ниҳоятда парваришталаб экин. Буни яхши билган ижарачиларимиз мавсум давомида барча агротехника қоидаларига қатъий амал қилишди. Кўриб турибсиз, далаларимизда мўл ҳосил тўпланди. Айни кунда овулимиз ёшларидан иборат кўнгилли ҳашарчилар ижарачи-деҳқонларимизга яқиндан ёрдам беришмоқда. Бугунги кунгача шартнома-режамизда белгиланган 67 тонналик хирмоннинг 60 тоннадан зиёдини тайёрладик. Далаларимизда кунига 2400-2500 килограмм пахта терилиб, давлатга топширилмоқда. Насиб қилса, 5 октябрга зиммамиздаги шартнома-режамизни ошириб уддалаймиз.

Илғор теримчиларимиздан Саломат Бекимбетова, Pаъно Полвонниёзова, Улбўсин Қурбонбоева, Моҳира Йўлдошева, Саломат Холбоева ҳамда Ақлжон Қурбониёзовалар кунига 130-140 килограммдан пахта теришмоқда. Терилган ҳар бир килограмм пахта учун 850 сўмдан нақд пул берилиши теримчилар ишининг янада унумли бўлишини таъминлаётир.

Теримчи-ҳашарчилар учун дала бошида тушлик чой, иссиқ овқат ташкил этилган. Механизаторларимиз Озод Тўрабоев, Гулмирза Полвонов ва Давлатбой Қурбонбоевлар терилган пахтани ўз вақтида қабул пунктларига элтишаётир.

Далаларимизда ҳосил мўл. Мақсадимиз, етиштирилган ҳосилни нест-нобуд қилмай йиғиб-териб давлатга топшириш ва туманимизнинг юксак хирмонига муносиб ҳисса қўшиш.

Pуфат Нуруллаев, Қангли ММТП таркибидаги “Беҳзод - Ғанишер” фермер хўжалиги раиси: - Бу йилги йиғим-терим мавсумига биз анча олдиндан пухта тараддуд кўрдик. Пахта етиштириш билан боғлиқ барча мавсум ишлари вақтида бажарилди. Теримга тушишдан олдин ғўза қаторлари бегона ўтлардан тозаланиб, сифатли дефолиация қилингани боис, пишиб-етилган кўсаклар бир текис очилди. Фермер хўжалигимиз ҳудудида яшовчи уюшмаган ёшлар ҳисобидан тузилган ҳашарчилар гуруҳи аъзолари ва хўжалигимиз ишчиларининг фидокорона меҳнатлари эвазига Қангли ММТПда биринчи бўлиб зиммамиздаги шартнома-режамизни ошириб уддаладик. Давлатга 34 гектар пахта майдонининг ҳар гектаридан салкам 30 центнердан 84 тонна юқори сифатли пахта топшириб, режамизни ЮЗ фоизга бажардик. Бу шартнома-режадагидан 7 тонна ортиқ дегани. Далаларимиздан кунига 1800-2000 килограммдан пахта териб олинмоқда. Илғор теримчиларимиз Дилором Жумамуродова ва Зулфия Давлатбоевалар кунига 180-200 килограммдан, Матлуба Жуманиёзова, Мунира Қурбонбоева, Омонбой Муродбоев, Нилуфар Муродбоева ҳамда Дилором Жумамуротовалар ҳар куни 150-180 килограммдан пахта теришмоқда. Илғор теримчилар орасида мавсум бошидан бери 4-5 млн сўм даромад олганлари ҳам бор. Терилган ҳар бир килограмм пахта учун мавсум бошиданоқ 750-800 сўмдан иш ҳақи берилди. Хўжалигимизнинг пахта тайёрлаш режаси ошиб борган сари теримчиларга бериладиган иш ҳақини ҳам ошириб борганимиз ўзининг самарали натижасини берди ва етиштирилган ҳосилнинг барчасини биринчи навга топширдик.

Теримчиларимизнинг кайфияти баланд. Чунки айни кунда ҳар бир килограмм пахта учун ўртача 1100 сўмдан ҳақ тўлаяпмиз. Ўз меҳнати самарасидан мамнунлик ҳисси билан меҳнат қилаётган теримчиларимиз фидойилиги туфайли хўжалигимизда терим суръати ҳамон юқори. Механизаторлар Даврон Нуруллаев, Қуват Жуманиёзов, “Жумуртов” нефтебазасига қарашли ҳудуд бўйича ёнилғи-мойлаш шахобчаси оператори Худойберган Чакановларнинг ўз вазифаларини сидқидилдан бажараётганлари, теримчилар учун дала бошида иссиқ овқат ташкил этилиб, доимий равишда чой қайнатиб берилаётгани боис, иш унуми янада юқори бўлмоқда.

Мавсум охиригача яна 10 тонна ҳосил йиғиштириб олиб, туманимизнинг, мамлакатимизнинг улкан пахта хирмонига ўз ҳиссамизни қўшамиз.

Pобия ЙЎЛДОШЕВА суҳбатлашди.

Янгиликни бўлишинг: