"Жайхун садоси" радиосини тингланг!
Валюталар курслари
  • 1 USD = 8181.08 +1.34
  • 1 EUR = 9427.06 -41.77
  • 1 RUB = 122.73 -3.84

СПОPТ ҲАФТАЛИГИДА 36 МИНГ 600 НАФАPДАН ЗИЁД ЁШЛАP ИШТИPОК ЭТДИ

Жисмоний тарбия ва спорт масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда Президентимиз томонидан республика тақвим режаси доирасида ҳар йили оммавий спорт тадбирларини ўтказиб бориш вазифаси берилган эди. Шунга кўра, биринчи бўлиб Қорақалпоғистон Pеспубликасида намуна тарзида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида “Ёшлар спорт ҳафталиги” ташкил этилди.

Қорақалпоғистон Pеспубликасидаги барча туманлардаги каби бизнинг туманимизда ҳам ўтказилган ушбу ҳафталикда турли спортлар бўйича мусобқалар ташкил этилди. Спортнинг стол тенниси, гимнастика, волейбол, шахмат-шашка, кураш ва бошқа турлари бўйича ўтказилган мусобақаларда 600 нафардан зиёд ёшлар иштирок этдилар. Ҳафталик давомида ўтказилган эрталабки бадантарбия машғулотларига эса жами 36 мингдан зиёд ёшлар қатнашиб, кунни завқли бошладилар.

1 ва 2 октябрь кунлари туман спорт мактабида стол тенниси бўйича очиқ биринчилик ўтказилди. Унда туманимиздаги умумтаълим мактабларидан 81 нафар ўқувчи иштирок этди. Қизғин ўтган мусобақада 1-ўрин ғолиблиги 40-сон мактаб ўқувчиси Шаҳзод Жумабоевга, 2-ўрин 5-сон мактаб ўқувчиси Диёрбек Аллабергановга, 3-ўрин 15-сон мактаб ўқувчиси Достон Жуманазаровга берилди. Қизлардан эса 31-сон мактаб ўқувчиси Ҳуршида Қўчқоровага 1-ўрин, 36-сон мактаб ўқувчиси Ирода Қурбонбоевага 2-ўрин, 27-сон мактаб ўқувчиси Гулмира Байрамбоевага 3-ўрин ғолиблиги берилди.

3 октябрь куни туман Маданият ва аҳоли дам олиш марказида спортнинг бадиий гимнастика тури бўйича ўтказилган очиқ биринчиликда 5-7, 8-9, 10-13 ёш тоифадаги спортчи қизлар иштирок этдилар. Мусобақаларда гимнастика усулларини нафис ҳаракатлар билан намойиш этиб, ўз маҳоратини кўрсатган қизлардан ғолиблар сараланиб олинди. Якуний натижаларга кўра, 5-7 ёшдагилар тоифаси бўйича 31-сон мактаб ўқувчиси Зуҳра Жумабоева 1-ўрин, 6-сон мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчиси Лобарой Арраббоева 2-ўрин, 17-сон мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчиси Суғдиёна Бектемирова эса 3-ўринни эгалладилар.

Шунингдек, 8-9 ёшдаги қизлар ўртасида ўтказилган мусобақаларда 30-сон мактаб ўқувчиси Маҳлиё Тоирова 1-ўринга, 55-сон мактаб ўқувчиси Асалой Арабова 2-ўринга, 1-сон мактаб ўқувчиси Севинч Муродбоева 3-ўринга эга бўлдилар. Мусобақанинг 10-13 ёшдагилар тоифаси бўйича эса 31-сон мактаб ўқувчиси Севара Жабборбергенова 1-ўрин, 55-сон мактаб ўқувчиси Pухшона Муҳаммадсолиева 3-ўринни қўлга киритишга муваффақ бўлдилар.

Спорт ҳафталиги беллашувлари 4 октябрь куни ҳам давом эттирилди ҳамда 160 нафардан зиёд ёшлар Амударё академик лицейи спорт зали ва майдончаларида волейбол, футбол бўйича бўлиб ўтган мусобақаларда иштирок этдилар. Волейбол бўйича ўтказилган мусобақаларда Амударё мелиорация ва сув хўжалиги касб-ҳунар коллежи жамоаси 1-ўрин, НДПИ қошидаги 3-сонли Амударё академик лицейи жамоаси 2-ўрин, Амударё агробизнес касб-ҳунар коллежи жамоаси 3-ўрин ғолиблари бўлдилар. Футбол мусобақаларида эса Амударё маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи жамоаси 1-ўрин Манғит иқтисодиёт коллежи 2-ўрин, Дўрман қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи ўқувчилари 3-ўрин ғолиблигини қўлга киритдилар.

Ҳафталикнинг 5 октябрь куни шашка бўйича ўтказилган мусобақаси Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши ва Ногиронлар жамияти туман бўлими томонидан ташкиллаштирилди. Ундан ташқари, туман Жисмоний тарбия ва спорт бўлими билан ҳамкорликда шахмат бўйича ҳам мусобақа ўтказилди.

“Ёшлар спорт ҳафталиги” 6 октябрь куни давом эттирилиб, Иттифоқнинг туман Кенгаши ва туман Жисмоний тарбия ва спорт бўлими ҳамкоригида ёшлар ўртасида кураш мусобақалари ўтказилди. Мусобақаларнинг барча ғолиблари ташкилотчилар томонидан “Фахрий ёрлиқ” ва совғалар билан тақдирландилар.

Ҳафталик доирасида ўтказилган барча мусобақаларда спортчи ва спортга қизиқувчи ёшлар беллашиш билан бирга ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатликни ҳам мустаҳкамлашди.

Озода Худойберганова.

Янгиликни бўлишинг: